Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:28

Янги ва янги, хилма-хил


Ўзбекистондаги аёллар мардикор бозорлари ҳам кейинги йилларда пайдо бўлган янги "ишхона"лардан бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистондаги аёллар мардикор бозорлари ҳам кейинги йилларда пайдо бўлган янги "ишхона"лардан бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистонда янги иқтисодий муносабатлар ҳамда иқтисодий қийинчиликлар туфайли сўнгги йилларда илгари - совет даврида бўлмаган янги ва антиқа касб-ҳунарлар пайдо бўлди.

Тошкентда мардикорлик қилиб юрган сурхондарёлик Чори мардикор бозорда танишгани - ҳамкасбига уйланди.

Азиз тингловчи, бу хабарни эшитиб чўчиманг: Чоривой эр кишига уйлангани йўқ. Албатта, кўҳликкина қиз болага уйланди. Фақат қизгина ҳам мардикор.

Мардикор дейилганда ўзбекистонликнинг кўз олдига қўқон аравадай-қўқон аравадай тўнкаларни кўз очиб-юмгунча ёриб, тахлаб қўядиган паҳлавонгина келмайди.

Мардикор дейилганда ўзбекистонликнинг кўз олдига бўйни қисиқ қизлару¸ камқон жувонлар ҳам келадиган бўлиб қолганига анча бўлди.

Бугун гап касб-ҳунарлар тўғрисида.

Илгари - совет даврида бўлмаган, янги иқтисодий муносабатлар ҳамда иқтисодий қийинчиликлар туфайли пайдо бўлган янги касб-ҳунарлар тўғрисида гапирмоқчимиз.

Балки касб-ҳунарлар эмас, янги фаолият турлари десак, тўғрироқ бўлар?

Нега бундай аниқлик киритаётганимиз боисини мақолани ўқиш давомида ўзингиз илғаб оласиз.

Қўғирчоқсозлар

Самарқандлик Карим аканинг айтишича, янги иқтисодий муносабатлар кўплаб маҳаллий ҳунармандларнинг совет даврида боғлаб қўйилган қўлларини ечиб юборди.

Карим ака: Мустақиллик бўлгандан кейин касб-ҳунар жуда авжига олиб кетди. Ҳар бир хонадон ўзининг билганича ўз ҳунарини кўрсатди. Ҳозир яхши.

Мана бизнинг Ургутимизда кўриб турибмиз - бозорда касб-ҳунарлар чунонам авж олиб кетган. Улар бир биридан яхши¸ сифатли нарсалар ишлаб чиқараяпти.Уни ҳаттоки чет давлатнинг завод ва фабрикалари ишлаб чиқармайди.

Мен ўзбекларнинг шунақа ҳунармандлик¸ касбдорлигидан жуда хурсанд бўлганман.

Озодлик: Демак, совет даврида бўлган касблар ривожланибди. Совет даврида бўлмаган, янги пайдо бўлган ҳунарлардан ҳам борми?

Карим ака: Жуда кўп. Мана ëш болаларимиз учун қўғирчоқлар¸ ҳар хил най, ҳуштаклар. Ҳар бир хонадонда касбдорлар бор. Ўша вақтда ўша нарсалар йўқ эди. Ҳозир болалар ўйнайдиган янги қўғирчоқ турлари ишлаб чиқараяпти. Кўрсангиз, ҳайрон қоласиз.

Озодлик: Бу қўғирчоқлар нимадан ясалади?

Карим ака: Ëғочдан¸ айримлари пластмасса материаллардан ҳам ишлаб чиқараяпти. Ҳар хил айиқ¸ қўғирчоқларни ишлаб чиқараяпти. Фақат қайтадан лекин.

Демак, ургутлик қўғирчоқсозлар ўз маҳсулотлари учун хом ашё сифатида ёғочу илгари ташлаб юбориладиган пластмасса буюмлардан фойдаланмоқда. Пластмассани қайта ишламоқдалар.

Умуман, қайта ишлашга ўзбекистонлик фикри югурик, қўли чаққон ҳунармандларнинг эътибори катталигини сездик бугунги мақолани тайёрлаш жараёнида.

Шундай қилиб, сўз яна бир касб тўғрисида.

Тагликчилар

Бир тингловчимизнинг айтишича, кейинги йилларда фарғоналиклар эски шиппакларини ахлатхонага ташлаб юбормайдиган бўлиб қолган.

- Одамларнинг оëғида таги резинка бўлган шиппак бўларди. Шу резинкаларни одамлар қайтадан қўлда қуйишаяпти. Саноат усулида эмас¸ қўлда қилишаяпти. Ўзлари тайëрлашган қолипларига қуйишаяпти. Қайтадан қуйиб яна бозорга олиб чиқиб сотишаяпти. Бунақа нарса илгари умуман бўлган эмас.

Озодлик: Эски шиппакни тўплаб келиб, қозонда эритишадими?

- Энди ўзларининг махсус ускуналари бор. Айтаяпман-ку уни ҳам ихтиро қилишган ëки чет мамлакатдан олиб келишган. Мана шунақа қилишиб¸ ташлаб юборилган нарсаларни ишлатишаяпти, хуллас. Ҳозир лўлилар шу тапочкаларни битта қўймай йиғиштириб юришибди. Шуни олиб бориб топширишаяпти¸ бозорда эса тагликлар сотилаяпти.

Демак, эски шиппакларнинг таглиги учун харидор ҳар доим бор. Фақат шиппак жудаям эски бўлса, кийгулиги қолмаган бўлса. Бироз жири бўлса, ўша шиппак бошқа бозорга - эски-тускилар бозорига бориб тушади.

Ўзбек – савдогар халқ. "Бозор очилса¸ Ойга помидор обориб сотади ўзбек", деган ҳазил бежиз пайдо бўлган эмас.

Лекин шундай бўлса-да, ўзбек ҳеч қачон эски нарса сотмаган – ор қилган.

Эски нарса сотиб олмаган – ор қилган.

Шунинг учун ҳам русча "барахолка" сўзининг ўзбекча эквиваленти йўқ.

Лекин кейинги йилларда Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида ўзбекча барахолкалар пайдо бўлди.

Бу бозорларда эса эскифурушлар савдо қилади.

Эскифурушлар

Намангандаги барахолкани тасвирлаб беришни собиқ мухбиримиз Носир Зокирдан илтимос қилдик.

- Мана Наманганда халқнинг тилида “алкашбозор” дейиладиган бир бозор бор. Ўша ерда хоҳлаган нарсангизни топишингиз мумкин. Ўша радиодан бошлаб оддий телефонгача дейсизми¸ яна бошқа нарсалар дейсизми - ҳаммасидан бор.

Ўша одамларнинг олдига бориб жуда кўп гаплашганман. Мана, масалан, Ëқубжон деган акамиз борлар. У киши илгари телефон тармоғида ишлаган. Ҳозир у киши эски-эски телефонларни олиб¸ тирикчилик нуқтаи назаридан ўша телефонга бозордан майда-чуйда нарсаларни олиб¸ қўйиб ишлатиб¸ ўша ернинг ўзида 5-6 мингдан сотади.

Ўшаларни мен атайлаб бориб суриштирганман¸ кўриб билганман. Олий маълумотли одамлар ҳам бор. Ўшаларнинг жуда кўпчилиги ўқитувчилар. Ҳар хил латта-путталарни олиб чиқиб сотиб ўтиради.

Эскининг умри қисқа. Қолаверса, ўзбекистонликларнинг ҳаммасиям эскига қараб қолгани йўқ.

Янги замонда пайдо бўлган янги касблардан яна бири ҳам савдо-сотиққа алоқадор.

Сайёр савдогарлар

Совет даврида ҳам бўлар эди сайёр савдогарлар, лекин улар сут-қатиқ сотишдан нарига ўтишмасди, тўғрироғи, ўтказишмасди, дейди андижонлик Бурҳон ака.

Бугунги сайёр савдогарлар сотадиган товарларнинг ассортименти жуда кенг:

Бурҳон ака: Улар сотмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Масалан, тайëр кўрпа-тўшаклар¸ болишлар сотилади. Фақат пахта тиқиш керак, холос. Элак сотилади¸ угра қилганда ишлатиладиган сеткали чўмичлар сотилади¸ супурги сотилади¸ тапочка сотилади¸ ҳатто пластмассадан қилинган ҳалиги сиз айтган тапочкаларнинг эскиларига ликоб беришиб, алмаштириб сотилади.

Сунъий қиëмларни қилишиб¸ ичига ҳалиги Ҳожибой Тожибоев айтганидай, асаларини ўлигидан ташлашиб¸ "асал" деб сотишади. Улар сотмайдиган нарсанинг ўзи йўқ.

Озодлик: Сиз айтаëтган нарсалар маҳаллаларда уйма-уй юриб¸ хонадонларнинг эшигини тақиллатиб сотиладиган нарсаларми?

Бурҳон ака: Албатта. Эшикни тақиллатиб “Ая¸ тоға” деб чақиради. У олиб келдим¸ бу олиб келдим, дейди. Бир хилларини кўрсангиз, раҳмингиз келади. “Сиздан олдинги аëлдан асал олган эдик” десангиз¸ ялиниб туриб олади. Оқшоқ бўлса ҳам¸ макка бўлса ҳам¸ гуруч бўлса ҳам олиб чиқинг¸ дейди. Эшикма-эшик юриб сотишади.

Озодлик: Йўқ¸ бундай бўлса керак. Сизга оқшоққа асални сотади¸ оқшоқни сиздан олиб¸ қўшнига сотса керак.

Бурҳон ака: Улар оқшоқни олиб¸ ўзининг одамлари бор¸ энди ҳозир одамлар ҳозир жуда ишбилармон бўлиб кетди. Биров “оқшоқни тортиб¸ мурчга қўшади”, дейди¸ биров “ширмонга қўшади”, дейди. Энди тўплаб олиш кетишиб, уни ҳам топширадиган ери бор. Топшириб тирикчилик қилишади. Энди мен ким қаерга сотишини аниқ айта олмайман.

Хуллас, янги замонда ўзбек бозорга эмас, бозор ўзбекнинг уйига борадиган бўлиб қолди.

Лекин сайёр савдогарлар учун бу касб қанчалик меҳнату азоб, хўрланишлар олиб келаётганини уларнинг ўзларию ёлғиз Худо билади.

Ўзбек савдогарининг мақоми баландроқлари ҳам бор.

Мақоми баландлар кўчама-кўча, эшикма-эшик юрмайди. Катта бозорларнинг расталарида, янаям бойроқлари ўзларининг дўконларида ўтиради.

Лекин уларнинг ҳам ўзларига яраша ташвишлари бор. Ташвишлар молни чегарадан ўтказиш, божу бошқа солиқларни тўлаш билан боғлиқ.

Божу солиқни эса, айниқса, уларнинг ҳажми ҳаддан зиёд катта бўлса, ҳеч кимнинг тўлагиси келмайди.

Мана шундай шароитда Ўзбекистонда яна бир фаолият тури, у билан шуғулланувчилар пайдо бўлди.

Ямшчиклар

Биз айтаётган ямшчикларнинг рус тарихидаги ямшчикларга – аравакашларга мутлақо алоқаси йўқ.

Келинг, Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош туманларидан бирида яшовчи тингловчимизнинг ҳикоясини эшитайлик.

- Собиқ иттифоқ даврида бўлмаган, лекин ҳозирда жуда ривожланиб кетган битта касб тури - чегарадан товар олиб ўтишда, масалан, Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтишда "яма"га эгалик қилиш. Маълум одамнинг уйига импорт товарлар тўпланади. Ўша жой "яма" дейилади.

Тўпланган товар эвазига ўша уйнинг эгасига маблағ¸ қандайдир сумма берилади. Кейин кундуз куни Фарғонадан¸ Тошкентдан, асосан, Қўқондан киракашлар келиб¸ бу юкларни олиб кетишади. Кечқурун чегарадан олиб ўтишса¸ кундузи Нексияларда ташишади. Ана шу уйнинг эгалари ҳам анча даромадли бўлиб қолишади.

Озодлик: Демак, уларни "яма" сўзидан келиб чиқиб¸ "ямшчик" дейиш мумкин экан-да?

- Тўппа-тўғри. Шундай деса бўлади. Уларнинг тирикчиликлари асосан шундан.

Озодлик: Ўша ямалар чегара масканидан божхона пунктидан қанчалик узоқликда бўлади?

- Энг узоғи - 500 метр узоқда бўлади. Лекин улар чегара яқинидаги уйларда бўлади.

Озодлик: Чегарачилар ëки божгирлар ўша ямалар борлигини билмайдими?

- Ямалар борлигини улар билишади. Бунақа товар олиб ўтиш чегарачиларга ҳам¸ масъул ходимларга ҳам анча қўл келади. Чунки улар кўрмасликка олиб, анчагина даромад қилишлари ҳам мумкин. Улар кўрмасдан туришади ва кўрмаганликлари эвазига қандайдир улушга эга бўлишади. Менимча, тушунтира олдим шекилли.

Биз ҳам тушуниб олдик, шекилли.

Товарларни чегарадан олиб ўтиш билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли яна бир янги касб пайдо бўлган. Бу касб эгаларини шартли равишда экспедиторлар деб аташ мумкин.

Экспедиторлар

Қорасув бозорида ишлайдиган бир савдогар йигит биз "экспедитор" деб атаганимиз касб эгасини мана бундай таърифлади:

- Ўртамчи ташийди.

Озодлик: Нима дегани бу?

- Ташиб, ўша мижозларга етказиб беради.

Озодлик: Бунақа касб ҳам борми?

- Ҳа. У ерда заказ қилишади¸ бу ердан олиб¸ ўзининг фойдасини қўйиб¸ уларга олиб бориб беришади. Дейлик, Тошкентда туриб, битта телефон олиб келиб беринг, дейди. Улар олиб бориб беришади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, экспедиторлар, одатда, учар йигитлар бўлади. Уларнинг борлиги савдогарлар учун катта қулайлик: савдогар йўлкира сарфламайди, "яма"лар эгаларига тўламайди, йўллардаги текширувчиларга узатмайди – йўлдаги барча хавф-хатарни экспедитор ўз зиммасига олади.

Экспедиторларнинг борлиги йўллардаги текширувчилар учун ҳам катта қулайлик: узатилиши керак бўлган пора ҳажми устида оддий савдогар билан баъзида бўлиб турадиган тортишувдан батамом қутуладилар. Экспедитор тушунадиган йигит: текширувчининг ҳам тирикчилиги бор.

Азиз тингловчи, бугун янги замоннинг янги касб-ҳунарлари тўғрисида ҳикоя қилдик.

Янги иқтисодий муносабатлар бераётган имкониятлар туфайли пайдо бўлган қўғирчоқсозлар ҳақида, қимматчилик туфайли пайдо бўлган тагликчилар ва эскифурушлар ҳақида, иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишга тиришиб-тирмашаётган сайёр савдогарлар ҳақида ва ниҳоят коррупция маҳсули бўлган ямшчиклар ва экспедиторлар ҳақида ҳикоя қилдик.

Ўзбек жамиятининг бугун тилга олганимиз жиҳати манзарасини тўлиқлайдиган яна қандай янги касб, ҳунар ёки фаолият тури бор?

Бу ҳақда бизга ёзиб юборинг. Сиздан келадиган хабарлар асосида бугун тузганимиз янги касб-ҳунарлар рўйхатини тузишни давом эттирамиз.
XS
SM
MD
LG