Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:23

Афғон героини таъқибда


Афғонистон полициясининг кўкнор далаларини йўқ қилиш ҳаракатларига қарамай, бу мамлакат банг моддалари етиштириш бўйича дунёдаги энг етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Афғонистон полициясининг кўкнор далаларини йўқ қилиш ҳаракатларига қарамай, бу мамлакат банг моддалари етиштириш бўйича дунёдаги энг етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Тожик - Афғонистон чегарасида 30 нафар наркофуруш билан рўй берган отишмада Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлигининг икки ходими нобуд бўлди.

Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги матбуот хизмати ходими Бобожон Шафиев воқеа мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош бўлган қишлоқларидан бирида рўй берганини маълум қилди.

-Афғонистоннинг Саид ва Жума исмли фуқаролари раҳбарлигидаги гуруҳ катта миқдордаги банг моддаларини Тожикистоннинг Шўробод туманига олиб ўтиши борасида оператив маълумот олинган эди.

Уларни қўлга олиш мақсадида агентлигимиз, Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ва Миллий хавфсизлик ходимларидан иборат тезкор гуруҳ тузилди.

27 феврал тунги соат 23 да Тожикистон чегарасини бузиб, Шўробод туманига қарашли Сари Мағзор қишлоғига кириб келган 30га яқин аъзоси бўлган қуролли наркогуруҳ билан тезкор гуруҳ ўртасида шиддатли тўқнашув рўй берди.

Отишма натижасида Хатлон вилоятидаги икки ходимимиз- Умиджон Баротов ва Абдушукур Олимовлар - воқеа жойида ҳалок бўлди.

Сўнгги 10 йил мобайнида бундай тўқнашувлар жуда кўп марта рўй берган.

Аммо наркогуруҳлар билан тўқнашувларда ходимларимизнинг қурбон бўлиши илк бор қайд этилмоқда, дейди Бобожон Шафиев.

Расмийнинг айтишича, Афғонистон афюнининг харидорлари асосан Россия ва Ғарб давлатларидадир. Афғонистондан Тожикистонга олиб ўтиладиган наркотикларнинг тахминан 95 фоизи қўшни Ўзбекистон, Туркманистон орқали Ғарбга етказиб берилади.

Наркотикларни назорат қилиш агентлиги расмийсига кўра, воқеа жойида 65 килограмм атрофида банг моддаси мусодара қилинган.

-Агар бу наркотик модда кўзланган ҳудудларга етказиб берилганида эди, яна минглаб одамлар, хусусан ёшлар гиёҳвандлик балосига мубтало бўлар эди.

Айни пайтда бу воқеа юзасидан жиноят иши очилиб, мамлакат ҳарбий прокуратураси ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларидан иборат гуруҳ Афғонистон наркогуруҳларини таъқиб қилишда давом этмоқда, деди Шафиев.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 10 йил бадалида Тожикистон ҳудудида 65 минг тоннадан ортиқроқ наркотиклар ноқонуний савдодан тўхтатиб қолинган. Маълумотларда бу наркотик моддаларнинг 28 минг тоннаси героин экани таъкидланади.

- Агар бу героин мижозларига етказиб берилганида эди, дунёдаги яна 30 миллиондан ортиқ киши наркотиклар доимий истеъмолчисига айланиб қолур эди, деган эди ўтган йили Душанбеда наркотикларга қарши курашишга доир ўтказилган бир халқаро тадбирда сўз олган тожик президенти Имомали Раҳмон.

Ўз навбатида Тожикистон наркотикларни назорат қилиш агентлиги раиси Рустам Назаров журналистлар билан учрашувда Афғонистон шимолида героин ишлаб чиқариш ўтган йилларга нисбатан ортганини маълум қилган:

- Афғонистон шимолида героин ишлаб чиқариш корхоналарининг ортаётгани ва кўкнор экин майдонлари кенгаяётгани борасида далилларимиз бор.

Жумладан, Тахор вилоятида наркотик моддалар ишлаб чиқариш 60 фоизга ошган. Бу бизнинг ва бизга қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам ташвишини оширмоқда, деган эди Рустам Назаров.

Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Душанбеда ўтган анжуманлардан бирида : “Наркотиклар муаммосига ечим топиш учун нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳам фаол курашиши зарурлигини, бунинг учун эса бу мамлакат давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси муҳимлиги” ни таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG