Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:18

Қозоқлар аҳолини рўйхатга олаяпти


Аҳолини рўйхатга олиш анкеталаридан рўйхатга олинувчиларнинг қайси динга мансублигидан тортиб улар топаётган даромадгача бўлган 45 савол ўрин олган.
Аҳолини рўйхатга олиш анкеталаридан рўйхатга олинувчиларнинг қайси динга мансублигидан тортиб улар топаётган даромадгача бўлган 45 савол ўрин олган.

Қозоғистонда 25 февраль куни бошланган аҳолини рўйхатга олиш жараёни мақсадлари ҳақида расмийлар бир фикрни, оддий қозоғистонликлар эса бошқа фикрни айтмоқдалар.

Қозоқ расмийларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш жараёни мамлакат аҳолисининг аниқ сонини, бугунги кунда Қозоғистон ҳудудида қандай миллат вакиллари истиқомат қилаётганини ва Қозоғистондаги оилалар даромади даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мустақил Қозоғистон тарихидаги илк аҳолини рўйхатга олиш жараёни 1999 йилнинг 25 февралидан то 4 мартига қадар ўтказилганди. Ўшанда расмийлар мамлакат аҳолиси сони 14 миллион 953 минг кишини ташкил қилишини маълум қилгандилар.

1999 йилдаги маълумотга кўра, қозоқлар мамлакат аҳолисининг 40,1 фоизини ташкил қилганди. Қозоғистон давлат статистика агентлигининг келтиришича, 2008 йилнинг 1 июлидаги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси сони 15 миллион 677 минг кишига етган:

- Одамлар аҳолини рўйхатга олиш жараёнига онгли ёндошсалар, анкетадаги барча саволларга тўғри жавоб берсалар, бу мамлакатдаги аҳоли сони бўйича тўғри маълумотга эга бўлишга, демографик жараённи тўғри кузатиб боришга ёрдам беради, - дейди Олмаота шаҳар статистика департаментининг бошлиқ ўринбосари Саулехон Шиназбаева.

Айни пайтда қозоғистонликларнинг айримлари аҳолини рўйхатга олиш жараёнида Қозоғистондаги миллий озчилик вакиллари ҳуқуқлари камситилиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Чимкентлик Абдумалик Сармоновнинг айтишича, Қозоғистонда яшаётган ўзбеклар сони ҳар галги аҳолини рўйхатга олиш жараёнида камайтириб кўрсатилади:

- Аҳолини рўйхатга олиш Қозоғистонда биринчи маротаба амалга оширилмаяпти, лекин унинг қанчалик объективлиги ҳамиша турли саволларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиб келган.

Масалан, Қозоғистонда ўзбекларнинг қанчалиги ёки Жанубий Қозоғистондаги ўзбеклар сони. 1989 йилдаги маълумотга кўра, Жанубий Қозоғистондаги ўзбеклар сони 340 минг деб кўрсатилган.

Ўшанда бери статистика бўйича маълумот ўша сонни кўрсатиб келади. 1999 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида ручка билан кўрсатилиши керак бўлган жойларда аҳолига қалам билан ёздиришган. Бу эса ўша орқали миллий озчилик вакиллари бўйича бошқа маълумот ёзиш имконини берган.

1999 йилдаги маълумот 1989 йилдаги маълумот билан деярли бир хил бўлди.

Қозоғистонда яшаётган миллатлар сони бўйича ўзбеклар учинчи ўринда.

1995 йили жанубий қозоғистонлик ўзбекларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга кўчган эди, аммо уларнинг деярли 90 фоизи яна Ўзбекистондан қайтиб Қозоғистонга келишди, - дейди Абдумалик Салмонов.

Аммо чимкентлик Лола опа Абдумалик Сармоновнинг фикрига қўшилмайди:

- Бу аҳолини рўйхатга олиш жараёни одамларнинг ҳаётини билиш учун ўтказилади-ку. Қандай яшаяпти - ўртачами ё яхшими? Унақа одамлар сонини камайтириб бериш учун эмас, пропискада қанча одам бўлса, ҳаммасини ёзишади.

Переписни ўтказиш учун 5-маротаба келишаяпти. Ҳаммасини ёзиб бердик. Ўрта маълумотимиздан то олий маълумотимизгача. У ўзбекларни камайтириб, қозоқларни кўпайтириб бериш учун ўтказилмайди, - дейди чимкентлик суҳбатдош.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида мамлакатнинг барча фуқаролари, жумладан, айни пайтда Қозоғистон ҳудудида яшаётган хориж давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги йўқ бўлган шахслар ҳам иштирок этадилар.

Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни доимий яшаш жойи Қозоғистон бўлган, аммо айни кампания вақтида хорижий давлатда бўлган қозоғистонликларга ҳам тааллуқлидир.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёни ихтиёрий ҳисобланиб, унда иштирок этишни истамаган ёки ўзи ҳақида ёлғон маълумот берган киши Қозоғистон қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилмайди.

25 февраль куни бошланган мазкур тадбир 6 март куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG