Линклар

logo-print

Халқ маслаҳатчилари уюшди


Судларнинг халқ маслаҳатчилари кўзи боғланган Фемида қўлидаги торозу посангисининг қай томонга оғаётганини халқ назоратига топшириш орзусидадирлар.

Судларнинг халқ маслаҳатчилари кўзи боғланган Фемида қўлидаги торозу посангисининг қай томонга оғаётганини халқ назоратига топшириш орзусидадирлар.

Тожикистон судларининг халқ маслаҳатчилари мамлакатда кенг тарқалган қийноқ амалиëтларига чек қўйиш мақсадида ўз бирлашмаларига асос солдилар.

Сўғд вилоятида халқ маслаҳатчилари ассоциацияси ташкил этилди.

Ташкилотчилар фикрича, “Аҳолининг қийноқлар олдини олиш тадбирларидаги иштироки” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ассоциация, қийноқларга барҳам бериш ва суд тизимини шаффофлаштириш йўлидаги ислоҳотлар тўлақонли бўлишига кўмаклашади.

Сўғд вилоятидаги “Ёшлар ва тараққиёт” нодавлат ташкилоти раҳбари Абдусамад Султонов сўзларига кўра, халқ маслаҳатчилари ассоциацияси суд тизимида ижобий ўзгаришлар бўлиши учун ҳаракат қилади:

-Бу ташкилот адолатсизлик ва қийноқлар каби салбий ҳолатларга қарши курашишига умид қиламиз.

Халқ масалаҳатчилари куч ишлатар тизимларни ошкоралаштириш ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолияти жамият учун шаффоф бўлишида ҳам катта рол ўйнайди.

Чунки мамлакат ҳуқуқ-тартибот тизимлари вакиллари томонидан қийноқлар қўлланилмоқда. Амалиётчи юристлардан бирортаси “ҳуқуқ тартибот тизимлари вакиллари қийноққа солмай иш олиб боради”, деб айта олмайди.

Ачинарлиси шундаки, ҳибсга олинган шахс олдига адвокат келгунга қадар, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари вакиллари у билан “тарбиявий иш”лар олиб борган бўлади, дейди Абдусамад Султонов.

“Қонунчиликка риоя этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳалқаро ташкилоти вакили Қахрамон Сангиновга кўра, Ҳизбут - Таҳрир ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор, деб ҳибсга олинаётган тожикистонликлар қаттиқ қийноқларга солинмоқда.

-Мана шундай ҳолатлар олдини олишнинг ягона йўлларидан бири, ҳалқ маслаҳатчиларига эркинлик беришдир.

Кейинги пайтда Тожикистонда ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар каби эркин фикрли шахсларга нисбатан тазийқлар кучайганлиги сезилмоқда.

Бунинг устига¸ ҳибсга олинганларга нисбатан маҳкама қарори қандай бўлиши олдиндан маълум. Бу эса ташвишланарли ҳолатдир.

Мана шундай ҳолатларда судланувчиларни ҳимоя қилаётган адвокатлар, маҳкамада адолатли ҳукм чиқаришда муҳим ўрин тутадиган халқ маслаҳатчилари судга таъсир ўтказишга журъат этолмаётгани кузатилади, дейди Қаҳрамон Сангинов.

Унинг айтишича, Тожикистонда қийноқларга солинган шахслар ҳимоясига бел боғлаган халқ ҳимоячилари ва адвокатларни бармоқ билан санаш мумкин эди. Бироқ улар ҳам ҳукумат амалдорлари томонидан тазйиққа олингач¸ ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлган. Айримлари эса мамлакатни тарк этган.

Республика адвокатлар ассоциацияси раиси Ватан Абдураҳмоновга кўра, қийноқлар олдини олиш учун энг аввало қонунчиликка ўзгартишлар киритиш зарур:

-Қийноқлар қўлланилаяпти,буни инкор қилиб бўлмайди.Cудланувчилар ва терговда бўлганларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар олдини олиш учун қонунчиликни мукаммаллаштириш вақти етган.

Биринчи навбатда¸ санкциялар бериш ҳуқуқини судлар тасарруфига ўтказиш керак.

Сўғд вилоятида халқ маслаҳатчилари ассоциациясининг ташкил этилганлиги ҳам бу йўналишдаги ижобий ўзгаришлардан бири, деб ҳисоблайман, дейди Ватан Абдураҳмонов.

Унинг фикрича қонунларни ижро этувчилар онги ўзгармас экан, инсон хуқуқлари бузилиши давом этаверади.

-Бундан етти йил олдин республика Жиноят Кодексига ва Бош Қонунига айрим ўзгартишлар киритилди. Лекин деярли ҳеч нарса ўзгармади., деб ҳисоблайди Республика адвокатлар ассоциацияси раиси Ватан Абдураҳмонов.
XS
SM
MD
LG