Линклар

Қирғизистонга намойишлар фасли келди


Қирғиз мухолифати лидерлари бу гал норозилик намойишларга қанча одам олиб чиқа олишлари мумкинлигини айтмаяптилар.

Қирғиз мухолифати лидерлари бу гал норозилик намойишларга қанча одам олиб чиқа олишлари мумкинлигини айтмаяптилар.

Қирғиз мухолифати март ойи охирида намойишлар уюштиришни режалаб турган бир пайтда ҳокимиятга яқин партия вакиллари бу пайтда одамлар баҳорги дала ишлари билан андармон бўлишини таъкидламоқдалар.

Қирғиз мухолифатининг Бирлашган халқ ҳаракати баҳорги акцияларини уюштириш ҳаракат таркибига кирган барча сиёсий кучларга зиммасига юкланган.

Аммо мазкур ҳаракатнинг Миллий кенгаши аъзоси Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, буни бир ёқлама баҳолаб бўлмайди:

- Ҳар бир партия ўз ишига ўзи жавоб беради.Партиялар зиммасига юкланган юк залвори турлича бўлиши мумкин. Масалан, кимдир кўпроқ маблағ сарфласа, кимдир [намойишга] кўпроқ одам олиб чиқиши мумкин. Шунинг учун бунга бир томонлама баҳо бериб бўлмайди, дейди Ўмурбек Текебаев.

Унинг айтишича, акцияларга тайёргарлик чоғида юзага келган фавқулодда ҳолатлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши ва бу қарорлар ўзгариб туриши ҳам мумкин.

Аснода қирғиз мухолифатининг баҳорги акциялари ҳақида сўз кетганда, “бу сафар халқ ҳокимиятга қарши намойишга чиқмайди”, деган гаплар ҳам қулоққа чалинади.

Яқинда жой-жойларда халқ билан мулоқотда бўлиб қайтган депутатлардан бири, парламентдаги “Оқ йўл” фракцияси аъзоси Ибрагим Жунусов ҳозирда одамларни митинг-пикетлар эмас, балки баҳорги дала юмушлари кўпроқ андармон қилаётганини айтади.

- Ҳозир одамларни баҳорги дала ишларидан чалғитиб бўлмайди. Уларга ер шудгорлаш ишларини ўз вақтида бажариб олишларига имкон бериш лозим.

Мухолифат ҳар доим ё баҳорги дала юмушлари бошланган пайтда ёки кузги йиғим-терим чоғида одамларни шунақа ишларга ундай бошлайди, дейди депутат Ибрагим Жунусов норози оҳангда.

Депутатнинг фикрича, бу сафар халқ эътиборини ўзига жалб қилиш қирғиз мухолифатининг қўлидан келмайди.

Аммо Бирлашган халқ ҳаракати Миллий кенгаши аъзоси, “Оқ шунқор” партияси лидери Темир Сариев бу фикрга қўшилмайди. Унга кўра, ҳозирда расмийларнинг ўзи халққа қарши ишлаяпти:

- Акция ҳақида гап бошланиши билан “намойишчилар Оқ уйни (Ҳукумат уйи – таҳр.) босиб оларканлар”, деган хаёлга бормаслик керак.

Бошқа шаклдаги норозилик акцияларига халқ тайёр. Жой-жойлардан келаётган маълумотларга қараганда, Қирғизистон халқи иқтидордаги кишилар сиёсатидан тўйган.

Расмийлар мухолифат лидерларинигина таъқиб қилиш билан кифояланмай, ҳаракатимизга аъзо бўлган сиёсий партияларнинг турли ҳудудларидаги аъзоларини ҳам қўрқитиб, босим ўтказаяпти, дейди Темир Сариев..

Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий аҳволни маҳаллий кузатувчиларгина эмас, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам кузатиб бормоқдалар.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиёдаги вакили Пол Куинн-Жажнинг айтишича, иқтидордаги сиёсатчилар ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга қаттиқ ҳаракат қиладилар, мухолифатда эса якдиллик етишмаяпти:

- Охирги бир ярим йил ичида мухолифат ночор аҳволга тушиб қолди. Уларда маблағ ҳам, сиёсий якдиллик ҳам йўқ. Агар аҳвол шундайлигича қолса, уларнинг акциялари ҳеч қанақа натижа бермайди.

Бунинг устига мухолифатнинг асосини ташкил қилувчи ёш, жамоатчилик орасида ўз мавқеига эга, маблағ томонидан ҳам таъминланган одамлар йўқ бўлаяпти.

Шунинг учун буларнинг ҳокимиятдагиларга қарши кўчага чиқиш чорловига халқ қай даражада жавоб бера олишини мен айтолмайман, дейди жаноб Пол Куинн-Жаж.

Қирғизистонлик айрим кузатувчилар таъкидича, расмийлар мухолифатни обрўсизлантириш учун қилаётган турли саъй-ҳаракатлари билан аксинча мухолифатчиларнинг обрўсини оширмоқда.

Уларга кўра, мухолифат етакчиларини таъқиб қилиш, мухолифатчи партияларнинг турли жойлардаги аъзоларига босим ўтказиш билан ҳокимият тепасидагилар одамларни ўзига қарши қилиб қўяётганини билмаяптилар.

Шу важдан мухолифатнинг баҳорги акциялари амалдаги сиёсатчиларни иқтидордан кетказа олмаса-да, уларни айрим қадамлар ўйланиброқ босишга мажбур қилади, демоқдалар маҳаллий кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG