Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

Тожиклар муҳлат сўрамоқда


Тожикистон расмийлари тарқатган маълумотларга қараганда, тожик-ўзбек чегарасида кўмилган миналар 2000 йилдан буён 80 нафар тожикистонликнинг ҳаётига зомин бўлган.
Тожикистон расмийлари тарқатган маълумотларга қараганда, тожик-ўзбек чегарасида кўмилган миналар 2000 йилдан буён 80 нафар тожикистонликнинг ҳаётига зомин бўлган.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази бу мамлакат ҳудудини миналардан тозалаш тадбирини яна 10 йилга узайтирмоқчи. Бу ҳақдаги лойиҳа 28 феврал куни Тожикистон ҳукумати тасдиғига юборилган.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабов донор давлатлар Тожикистоннинг миналарни зарарсизлантиришга доир эҳтиёжларини қондира олмаётгани сабабли ҳам марказ республика барча ҳудудларини миналардан тозалаш тадбирини яна 10 йилга узайтиришга қарор қилганини билдирди.

- Миналарни зарарсизлантиришга доир ажратилаётган маблағлар бизнинг истакларимизга тўғри келмайди ва харажатларимизни қопламайди.

Бундай муаммолар дунёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд. Шунинг учун бўлса керак, донорлар зарар кўрган ҳамма давлатларга зарур тарзда ёрдам бера олмайди, яъни маълум бир фоиз маблағ ажратади, холос, деди Ражабов.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон 1999 йилда Оттава конвенциясини имзолаган Тожикистон келгуси йилнинг 1 апрелига қадар ўз ҳудудини миналардан батамом тозалаб улгуриши керак эди.

Аммо Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази раиси бунинг ҳечам иложи йўқлигини таъкидлайди.

- Бу муддат ичида биз ўз мажбуриятларимизни бажара олмаймиз. Ўтган ўн йил мобайнида қилинган ишлар, ютуқ ва камчиликларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолда, биз ҳукуматдан миналарни тозалаш тадбири яна 10 йилга узайтирилиши таклифи билан чиқдик ва бу дастур бўйича лойиҳа ҳам ишланди, деди Жонмуҳаммад Ражабов.

Бирлашган миллатлар ташкилоти экспертлари ҳам Тожикистон ўз ихтиёрида қолган яна бир йил ичида мазкур мажбуриятларни бажара олмаслигини таъкидламоқдалар.

БМТнинг ўтган йил сўнгида эълон қилинган ҳисоботида Тожикистон ўз ҳудудидаги поёнсиз мина майдонларини тозалаш учун етарли пул ва техникага эга эмаслигига алоҳида урғу берилганди.

Миналарни зарарсизлантириш маркази масъули Ражабовнинг таъкидича, Тожикистон ҳудудидаги 16 миллион квадрат метрдан зиёдроқ тозаланмай қолаётган мина майдонларининг кўп қисми унинг Ўзбекистон билан чегараларида экан.

- Аммо ўтган шу ўн йил мобайнида чегараларни миналардан тозалаш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик йўлга қўйилмади. Чунки Ўзбекистондаги сиёсат бунга изн бермайди.

Бу ҳудудларда биз фақат аҳоли орасида тушинтириш ишлари олиб бориш билан чекланиб келдик, деди марказ расмийси.

Ражабовнинг маълум қилишича, 2003-2004 йилларда мазкур марказ олиб борган тадқиқотлар натижасида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида 57 та ўта хатарли майдон мавжудлиги аниқланган.

Миналар масаласи бўйича идора масъули икки давлат чегара ҳудудларини миналардан тозалаш борасида Ўзбекистон ҳукуматидан иш гуруҳи тузишни таклиф этиб, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали бир неча бор мурожаат этилганини, аммо қўшнилар улар таклифларини жавобсиз қолдирганларини айтади.

Миналарни зарарсизлантириш маркази расмийсининг билдиришича, ўтган шу давр ичида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида кўмилган пиёдаларга қарши миналардан 80 нафар тожикистонлик ҳалок бўлган ҳамда 100 киши бир умрга мажруҳ бўлиб қолган.

Исфара туманида яшовчи Ҳошимжон Мелибоев ўзбек-тожик чегараларида кўмилган миналардан асосан Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилояти аҳолиси зарар кўраётганини айтади.

- Биргина бизнинг Лаккон қишлоғимизда шу кунга қадар 11 киши минадан зарар кўрди. Шундан уч нафари нобуд бўлди, 2 нафари ногирон бўлиб қолди, қолганлари енгилроқ жароҳат олишди.

Яна бошқа ёмон томони шундаки, Ўзбекистон билан чегарамиз аниқланмаган. Чегаралар қаерда бошланиб, қаерда тугашини ҳеч ким билмайди. Натижада кўп ҳолларда болакайлар билмай, мина майдонларига кириб қолишади, деган эди биз билан бир суҳбатда Ҳошимжон Мелибоев.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабов жорий йил декабр ойида Колумбияда ўтказилиши кутилаётган Оттава Конвенциясига аъзо давлатлар йиғилишида Тожикистон томони миналарни тозалаш дастурини яна 10 йилга узайтириш таклифини ўртага ташлашини айтди.

Шу билан бирга, у Тожикистон таклифи йиғин иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.

Таҳлилчилар эса Тожикистон таклифи донорлар ва аъзо давлатлар томонидан эътиборсиз қолдирилса, Тожикистон келгуси 50 йилда ҳам ўз ҳудудини миналардан тозалай олмаслигини қайд этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG