Линклар

logo-print

"Геосиёсий жараён ўзгарувчан"

  • Садриддин Ашур

Сиёсий таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро муносабатларида "учинчи давлат ҳеч қачон холис ҳакам бўла олмайди".

Сиёсий таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро муносабатларида "учинчи давлат ҳеч қачон холис ҳакам бўла олмайди".

Қурултой рукнининг бу галги сони Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга ташрифи ва ана шу ташриф атрофидаги масалаларга бағишланди.

Қурултойнинг бу галги дастурида Москвадан сиëсий таҳлилчи Санобар Шерматова¸ Тошкентдан сиëсатшунос Фарҳод Толипов¸ Туркманистонга чегарадош Хоразм вилоятидан Суҳбат Абдулла ва Норвегияда муҳожирликда яшаëтган Улуғбек Бакиров иштирок этади.

Марказий Осиë давлатлари мустақилликка эришгач, ўтган 18 йил давомида собиқ туркманбоши бор-йўғи икки марта Ўзбекистонга келган эди. Лекин Қурбонқули Бердимуҳаммедов президентликка сайланганидан сўнг икки йил орасида икки марта Тошкентда меҳмон бўлди. Ислом Каримов ҳам бу орада Ашхободга бориб келди.

Хўш, бу нимадан дарак беради? Бошқа қўшни давлатлар раҳбарлари билан яхши чиқишмаётган Ўзбекистон президенти ёш ва янги сайланган президентдан ўзига янги дўст ва ҳаммаслак ахтараяптими ёки бу ҳақиқатан ҳам қўшничилик муносабатларини яхшилашга қилинаётган ҳаракатми?

Суҳбат Абдулла: Бу табиий бир ҳол эди. Чунки Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг табиатида янгиликка интилиш¸ Марказий Осиë республикаларининг бир-бирига яқинлашиши каби нарсалар олдиндан мавжуд эди.

У президент бўлиб сайланганидан кейин бу соҳадаги ўз концепцияларини очиқ баëн қилди. Шунинг учун биринчи қадамни Қурбонқули Бердимуҳаммедов қўйгандан кейин унга қарши бир неча жавоб қадамлари ташлана бошлади.

Охир-оқибат, бу нарса иккита президентнинг Тошкентда учрашувига олиб келди. Бош сабаб мана шундан иборат.

Фарҳод Толипов: Менинг ўйлашимча¸ биз бугунги кунда муҳим жараëннинг гувоҳи бўлаяпмиз.

Яъни ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон қўшниси бўлган Туркманистон қайсидир маънода халқаро ва минтақавий изоляциядан секин-аста чиқа бошлаб¸ халқаро ишларда ва айниқса минтақавий ишларда иштирок эта бошлаяпти.

Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларининг янги даражага кўтарилаëтганини биз фақат ижобий баҳолашимиз мумкин.

Бугунги кунда Туркманистон раҳбари қилган ташриф кетидан биз шундай хулоса қилишимиз мумкинки¸ январ ойидан бошлаб минтақавий содир бўлаëтган бир қатор сиëсий жараëнлар бир-бирига боғлиқ.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бугунги кундаги юқори даражадаги учрашуви мана шу жараëнларнинг¸ мана шу тенденцияларнинг рамзий маънода занжирнинг элементи сифатида кўрилса керак.

Мен нима демоқчиман? Биз шу кунларда қўшни Афғонистонда катта бурилиш бўлиши арафасида турибмиз¸ жиддий ўзгаришларни кутаяпмиз. Мана шундай бир пайтда Ўзбекистон-Туркманистон давлатлари ўртасидаги олий даражадаги учрашуви мана шу тенденциянинг, занжирнинг бир элементи. Яъни Афғонистон масаласи бу учрашувнинг марказида бўлса керак, деб ўйлайман.

Санобар Шерматова: Менимча¸ Ўзбекистон ва Туркманистон лидерларининг мувофиқлаштирувчи ҳаракат бошлашганининг изоҳи бор. Марказий Осиёдаги сиёсат лидерларнинг шахсий сифатлари билан белгиланади.

Туркманистонга янги, ёш раҳбарнинг келганлиги Ислом Каримовнинг Туркманистонга боғлиқ эски хотираларини унутишга ундамоқда. Бу икки раҳбар мулоқотни янги саҳифалардан бошлади ва бу ижобий умид беради.

Улуғбек Бакиров: Фарҳод аканинг январ ойидан бери бўлаëтган воқеаларнинг бир-бирига боғлиқлиги тўғрисидаги фикрлари тўғри. Мен қисқача қилиб айтадиган бўлсам¸ ҳозир Ўзбекистон қандайдир маънода янги сиëсий жараëнлар ичида юрипти.

Бу жараëнлар яхши бўлиб кетса¸ яхши. Лекин бунга ҳеч ким ҳеч қандай кафолат бера олмайди. Чунки Каримовнинг тез-тез тўнини тескари кийиб оладиган одати бор.

Бундан ташқари, Қурбонқули Бердимуҳаммедов сиëсатда ҳали ëш ва катта тажрибага эга эмас. Каримов деярли президентлик давридан олдинги даврни қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак 30 йилдан бери сиëсатда. Қурбонқули Бердимуҳаммедов эса яқин 10 йилликда сиëсатга кириб келган.

Бу билан мен айтмоқчиманки¸ Каримов ҳозир ўзига иттифоқчи қидираяпти. Унинг Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқалари яхши эмас.

Бунда ташқари, булар иккаласи бўлса¸ Каримов ўзини яна ҳам дадилроқ сезади, айниқса, газ ва энергетика соҳасида янги нархлар қўйилишида Бердимуҳаммедов қандайдир маслакдош бўлаяпти.

Озодлик: Тўғри айтдингиз¸ Каримов жуда кўп тўнини тескари кийиб олади ва ўнглаб ҳам олади. Бу нарса Ўзбекистон-Россия ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатларида жуда кўп кўзга ташланган.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ривожланиб, минтақада ўзбек-туркман иттифоқчилиги пайдо бўладиган бўлса¸ бу Марказий Осиëдаги сиëсий вазиятга қандай таъсир кўрсатади? Бунинг орқасидан минтақада янги бўлиниш¸ бошқача айтганда, янги гуруҳбозлик пайдо бўлмайдими?

Фарҳод Толипов: Менинг ўйлашимча¸ гуруҳбозлик пайдо бўлмаса керак. Чунки бизнинг таҳлилимиз ва менинг тадқиқотим ҳам шуни кўрсатаяптики¸ буни икки сўз билан ифодалаш осон эмас.

Марказий Осиë геосиëсий жараëнларида геосиëсий трансформацияда преверсив бир ҳаракат кузатилаяпти. Яъни орқага қайтиш¸ илгари юриш¸ орқага қайтиш¸ илгари юриш каби бир хусусият кўзга ташланаяпти.

Бу дегани геосиëсий ҳолат ҳали мустаҳкам ўрнашиб қолмаган ва бу жараëн ўзгарувчан. Шунинг оқибатида Марказий Осиë мамлакатларининг ташқи сиëсий ҳаракатлари ҳам ўзгарувчан бўлиб кузатилаяпти.

Бу тўхтаб қолган ëки ўрнашиб қолган ҳолат эмас. Шунинг учун ҳам гуруҳбозлик бўлишига менинг шубҳам бор.

Лекин бугунги бўлаëтган ташрифнинг минтақавий қандай ўлчами бўлиши мумкин ва қандай оқибати бўлиши мумкин деган саволга қайтсак¸ мен конкрет иккита-учта масалага эътиборни қаратган бўлардим. Чунки айнан шу масалаларга Каримов ва Бердимуҳаммедов матбуот учрашувида ҳам эътибор қаратгандай бўлишди.

Аввало Афғонистон масаласи бўйича батафсил маълумотлар берилди. Яъни шу анжумандан фойдаланиб бизнинг президентимиз ҳам Афғонистон масаласига яна бир бор эътиборни қаратди. Менинг ўйлашимча, бу бежиз эмас.

Мен эътибор берган томон шу бўлдики¸ президентнинг “Бу масалада кўп томонлама форматлар ëки ташкилотлар воситачилик қилишига қаршимиз” деб айтган гапини МДҲ нинг жамоа хавфсизлик тизими деган ташкилотнинг аралашуви ëки воситачилик хизматларига қарши, деган маънода тушунаяпман.

Бундай ҳолатларда бевосита конкрет давлатларнинг ўзининг аҳамияти бор. Хусусан, Ўзбекистоннинг аҳамияти бор ва Афғонистон масаласида ўз сиëсатини ўзи мустақил равишда белгилайди, деган фикр айтилгандай бўлди.

Афғонистонга ëрдам бериш масалаларида Туркманистон ҳам иштирок этиши мумкин, деган бир ишора бўлди. Демак, конкрет масалалар кун тартибига қўйилган бўлса керак, деб тахмин қиламан.

Қолаверса, мен юқорида бир-бири билан бевосита ëки билвосита боғлиқ воқеалар ривожланади, деб айтдим. Хусусан, ўшалардан бирини эслатишни лозим, деб топаяпман.

Куни кеча Қирғизистон ҳукумати ўз ҳудудидан Америка базасини олиб чиқиб кетилиши ҳақида қарор қабул қилди. Яъни биз ҳозир Қирғизистоннинг ғалати сиëсатига гувоҳ бўлдик.

Халқаро коалиция Афғонистон масалалари бўйича биздан¸ яъни Марказий Осиëдан ëрдам ошишини ва ҳисса қўшилишини кутаëтган бир пайтда Қирғизистон нимагадир тўнини тескари кийиб олгандек бўлиб узоқлашди, деб тушунишимиз мумкин.

Мана шундай бир шароитда табиий ҳолатда Ўзбекистоннинг роли ошиб боради. Шу билан бирга, Туркманистоннинг ҳам роли пайдо бўлиши мумкин, деб тахмин қиламиз.

Бу учрашувда яна бир масалага урғу берилди. Бу сув масаласи. Мен бу учрашувдан шундай хулоса қилдимки¸ Ўзбекистон ва Туркманистон сув масаласида ўз позициясини билдирди.

Шу пайтгача Қирғизистон билан Ўзбекистон ëки Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги бўлаëтган можаролар чигаллашгани сари Ўзбекистон учун Туркманистоннинг позицияси жуда муҳим эди.

Яъни Ўзбекистон бу масалаларда якка ўзи эмас¸ бу фақат Ўзбекистон ўзининг субъектив фикрларидан келиб чиққан ҳолда Тожикистон ëки Қирғизистондан муайян бир қарорларни кутаяпти ëки талаб қилаяпти дегани эмас¸ "мана, керак бўлса, Ўзбекистоннинг тарафдори бўлмиш Туркманистон ҳам шундай позицияда турибди", деб намойиш этилаяпти.

Бундай масалаларда бу тўғри қарор қабул қилиш учун яхши иттифоқдошчилик, деб тушунаяпман. Биз ҳозир Марказий Осиë сиëсатида ўзгарувчан ҳолатни кузатаяпмиз.

Мана шундай ўзгарувчанликни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ҳам тобора ривожланаверса¸ ўзгарувчанлик хусусиятини бартараф этишга ëрдам беради, деб ўйлайман.

Охир-оқибат минтақанинг бошқа давлатлари ҳам айнан минтақавий ҳамкорликни юқори даражага кўтариш кераклиги ҳақида ўйлаб¸ интеграцион жараëнларга қайтиши мумкин, деб тахмин қиламиз. Тўғри, бу идеалистик қараш бўлиши мумкин. Бундай қарашларга ҳозирча асос бор.

Лекин биз агар Европа интеграциясини қараб чиқсак¸ Европа мамлакатлари орасида биздан-да кўпроқ муаммолар учраган, интеграциядан ортга қайтиш ҳолатлари кўп учраган. Лекин шунга қарамасдан, европаликлар ўзининг бўлажак сиëсий интеграциясидан воз кечмаган эди. Мана шундан биз сабоқ олсак бўлади.

Озодлик: Фарҳод ака, мана Қирғизистондан АҚШ базасининг чиқарилиши бу мамлакатнинг яна Россия томон оғаëтганини кўрсатди. Тожикистон ҳам ўз гидроэнергетик иншоотларини қуришда Россиядан умидини узгани йўқ. Қозоғистон ҳатто Марказий Осиëдаги ягона электр системасидан чиқиши ҳақида эълон қилди.

Бундай вазиятда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг биргалашиб, Ғарбнинг минтақадаги геосиëсий ва энергетик манфаатлари қўрғонига айланишини тахмин қилиш мумкинми? Ҳар қалай¸ иккала давлат ҳам ўз газини Европага сотувчи улкан лойиҳаларга - Набуккони назарда тутаяпман - қизиқиш кўрсатиб келмоқда.

Қолаверса¸ улар иқтисодий бўҳрондан зарба еган Россиядан яқин келажакда катта сармоя чиқмаслигини билиб турибдилар.

Фарҳод Толипов: Биласизми, АҚШ таҳлилчилари шундай масалани кўтарганда битта нарсага кўпроқ урғу беришади. Бизнинг ва Россиянинг таҳлилчилари эса бунга камроқ эътибор беришади.

Яъни демоқчиманки, қандай лойиҳа тўғрисида гап борса - қувурларни ëтқизишми¸ энергертикани транспортировка қилишми – буларнинг ҳаммаси иқтисодий ҳисоб-китобдан ўтган бўлиб¸ ўзини оқловчи¸ фойда келтирувчи лойиҳалар бўлиши керак. Бу жараëнларда фақат бозор қонуниятлари ишлаши керак.

Қандайдир геосиëсий аралашувлар¸ қудратли давлатларнинг устуворлиги¸ ўз томонига тортиши каби тенденцияларга қарши чиқиш керак, деб ҳарбий кузатувчилар таъкидлайди. Буни расмийлар ҳам таъкидлайди.

Мана шуни биз кўпинча тушунмай қоламиз ва қандайдир лойиҳалар гапирилса¸ бунинг орқасида бир фитна бордек. АҚШ ва ЕИ марказий осиëликларни ўз томонига оғдирмоқчи, Россия эса марказий осиëликларни ўз таъсир доирасидан чиқариб юбормоқчи эмас, деган жуда юзаки фикрлар айтилади.

Мен бу борада доим битта фикрни айтаман. Албатта мен иқтисодчи эмасман. Иқтисодчи балки бу масалани тўғрироқ ëритар. Лекин бозор иқтисодиëти айнан шуни талаб қиладики¸ бозор қонуниятлари асосида иш юритилиши керак.

Қайси лойиҳа қандай фойда келтирса¸ кимнидир четлаб ўтиш¸ кимгадир зарар келтириш, деган фикрларни четлаб ўтган ҳолда, шунга қараб танлов бўлиши керак. Набукко бўлса Набукко ëки мана Туркманистоннинг Хитой томонга юборишга келишуви бор.

Бу лойиҳалар фойда келтирса¸ шуғулланиш керак¸ амалга ошириш керак.

Суҳбат Абдулла: Гап шундаки¸ Ўзбекистон-Туркманистон учрашувларида Афғонистон масаласи кўпроқ тилга олинаяпти. Мен бу фикрга унчалик ҳам қўшилавермайман. Сабаб шундаки, агар АҚШ хоҳласа¸ бошқа региондан ўзига ëрдам берадиган воситачи давлат топиб олиши қийин эмас.

Қирғизистоннинг АҚШ базасини чиқариб юбориши бу катта йўқотиш эмас. Лекин бу ерда гап бошқа нарса ҳақида кетаяпти. Афғонистон муаммоси АҚШ учун ҳам¸ Россия учун ҳам¸ бошқа регионлар учун ҳам эскирган мавзу.

Лекин айни пайтда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг яқинлашуви Эрон масаласини кун тартибига қўймоқда. Вазият шундай бўлаяптики¸ АҚШ билан Эрон ўртасидаги муносабатлар жуда кескинлаша бошлади. Бу ўзининг юқори нуқталарига яқинлашиб келаяпти.

Шу муносабатдан қараган ҳолда Туркманистоннинг геополитик ҳолатини ҳисобга оладиган бўлсак¸ у Эроннинг ëн қўшниси. Бу ерда бир сиëсий ўйин ëтмаганмикин?

Янги сиëсий ўйинларга жой ҳозирланмаëтганмикин? Бу вазият жаҳондаги маълум кучлар учун маълум бир вазиятларни яратмаëтганмикин?

Бу бизнинг Эрон масаласини ўйлаб кўришни ëдимизга солади. Менимча, шунинг учун ҳам Афғонистон масаласида урғу бермаслик керак.

Озодлик: "Бўлинганни бўри ер¸ айрилганни айиқ" маталидаги каби Марказий Осиë ҳукуматлари сиëсати тобора бир-биридан узоқлашиб¸ улар ўртасидаги зиддият кучайиб бораëтган бир вазиятда Россия¸ АҚШ¸ Хитой¸ ЕИ каби қудратли ўйинчилардан минтақа давлатлари ўртасидаги келишмовчиликларда ҳакамлик қилишни кутиш қанчалик ўринли? Улар қанчалик адолатли ҳакам¸ қози бўла олади?

Санобар Шерматова: Учинчи давлат ҳеч қачон холис ҳакам бўла олмайди. Зеро, ҳар бир давлат ўз миллий манфаати юзасидан иш кўради. Бу давлатларнинг манфаатлари минтақадаги давлатларнинг манфаати билан қанчалик мувофиқ келади - бу энди бошқа масала.

Менимча, энг аввало, Марказий Осиё қудратли давлатларнинг қўлида ўйинчоқ ва уруш майдони бўлиб қолиш ҳолатидан қочиш керак. Ваҳоланки, Кавказ мана 20 йилдан буён ана шунда ўйинлар ва урушлар майдонига айланиб қолди.

Агар АҚШ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи ўз мақсадларини Марказий Осиëда мувофиқлаштирса¸ бу албатта энг идеал вариант бўларди. Чунки минтақани иқтисодий депрессив холатдан чиқариш учун ана шу қудратли давлатлар кучларини мувофиқлаштириши лозим.

Лекин бунга эришиш қийин, менимча, чунки катта ўйинчилар бир-бирига рақобатчилардир. Афсуски, улар ҳозирча ўз манфаатларидан бошқа нарсаларни ўйлаётганлари йўқ.

Суҳбат Абдулла: Катта ва қудратли давлатлар ҳеч қачон Ўрта Осиëдаги давлатлар учун ҳакамлик қила олмайди. Улар бу давлатларга фақат координаторлик вазифасини бериши мумкин. Улар ҳеч қачон ҳакам бўла олмайди. Фақат координатор бўлиши мумкин.

Ҳақиқатан битта-иккита тўғри фикрлар айтилди. Тўғридан тўғри координацияни ривожлантириш, яъни мамлакатлар ўртасидаги интеграцияга олиб келадиган координацияни ривожлантириш бевосита ҳозирги президентлар зиммасига ва виждонига тушиб турган нарса.

Мана шу ўтган 20 йил давомида биз мафкура демократиясидан валюта демократиясига ўтдик. Валюта демократиясида бош архитектор кўзга кўринмади.

Энди Марказий Осиë давлатлари учун бош архитекторлик вазифасини иккита мамлакат бажармоқчи бўлиб турибди. Биринчиси Россия¸ иккинчиси Хитой.

Фарҳод Толипов: Бу жуда мураккаб савол албатта. Бунга қисқа жавоб бериб бўлмайди. Бу ҳам жуда катта тадқиқотларни тақазо қилади. Ўзбекистон-Туркманистон раҳбарлари учрашувидан кейин Каримов матбуот анжуманида қандайдир воситачи бўлишига қарши фикрларни айтди.

Бу муаммоларни ўз манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда қила оламиз ва қиламиз¸ дегандай фикр ҳам айтди. Бу ҳам Ўзбекистон ҳозир ўзининг сиëсатини анча мустақил равишда олиб боришга интилаëтганидан далолат беради.

Мустақилликнинг 1991 йилдан бери ўтган даври анча-мунча нарсани бизга кўрсатди ва биз ҳам анча-мунча нарсани ўргандик.

"Ташқи сиëсатда бир давлатга оғиш бўлса¸ бу бошқа давлатларда салбий реакцияни қўзғатиши мумкин" деб, биз ҳозир ягона бир мамлакатнинг ҳакам бўлмаслигига интилаяпмиз ва масалаларга ўзимизнинг манфаатимиздан келиб чиққан ҳолда ëндашаяпмиз, деб айтилаяпти расмий даражада.

Амалда қанчалик шундай бўлаëтгани бу иккинчи масала. Лекин мана шундай баëнотларнинг ўзи ҳам кўрсатаяптики¸ олдинги даврдан анча сабоқ олинди.

Ўзбекистоннинг мана шундай геосиëсий вазиятда¸ мана шундай қуршовда ўзининг мустақил сиëсатини юргизиши осон эмас. Жуда кўп сиëсий ўйинчилар Ўзбекистонга¸ умуман минтақага таъсир қилаяпти. Нафақат таъсир ўтказаяпти - мана, Қирғизистон мисолида кўришимиз мумкин - босим ҳам ўтказаяпти.

Бундай шароитда оқилона ташқи сиëсий стратегияни ишлаб чиқиб юргизиш осон эмас. Менинг ўйлашимча¸ узоқдаги қудратли давлатларнинг ҳакамлигидан кўра¸ ўзимиз учун энг олий ҳакам қўшни давлатлардир.

Лекин, афсуски, ҳозиргача Қозоғистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон ўзимизнинг бирлигимиз¸ якдиллигимиз ҳар қандай кучли давлатнинг иродасидан кучлироқдир, деган нарсага етиб боргани йўқ. Минг афсус.

Шу маънода Санобар Шерматованинг фикрлари асослидир. Лекин бу ҳозирги ҳолат. Давр ҳам¸ шароит ҳам ўзгаради. Менинг ўйлашимча¸ халқлар ва раҳбарларга интеграцион жараëн ҳар қандай сиëсий бурилишлардан муҳимроқ эканлиги етиб борар.

Лекин ҳозир, афсуски, биз тескари ҳолатни кузатаяпмиз. Қозоғистон ҳам¸ Қирғизистон ҳам¸ Тожикистон ҳам назарини ë АҚШга¸ ЕИга¸ ë Россияга қарата ë ҳакамликни, ë воситачиликни кутаяпти.

Афсуски¸ "олдингдан оққан сувни қадри йўқ" дегандай улар ҳар қандай йироқдаги давлатдан яқиндаги қўшни яхши, деган фикрдан йироқда. Биз йирик муаммоларни ечишга йироқдаги йирик давлатларни таклиф қилаверар эканмиз¸ билингки, геосиëсий жараëнлар тўхтамайди¸ марказий осиëликлар бир-бирига ишонмаслик ҳолатида ривожланаверади.

Озодлик: Сизнинг айтганларингиз Криловнинг масалидаги оққуш¸ қисқичбақа ва чўртанбалиқни эслатди. Аравани ҳаммаси ҳар ëққа тортгандан кейин бирортаси бирор ëққа торта олмайди.

Умуман, Марказий Осиë давлатлари бирлашмас экан¸ раҳбарлар шахсий амбицияларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб¸ ўртада музокарани ҳал қилмас экан¸ қудратли давлатларнинг бу ердаги ўйинлари давом этаверади. Сиз нима дейсиз, Улуғбек?

Улуғбек Бакиров: Албатта¸ мен ҳам шу фикрдаман. Мен буни оддий сўзлар билан шундай изоҳламоқчиманки¸ Марказий Осиëдаги қўшниларнинг ўзаро алоқалари ишонч¸ айниқса самимийлик замирида қурилмас экан, шундай нарса бўлаверади.

СССР тарқалганидан кейин ўтган 4-5 йил давомида Каримов Ўрта Осиëга лидерликни даъво қилди. Лекин Қозоғистон президенти ўзининг оқил сиëсати билан уни орқада қолдириб кетди.

Аламзада Каримов ҳозир яккаланиб қолган. Нафақат Ўрта Осиëда¸ балки бутун дунëда унинг олдинги аҳволи қолмаган. Чунки у кимга қандай муносабатда бўлаëтган бўлса¸ қолганлар ҳам унга шундай муносабатда бўлаяпти. Бу табиий албатта.

Биз Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гаплашаëтган эканмиз¸ бу муносабатларнинг оддий халққа унчалик фойдаси бўлишига кўзим етмаяпти.

Кечаги учрашувда ҳам мана кўпроқ хавфсизлик масалаларини ҳал қилишди. Саккизта расмий ҳужжатдан олтитаси миллий хавфсизлик ва куч ишлатар салоҳиятга эга бўлган ҳужжатлардир.

Озодлик: Мен шу ҳақда Суҳбат Абдуллага мурожаат қилмоқчи эдим. Чунки бу киши Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош бўлган Шовот туманида яшайди. Кейинги икки йилда муносабатлар яхшиланди¸ дейилаяпти. Чегаралардаги вазият ўзгардими? Борди-келдида эркинлик бўлдими?

Суҳбат Абдулла: Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент бўлганидан кейин чегарада кўзга кўринарли ўзгаришлар бўлгани йўқ. Ҳамон эскилигача қолмоқда. Лекин халқнинг кўнглида илиш пайдо бўлди. "Қаттиқликлар юмшайди¸ чегаралар очилади. Қариндош-уруғчилик анъаналари яна давом этади" деган фикрлар пайдо бўлган эди.

Улуғбек Бакиров: Бердимуҳаммедов чегара масаласида енгиллик истайди, деб мана юқорида айтишди. Лекин ҳамма нарса Бердимуҳаммедовнинг ўзига боғлиқ эмас.

Бердимуҳаммедовнинг ҳозир олдига қўйган мақсади Туркманистонни Ниëзов давридагидан янги Туркманистонга айлантириш. Бу албатта қийин нарса. Чегара масаласида кўп жиҳатлар Каримовга боғлиқ.

Бердимуҳаммедов ҳам Каримов истагига қараб, ҳисоблашмаса бўлмайди. Лекин шу ўринда яна бир нарсани айтмоқчиманки¸ Бердимуҳаммедовнинг Каримовга жуда ҳам қовоғи учиб тургани йўқ. Чунки у Каримовнинг ишончли ҳамкор эмаслигини билади. Лекин ўртадаги Хитой билан шартнома ва бошқа қизиқишлар Бердимуҳаммедовни шунга мажбур қилаяпти.

Чегара олдида яшовчи одамларнинг айтишларича¸ Ниëзов даврида чегараларда отишмалар бўлган экан. Ҳозир отишмалар йўқолибди. Ҳали отишмалар ҳақида гап кетаëтган бўлса¸ чегаралар очилиб халқлар ўртасидаги яқинликкача ҳали гап узоқ.

Фарҳод Толипов: Менда қисқача бир қўшимча бор эди. Маълумки¸ 2005 йили Марказий Осиë ҳамкорлик ташкилоти деган ташкилотимиз бор эди. Россия Марказий Осиë давлати бўлмасдан туриб¸ унга аъзо бўлган эди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас бу ташкилот ëпилди ва Евросиë иқтисодий ҳамкорлиги билан бирлаштирилди.

Мана шу мисолдан ўзинглар хулоса қилаверинглар. Марказий Осиë давлатлари ўзларининг ўртасида интеграцион жараëнларни давом эттирмоқчи бўлса ҳам¸ қандайдир геосиëсий омиллар аралашиб¸ бу жараëнни ë секинлаштиришади¸ ë тўхтатиб туришади.
XS
SM
MD
LG