Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:09

Марказий Осиëнинг оғриқли юраги


Тошкентда очилган халқаро фотокўргазма танқидчиларига кўра¸ кўргазмага қўйилган суратларда камбағаллик ва ҳақсизликдан қадди букилган ўзбекистонликлар турмуши акс этмайди.
Тошкентда очилган халқаро фотокўргазма танқидчиларига кўра¸ кўргазмага қўйилган суратларда камбағаллик ва ҳақсизликдан қадди букилган ўзбекистонликлар турмуши акс этмайди.

Ўзбекистонни қадим ва фаровон юрт қилиб кўрсатувчи Тошкентдаги халқаро фотокўргазмага қасдма-қасд ҳуқуқ фаоллари мамлакатдаги ҳақсизликдан ҳикоя қилувчи муқобил кўргазма ҳозирлаëтирлар.

“Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг юраги. Маданиятлар чорраҳаси” номли фотокўргазма ташкилотчиларидан бири “Экономическое обозрение” журнали ходими кўргазмадан кўзланган мақсад мухтасар тавсифлашга уринди.

- Бу кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад хорижий фуқаролар суратга олган Ўзбекистондаги замонавий ҳаётни акс эттирувчи фотографияларни кўрсатиш орқали маданиятлар яқинлашувига, халқлар бир-бирини яхши тушунишига кўмаклашишдан иборат, де ди кўргазма ташкилотчилари вакили.

Унга кўра, бу йил тўртинчи марта ўтказилаётган фотокўргазма 13 мартга қадар давом этади.

- Бу йилги фотокўргазмага 250та фотосурат қўйилган. Ундан ташқари аввалги кўргазмаларда энг яхши деб топилган 50та фотосурат ва фоторепортажлар намойиш қилинади.

Бундан ташқари фотокўргазмада Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган фотоэкспозициялар ҳам бор, дейди “Экономическое обозрение” журнали ходими.

Ташкилотчилар кўргазмага хорижлик фуқаролар Ўзбекистонда олган ўз фотосуратларини жўнатганини айтмоқда. Аммо халқаро ташкилотлар вакиллари бу кўргазмада Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаётни, яъни бойлар ва камбағаллар ўртасидаги катта фарқни акс эттирувчи фотосуратлар йўқлигини иддао қилмоқда.

Шундай ташкилотлардан бири Белгиядаги “Зўравонликка қарши оналар” номли аёллар халқаро уюшмасидир.

- Фотокўргазма орқали, хорижлик мухбирлар тақдим этган фотосуратлар орқали Каримов Ўзбекистонни ўзи учун қулай бўлган вазиятда кўрсатишни хоҳлайди. Ўша гўзал минораларни, яъни, у ҳокимият тепасига келишидан олдин яратилган нарсаларни кўрсатишни хоҳлайди.

Бунинг ўрнига Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаёт, яъни, ҳокимиятдаги амалдорлар ҳаёти ва ҳокимият вакиллари ўзбошимчалигидан ҳимоя қилишни сўраб¸ бизга мурожаат қиган ўзбекистонликлар ҳаёти кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўларди, дейди “Зўравонликка қарши оналар” номли аёллар халқаро уюшмаси раиси Алия Салахова.

Унга кўра, бу ташкилот интернет орқали Тошкентда ўтказилаётган фотокўргазмага муқобил бўлган фотокўргазма ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Алия Салахова “Зўравонликка қарши оналар” ташкилотининг “Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг оғриқли жойи. Кескин фарқ” номли фотокўргазмада қатнашишни хоҳлаганлар 26 февралдан бошлаб ўз фотосуратларини жўната бошлаганларини айтади.

- Биз ўз фотокўргазмамизни 10 мартдан бошлаб очишни режалаяпмиз. Биз кеча фотокўргазма ҳақида эълон берган эдик. 27 февралгача бизга 70 га яқин фотосурат жўнатишди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Алия Салахова ўз ташкилоти фотокўргазма ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга ҳаракат қилишини айтди.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари нафақат ҳал этилмаган, балки бу ечими йўқ муаммо бўлиб қолмоқда. На Европа Иттифоқи¸ на Европа парламенти ва на бошқа халқаро ташкилотлар бу борада Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши мумкин бўлган воситани топа олаяпти.
Уларнинг чақириғига Ўзбекистон расмийлари қулоқ солмаяпти. Европа Иттифоқи ўз санкцияларини бекор қилаяпти, ўз тавсиялари ва маслаҳатларини ўзи писанд қилмаяпти. Бу бизнинг сиёсий кенгашни хавотирга соляпти.

Шу боис биз нимадир қилиш кераклигини, инсон ҳуқулари оғир бўлган бу мамлакатдаги вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ярамаслиги ҳақида Европа ва дунё жамоатчилигини воқиф қилиш учун имкониятимиз доирасида курашишга ҳаракат қиляпмиз, дейди “Зўравонликка қарши оналар” номли аёллар халқаро уюшмаси раиси Алия Салахова.
XS
SM
MD
LG