Линклар

Путин партияси яна от устида


Россия мухолифатчилари¸ сайловларнинг бу гал ҳам адолатли ўтмагани¸ ҳукмрон ягона россиячилар ғалабасини таъминлаш учун давлат оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинганини айтмоқдалар.

Россия мухолифатчилари¸ сайловларнинг бу гал ҳам адолатли ўтмагани¸ ҳукмрон ягона россиячилар ғалабасини таъминлаш учун давлат оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинганини айтмоқдалар.

Россия глобал иқтисодий бўҳрон марказида қолаëтган бир пайтда¸ аксар россияликлар маҳаллий сайловларда барибир ҳукмрон Ягона Россия партияси вакиллари учун овоз берганлар.

Якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда кутилмаган фавқулодда воқеалар деярли кузатилмади.

Иқтидордаги Ягона Россия партияси тўққизта минтақа парламентига бўлиб ўтган сайловларнинг барчасида ғолиб чиқиди.

Овоз беришда иштирок этганларнинг сони кам бўлганига қарамасдан, Ягона Россия партияси Олий кенгаши раиси ва Давлат думаси спикери Борис Гризлов сайлов натижаларидан мамнун бўлганини баён қилди.

- Сўровлар Ягона Россия партиясини 4-5 йил аввал айни қонунчилик мажслиларига ўтказилган сайловлар давридан кўра кўпроқ сайловчилар қўллаб-қувватлатганини намойиш қилмоқда. Баъзи минтақаларда бу ўсиш 20-23 фоиздан 50-55 фоизгачани ташкил қилганини айтишимиз мумкин, деди Гризлов.

Дастлабки натижаларга кўра, иқтидордаги партия олган овозлар сони Ненетск Мухтор Округидаги 42 фоиздан, Татарстондаги 79 фоизгачани ташкил қилган.

Овоз беришда қанча одам қатнашганига оид якуний рақамлар ҳали эълон қилингани йўқ, лекин мамлакат бўйлаб бу рақам 2007 йилдаги парламент сайловлари ёки 2008 йилдаги президентлик сайловларига қараганда камроқ эканини ҳозирдан айтиш мумкин.

Москвалик сиёсий шарҳловчи Дмитрий Орешкин сайловчилар орасидаги иштиёқ бу сафар сустроқ бўлди, дейди.

- Бу ҳаммаси кутилган эди. Биринчидан, овоз беришда иштирок этганларнинг сони кам бўлгани одамлар овоз беришнинг аҳамияти йўқ деб ҳисоблаши ва бу сайловларнинг самарасига умид қилмаётганини кўрсатади.

Иккинчидан¸ сайлов натижаларининг маҳаллий маъмурий ресурсга боғлиқлиги ҳаммага маълум. Айниқса, буни қишлоқ жойларда ёки шимолий Кавказ каби минтақаларда кузатиш мумкин.

Учинчидан¸ овоз берувчи омма ҳали молиявий бўҳрон нима эканини тушуниб улгургани йўқ, дейди москвалик кузатувчи.

Коммунистлар партияси тўққизта минтақадан саккизтасида иккинчи ўринни эгаллаб, Федерация Кенгаши раиси Сергей Миронов бошлиқ кремлпараст Адолатли Россия партиясидан ўзиб кетди.

Коммунистлар Владимир вилоятида қарийб 28 фоиз овоз билан¸ энг яхши натижага эришди.

Михаил Савичев коммунистларга овоз берган владимирлик сайловчилардан бири.

- Ҳозир армия 200 минг одамга қисқараяпти, мен ўшалардан бириман. Агар коммунитслар ҳокимиятда бўлганида, бундай бўлмасди. Шунинг учун мен уларга овоз бердим, дейди сайловчи.

Сайлов олди кампанияси давомида коммунистлар ва бошқа партиялар сайлов қонунлари Ягона Россия фойдасига бузилаётганидан шикоят қилиб келди.

Аксарият минтақаларда 10 фоизга яқин овоз олган Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский ҳам душанба кунги матбуот анжуманида сайлов натижалари қалбакилаштирилганини баён қилди.

- Биз натижалардан қониқмадик ва норозимиз. Натижалар 2007 йил декабридаги каби қалбакилшатирилди. Қонунбузарликлар жуда кўп бўлди. Шунинг учун Марказий сайлов комиссиясининг жиддий қонунбузарликлар рўй бермагани ҳақидаги хулосасига мутлақ қаршимиз, деди Жириновксий.

Якшанба куни минтақа парламентларидан ташқари, яна уч мингдан ортиқ маҳаллий ҳокимият органлари ва мажлисларга ҳам сайловлар ўтказилди.

Кичикроқ миқёсдаги баъзи сайловлардаги рақобат кутилганидан кучлироқ бўлди.

Масалан, Мурманск шаҳри ҳокимлиги учун сайловда иқтидордаги мэр Михаил Савченко билан унинг ўрибосари Сергей Субботин ўртасидаги кураш иккинчи босқич сайловида ҳал бўладиган бўлди.

Мурманскдаги сайлов олди кампанияси давомида вилоятнинг собиқ губернатори ва Ягона Россия партияси аъзоси Юрий Евдокимов партиянинг номзоди бўлмиш Савченкога қарши чиқиб, унинг рақиби Субботинни қўллаб қувватлади. Шу сабабдан Муркманскдаги сайлов жараёни жанжалларга бой бўлди.

Томскда ҳам Ягона Россия вакили муваққат ҳоким Николай Николайчук билан шаҳар кенгаши депутати Александр Деев ўртасидаги кураш ҳал бўлмади. 41 фоиз овоз олган Николайчук билан 35 фоиз овзга эга бўлган Деевлар ҳам иккинчи босқич сайловларда қатнашади.

Узоқ Шарқдаги Петропавловск-Камчатск шаҳри ҳокимлиги учун кураш ҳам жорий мэр Ягона Россиячи Владислав Скуратов билан Адолатли Россия вакили Михаил Пучковский иштирокидаги иккинчи босқич сайловида ҳал бўлади.
XS
SM
MD
LG