Линклар

logo-print

“Оддий халқ иноқ яшаяпти”


Тожик-қирғиз чегараларидаги баҳсли ҳудудлар ҳар иккала мамлакат фуқаролари учун ҳамон оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда.

Тожик-қирғиз чегараларидаги баҳсли ҳудудлар ҳар иккала мамлакат фуқаролари учун ҳамон оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда.

Сўнгги пайтларда Қирғизистон матбуотида тожикистонликларнинг қўшни давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олаётганлиги ҳақидаги иддаолар баралла янграмоқда.

Қирғизистоннинг 24.kg сайтида чоп қилинган хабарда Сўғд вилояти аҳолиси қўшни Боткен вилоятига қарашли Лайлак туманида қарийб 700 гектар ерни ноқонуний эгаллаб олгани ҳақида гапирилган.

Бироқ Қирғизистон чегара хизмати вакиллари журналистларга бундай маълумот бермаганларини айтмоқдалар.

- Биз 24.kg мухбирларига бундай маълумот берганимиз йўқ. Чунки чегара муаммоси ва демаркация масалалари ҳукумат доирасида кўрилади, дейди Қирғизистон чегара хизматининг ўз исмини ошкор қилмаган мулозими.

Хўш, Қирғизистон томонининг тожиклар қирғиз ерларини ўзлаштириб олаётгани ҳақидаги иддаоси нақадар ҳақиқатга яқин?

Тожикистонлик таҳлилчилар ва олимлар Қирғизистон томонининг бу иддаосини рад этмоқдалар.

Хусусан, тожикистонлик академик Раҳим Масовга кўра, совет даврида маҳаллий хукуматлар қарори билан Боткен вилоятига қўшни бўлган Исфара туманидан то Мастчоҳи Кўҳистон туманигача бўлган қарийб 350 километр масофадаги 80 минг ер Қирғизистон томонига берилган. Шунингдек, уч йил олдин Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Мурғоб тумани ҳудуди ерларидан ҳам Қирғизистонга ажратиб берилган.

- Бироқ бу тадбир қонун билан мустаҳкамланмаган. Зеро, ҳар бир ҳужжат сессияда парламент депутатлари томонидан тасдиқланиши лозим. Шунинг ҳам Қирғизистон томонининг аслида Тожикистон ерларига бўлган даъволари асоссиздир, дейди Масов.

Тожик академиги фикрича, токи икки давлат ўртасида чегара демаркацияси ишлари охирига етказилмас экан, бу ерлар баҳсли бўлиб қолаверади.

Вилоят ҳукуматининг ахборот ва таҳлил маркази раҳбари Илҳом Жамолиёнга кўра, 2008 йилда вилоятда тожик ва қирғиз расмийларининг чегара масалаларига бағишланган ҳукуматлараро учрашуви бўлиб ўтган.

- Учрашувда чегаралар шартли равишда белгиланганди. Икки давлат расмийлари имзолаган ҳужжатга мувофиқ, чегаралар қонуний жиҳатдан белгилаб олингунга қадар баҳсли ҳудудлардан ҳар икки давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга, дейилган. Шундай экан, Қирғизистон томонининг бу иддаолари ўринсиз, дейди Илҳом Жамолиён.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сиёсатчилар баҳслашади, бир-бирини айблайди - халқ эса ўз тирикчилиги билан овора.

Қирғизистон билан чегарадош бўлган Бобожон Ғафуров, Жаббор Расулов, Спитамен, Исфара туманлари аҳолиси билан сўзлашганимизда, суҳбатдошларимиз қўшнилар ўзаро аҳил яшаётганликларини айтдилар.

Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани билан Қирғизистоннинг Лайлак туманини фақат катта автомобил йўли ажратиб туради.

Қистакўз қишлоғида истиқомат қилувчи Жамшид Холиқовнинг айтишича, бу ерда яшайдиган икки республика эли бир-бировига аралашиб кетган.

- Ёнма-ён яшаймиз, бирор марта жанжал қилганимиз йўқ. Қабристонимиз бир, битта дарёдан сув ичамиз. Битта ерда деҳқончилик қиламиз. Оддий халқ иноқ яшаяпти.

Лекин мансабдорлар келиб, “бу ерлар Қирғизистонга қарашли”, дея бизни ҳайдамоқчи бўлишади. Ахир бу ерларда отамнинг отаси яшаган, деҳқончилик қилган, дейди Жамшид Холиқов.
XS
SM
MD
LG