Линклар

АҚШ Ғазога 900 миллион берадиган бўлди


Ғазони қайта тиклаш масаласига бағишланган донор давлатлар анжуманини Миср президенти Ҳусни Муборак кириш маърузаси билан очди.

Шарм ал-Шайх шаҳрида иш бошлаган анжуманда қарийиб 75 давлат расмийлари, жумладан, Франция президенти Николя Саркози¸ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Яқин Шарқ тўртлиги махсус вакили Тони Блэр иштирок этмоқдалар.

АҚШнинг Ғазога қарийб 900 миллион доллар ёрдам кўрсатишини эълон қилган Давлат котиби Ҳиллари Клинтон¸ мазкур пулларнинг Ҳамас ҳаракатига ўтиб кетмаслигини таъминловчи чора-тадбирлар кўрилаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Молиявий ёрдамни эълон қилар эканмиз, биз қисқа ва узоқ муддатли ёндашувни кўзламоқдамиз.Албатта¸ бу пуллар фаластинликларнинг ҳозирги эҳтиёжини тўлалигича қондира олмайди. Ғазодаги бўҳронни бартараф этишга қаратилган жавоб чораларимиз у ерда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш борасидаги уринишларимиздан айро тушмаслиги лозим, деди Ҳиллари Клинтон.

Айни пайтда¸ Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бир кунлик анжуман якунида донор мамлакатларнинг Ғазони қайта тиклаш ишларига жами 2.8 миллиард доллар ажратишига умид қилмоқда.

Ғазони назорат қилиб турган Ҳамас ҳаракати ушбу анжуманга таклиф қилинмаган.

Жорий йил бошида Исроил қўшинларининг 22 кунлик босқини натижасида Ғазода юзлаб уй, шифохона, мактаб ва бошқа бинолар вайрон қилиниб, минтақа инфратузилмасига бир неча миллиард долларлик зарар етказилди.

Исроил ҳужумлари оқибатида 1300дан зиёд фаластинлик нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG