Линклар

Ироқ АҚШ ҳарбийларини кузатишга тайёрланмоқда

  • Ҳасанжон

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий АҚШ қўшинлари Ироқдан чиқиб кетганидан кейин маҳаллий хавфсизлик кучлари ва ҳарбий структуралари мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлашга қодир бўлишига ишонади.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий АҚШ қўшинлари Ироқдан чиқиб кетганидан кейин маҳаллий хавфсизлик кучлари ва ҳарбий структуралари мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлашга қодир бўлишига ишонади.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий 2010 йил август ойи охирига қадар Ироқдаги АҚШ ҳарбийларининг миссияси “бутунлай ўзгариши”ни ва бунга ироқликлар тайёр бўлиши кераклигини айтди.

АҚШ президенти Барак Обама Америка кучлари 18 ой ичида Ироқдаги жанговар операцияларни тугатишини айтганидан бир кун кейин – 28 феврал куни Маликий ана шундай баёнот берди.

Маликий ўтказилган синовлар натижасида Ироқнинг хавфсизлик кучлари ва ҳарбий структуралари мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлашга қодир бўлиши аниқланганини билдирди.

Бош вазир улар тўплаган тажриба мамлакат хавфсизлиги учун масъулиятни АҚШ кучларидан “ўз зиммаларига тўлиқ олиш имконини бериши”ни урғулади.

Али Ҳотам Бағдод кўчаларида хизмат вазифасини бажараётган Ироқ полицияси ходимларидан бири.

- Биз, миллий полиция кучлари, АҚШ қўшинлари 2011 йилда мамлакатдан олиб чиқилгунича хавфсизликни таъминлаш ва тартибни сақлаш имкониятига эга бўламиз.

Агар улар ҳозир олиб чиқилса ҳам биз мамлакатда хавфсизликни таъминлашга тайёр бўламиз, дейди Али Ҳотам.

Маликийнинг билдиришича, 27 феврал куни АҚШ президенти Барак Обама билан телефон орқали сўзлашув пайтида у Ироқдаги исёнчилар ва хорижий унсурларга қарши курашда Ироққа ҳарбий ёрдам кўрсатилишига рози бўлган.

Обама АҚШ кучлари 2010 йил август ойига қадар Ироқдаги жанговар операцияларни тўхтатишини айтган. Унга кўра, 2010 йилдан кейин Ироқда Американинг 35 – 50 минг ҳарбийси қолиши режаланмоқда. Бу кучлар хавфсизликни таъминлашда Ироқ ҳарбийларига ёрдам беради.

Шимолий Каролина штатидаги ҳарбий флот базасида чиқиш қилган Барак Обама Бағдод ҳукумати билан “2011 йил охирига қадар АҚШ қўшинларининг ҳаммасини Ироқдан олиб чиқиш ҳақида” имзоланган шартнома бажарилишини ваъда қилди.

Бағдодда яшовчи Оят исмли фуқаро Ройтер мухбири билан суҳбатда буни олқишлади.

- Ироқ кучлари масаласида, менимча, ҳозир уларнинг тайёргарлиги охирига етмаган. Уларнинг тайёргарлиги 60 фоизга ҳам етмаган бўлиши мумкин.

Обаманинг баёнотини, шубҳасиз, аксар ироқликлар қўллаб-қувватлади. Чунки улар АҚШ кучлари мамлакатдан олиб чиқишилини хоҳлашади.

Аммо мен келажакни башорат қилолмайман. Чунки мен нималар бўлаётганига тушунолмай қолдим. Биз Америка кучлари Ироқни тарк этишини хоҳлаймиз, деди бағдодлик фуқаролардан бири.

Ироқ вице-президенти Тариқ ал-Ҳошимий Ироқдан АҚШ кучларини олиб чиқиш ҳақидаги президент Барак Обаманинг режасини олқишлади.

Айни пайтда Ҳошимий Вашингтон Ироққа ёрдам бериш масъулиятидан соқит эмаслигини айтди. Шунингдек, у Ироқда қонун устиворлигини таъминлаш учун Бағдод ҳукуматига Американинг ёрдами кераклигини қўшимча қилди.

Барак Обама ўз нутқида 2010 йил августидан кейин АҚШ кучларининг роли тубдан ўзгаришини улар фақат Ироқ қўшинларини тайёргарликдан ўтказиш, техника билан таъминлаш ва уларга маслаҳат бериш билан шуғулланишини айтди.

Ҳозир Ироқда АҚШнинг 142 минг ҳарбийси бор. Оқ Уй режасига кўра, 2010 йил 31 августга қадар 92 мингдан 107 минггача бўлган ҳарбий Ироқдан олиб чиқилади.
XS
SM
MD
LG