Линклар

logo-print

Баҳор даракчиси бойчечакни кўтариб олиб, кўчама-кўча шеъру қўшиқ айтиб юрган болакайларни шу кунда Марказий Осиёнинг турли гўшаларида учратиш мумкин, шу жумладан, Тожикистон пойтахти Душанбеда ҳам.

“Бойчечак айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга...”

Ана шу мисраларни айтиб, уйма-уй бойчечак кўтариб юрган душанбелик болакайлардан бирини суҳбатга тортамиз. Исми Толибжон бўлган бу суҳбатдошимизнинг ёши 8 да экан.

У ҳар йил баҳор келса, акалари ва тенгдошлари билан бирга қир-адирларга чиқиб, баҳор гулини териб келишини, кейин катталарга баҳор бошланганидан хабар бериб, суюнчи олишини айтади:

Толибжон: Ҳар йил баҳорда бойчечак чиқса... кейин айтиб келамиз. Шеър ўқисак пул, ширинлик беришади.

Озодлик: Кўпроқ кимнинг уйига борасизлар?

Толибжон: Кимки пул берса, ўшанинг уйига борамиз-да.

- Пул бермайдиганлар ҳам бўладими? - сўраймиз Толибжоннинг тенгқури Аҳмадбекдан.

- Ҳа, бўлади. Кейин биз: “Бу уйнинг орқасида латта-путта, латта-путта, бу уй эгасининг думбаси катта”, деб қочиб кетамиз, дейди шумтака болакай.

Душанбелик Роҳила аянинг айтишича, бойчечак жуда қадимдан эл орасида улуғланиб келинган. “Чунки у баҳор бошлангани, табиат уйғонганидан дарак берувчи муродбахш, умид гули”, дейди ая.

Шунинг учун ҳам:

- Эски вақтда бойчечак кўтарган болалар ҳар бир хонадонга киришганида ўйин-кулгу қилишар экан катталар. Катта онам шундай дердилар.

Айтишларича, қадимда уч қизи бўлган бир хонадон жуда хор зорликда яшашар экан. Егани бир бурда нони ҳам йўқ экан. Кунлардан бир кун
Бойчечак кўтарган бир кампир эшикдан кирибди.

Эшикни очган қизларга мана бу бойчечак нима тилакларинг бўлса, тиланглар, дебди. Кейин қизлардан бири хонадонга осойишталик, иккинчиси бахт, учинчиси дунёда тинчлик бўлишини тилабди, дейди кўпни кўрган онахон.

Роҳила ая ҳали бу йил бойчечакни кўзига суртиб улгурганича йўқ экан.

- Агар бойчечакни қўлимга олсам, Худодан фарзандларимга омонлик, дунёда тинчлик бўлишини сўрардим. Жамики мўмин-мусулмонлар муродларига етсин. Арзончилик, тинчлик бўлсин дунёда, деб тилак қиламан, дейди суҳбатдош.

Биз ҳам онахонга “муродингиз ҳосил бўлсин” дея йўлда давом этамиз.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Хурсаной опа бу йил бойчечак кўриб, Худодан мурод сўраганини айтади.

- Бойчечакни кўзга суртиб ният қилиш ота-боболаримиздан қолган одат. Чунки уни ҳеч ким экмайди. У Оллоҳнинг қудрати билан тоғда униб чиқадиган гиёҳ. Шунинг учун азиз.

Бу йил ҳам яхши ниятда кўзга суртдик “янаги йилларга соғ-саломат етайлик”, деб. Ҳар йил шунақа қиламиз. Мана, баҳорларга етаяпмиз, тинчлик бўлаяпти, дейди Хурсаной опа.

Аммо ўзбегу тожик халқлари орасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу удумдан ёшларнинг ҳаммаси ҳам хабардор эмас экан.

- Бойчечакни кўза суртиб, ният қилиш борасида эшитганмисиз? – сўраймиз ўзини Баҳодир деб таништирган суҳбатдошимиздан

- Йўқ, ҳеч қачон, дейди Баҳодир.

- Сизчи? - сўраймиз яна бошқа бир йигитдан.

- Йўқ, эшитмаганман.

- Бирор ниятингиз борми?

- Ҳа, бор,бой бўлишлик, - дейди суҳбатдошимиз.

Олимжон исмли суҳбатдошимиз эса баҳор бошлангани, табиат уйғонганидан дарак берувчи бу гиёҳ ёшу қари, бою камбағал учун баравар хурсандчилик улашишига ишонади.

- Унинг яхши хосиятларидан бири шу, дейди Олимжон.

Болаликдан мажруҳ Олимжон Душанбега туташ Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган қишлоқлардан бирида яшайди.

Қорли тоғдан узиб келган бойчечакларини шаҳарликларга сотиб тирикчиликдаги кам-кўстини битказишини айтади:

- Энди тирикчиликда, синглим. Ҳар кун 50 тагача бойчечакни бир сомонийдан сотиб оилам учун уч-тўрт танга ишлайман, - дейди Олимжон.

Бойчечак улашиш тадбири тожикистонликлар орасида март ойи биринчи даҳасига қадар давом этади. Унгача кимдир яратгандан тилак тилаб, яна кимдир тирикчилиги учун уч-тўрт танга ишлаб қолади.
XS
SM
MD
LG