Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:53

Жамиятнинг ўгай қатлами


Йўқчилик ва иложсизлик¸ бугун кўплаб ногирон¸ кўзи ожизларни кўча-кўй¸ бозор-ўчарларда тиланчилик қилишга мажбур қилмоқда.
Йўқчилик ва иложсизлик¸ бугун кўплаб ногирон¸ кўзи ожизларни кўча-кўй¸ бозор-ўчарларда тиланчилик қилишга мажбур қилмоқда.

Куни-кеча Ўзбекистон ҳукумати ногиронлар ҳақларини халқаро қонунлар доирасида тасдиқлади.Бу эса расмий Тошкентнинг ногиронлар олдидаги ўз мажбуриятини қанчалик бажараëтгани масаласини кун тартибига чиқарди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Мурод Асқаров Ўзбекистон ҳукумати топшириғига кўра, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни имзолади. Бу ҳақда БМТ ахборот маркази хабар тарқатди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясининг 50та моддаси бор.

Бу моддалар асосан ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, саломатлиги тўғрисида қайғуриш, бир сўз билан айтганда, ногиронларнинг жамият тўлақонли аъзоси сифатида кун кечиришлари учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Бу конвенцияга қўшилган Ўзбекистонда ногиронларни жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш уринишлари борми?

Бу саволга жавоб истаб¸ Ўзбекистон Ногиронлар жамиятига сим қоқдик. Жамият раиси ўринбосари Мелис Ғафуров билан суҳбатдан¸ унинг Ўзбекистон ногиронлар ҳақдаги БМТ Конвенциясини имзолаганидан бехабар эканини англадик.

- Мен кўрганим йўқ. Биринчи бўлиб сиздан эшитаяпман¸ деди Мелис Ғафуров.

Мелис Ғафуров бу янгиликни уларга факс орқали етказиш ва улар буни ўқиб кўриб, саволларимизга жавоб беражагини айтди. Хабарни факс ҳам қилдик. Лекин Ногиронлар жамиятига шундан кейинги қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Тошкентдаги Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси қошидаги Ногиронлар клуби раҳбари Зуҳра Убайдуллаева билан боғландик. Унинг айтишича, ҳукумат ногиронлар олдидаги ўз мажбуриятларини имкон қадар бажаришга ҳаракат қилаяпти.

- Клубимизда айнан ногирон қизлар ишлайди. Клубда тўрт йўналиш бўйича иш олиб борилади. Тикувчилик¸ пазандачилик қилишади¸ қизларнинг никоҳ кўйлагини тикишади. Ҳам ўзлари ўрганишади¸ ҳам ногирон қизларга ўргатишади.

Ўша клубимиз билан биргаликда Зиë ўқув маркази очилди. У ерда ногирон қизларга қандолатчиликни¸ булочка пиширишни ўргатамиз. Ўқиган қизларни ўзимизда ишда олиб қоламиз¸ дейди Зуҳра Убайдуллаева.

Зуҳра Убайдуллаевага кўра, бу клубнинг ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб 2012 нафар аъзоси бор ва улар учун мўлжалланган дастурларга ҳомийлар ва ҳукумат ёрдам бермоқда.

Аммо самарқандлик биринчи гуруҳ ногирони¸ кўзи ожиз Садриддин ака¸ Убайдуллаевадан фарқли¸ бугун ҳукумат ногиронлар олдидаги ўз мажбуриятини бажармаëтганидан шикоят қилади.

- Бозор иқтисодиëтининг қийинчилигими ë бошқа сабабми ҳар ҳолда ҳукумат ҳозирги кунда кўзи ожизларга¸ умуман ногиронларга иш жойларини яратиб бера олмаяпти.

Нимагаки¸ бизда жуда кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ҳозир бизда ишлаб чиқарилаëтган маҳсулотлар ҳам умуман ўтмай омборларда туриб¸ ўз қийматини йўқотиб тўхтаб қолган. Ожизларнинг кўпи ҳозир ишсиз қолган¸ дейди Садриддин ака.

Унинг айтишича, Самарқанд вилоятида ҳозир 5000 дан ортиқ кўзи ожиз ногиронлар бор ва уларнинг аксари ишсиз.

- Самарқанд шаҳрида¸ Пастдарғом туманидаги Улуғбек саноат ҳудудида иккита корхонамиз бор. Яна Каттақўрғон шаҳрида корхонамиз бор. Ўша тўрттала корхона ҳам деярли иш олиб бормаяпти.

Нимагаки озроқ пахта билан таъминлаб қўйган. Бу пахта ҳам фақатгина кўзи ожизлар манфаатига хизмат қилмасдан¸ фақат раҳбарлар манфаатига хизмат қилмоқда¸ дейди Садриддин ака.

Ногиронлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида эмас, балки жамиятга ортиқча юк сифатида ҳис қила бошладилар ва улар тирикчилик учун кўчаларга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда, деб давом этади Садриддин ака:

- Мана ҳозир қаранг бозорларда¸ бекатларда¸ метроларда тиланчилар қўшиқ айтиб¸ шеър айтиб¸ ҳар хил йўллар билан тиланчилик қилиб кун кўришаяпти¸ дейди Садриддин ака.

Суҳбатдошимизга кўра¸ собиқ иттифоқ даврида коммунал хизматларга 50 фоизлик имтиёзларга эга бўлган ногиронлар ана шу ҳуққларидан ҳам маҳрум бўлган.

- Имтиëзлар ҳам деярли йўқ бўлиб кетди ҳисоби. Мана олдинлар газга¸ светга ва бошқа коммунал хизматларга 50 фоизлик чегирма бор эди. Ҳозир улар ҳам йўқ. Фақатгина шаҳар транспортидан фойдаланиш қолган ва телефон хизматидан 50 фоиз чегирма бор. Бошқа биронта имтиëз қолгани йўқ¸ дейди Садриддин ака.

Тошкент чўтка ишлаб чиқариш ўқув корхонасида ишлаётган биринчи гуруҳ ногирони Соҳибжон Умаров фикрича, ҳукумат ногиронлар олдидаги мажбуриятини қисман бажараяпти, холос:

- Меҳнатга лаëқатли бўлганлигим учун имкон қадар иш ўрни берилаяпти¸ лекин конвенцияда кўзда тутилган ҳолатлар бўйича деярли яқинлашгани ҳам йўқ. Тахминан 30 фоиз атрофида бўлса керак. Бунга республика бўйича қаралса бошқа соҳалар ҳам шуда. Республика даражасида 70 фоиз шуғулланаяпти¸ лекин халқаро қоидаларга ҳали анча узоқ¸ дейди Соҳибжон Умаров.

Ногиронларга кўра, 2007-2010 йилларга мўлжалланган ҳукумат дастурида ногиронлар ҳуқуқлари ва уларнинг муҳофазаси тўлалигича давлат ҳимоясига олинган. Лекин, қилинаётган ишлар жуда кам ва ногиронлар ҳозирча жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлана олмаяптилар.
XS
SM
MD
LG