Линклар

logo-print

Тобутлар оқими тўхтамаяпти


Кузатувчилар¸ Россияда марказий осиëлик мардикорларнинг ашаддий миллатчи ва тақирбошлар ҳужумига нишон бўлаëтганини¸ уларнинг ҳақсиз-ҳимоясиз эканлари билан изоҳламоқдалар.

Кузатувчилар¸ Россияда марказий осиëлик мардикорларнинг ашаддий миллатчи ва тақирбошлар ҳужумига нишон бўлаëтганини¸ уларнинг ҳақсиз-ҳимоясиз эканлари билан изоҳламоқдалар.

Сўнгги икки ҳафта мобайнида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига Россиядан 3 нафар тожик ва ўзбек мардикори тобути келтирилди. Йил бошидан буён Сўғдга келтирилган тобутлар сони 8 тага етди.

Хўжандлик 47 ёшли Асадулло Додобековнинг жасади солинган тобут 2 март куни Россиядан олиб келинди. Марҳумнинг қариндошлари Асадуллонинг Рязан шаҳрида мардикорлик қилганини айтадилар.

- Асадулло қечқурун ишдан кейин уйига қайтиб келаётганда уни номаълум шахслар тўхтатиб, калтаклай бошлаган.

У қочмоқчи бўлганда, йиқитиб, темир таёқлар билан уриб ўлдирганлар. Унинг жасади эрталабгача кўчада қолиб кетган.

Бирор киши ёрдам бермаган. Тўрт фарзанди етим қолди, дейди марҳумнинг қариндошларидан бири.

Бир кун олдин эса Жаббор Расулов туманидаги Ғўлакандоз қишлоғига ҳам мардикор ўлиги олиб келинган эди.

25 ёшли Анвар исмли йигитнинг жасади солинган тобутни очиб, маййитни ювишга ижозат бермаганлар.

- Қўшнимизнинг ўлиги Россиядан олиб келинганда, тобутни очиб жасадни ювишга ижозат беришмади.

Тобутни олиб келганларнинг сўзларига кўра, жасад таниб бўлмас даражада куйиб кетган.

Номаълум жиноятчилар уни аввал аёвсиз калтаклаганларидан кейин жиноят изларини йўқотиш мақсадида, жасадни ёндириб юборганлар, дейди марҳумнинг қўшниси бўлган аёл.

Сўғд вилояти муҳожирлик хизмати бошлиғи Ҳомиджон Жамолов ҳам сўнгги пайтларда ёш йигитларнинг жасадлари кўп келаётганини афсус билан эътироф этади:

- Гарчи бу масала биз учун жуда оғир бўлса-да, факт ва рақамларни очиқ айтиш керак. Россиянинг турли ўлкаларидан тожикистонлик йигитларнинг тобути келтирилмоқда.

Уларнинг аксарияти ёш йигитлар. Жумладан, жорий йил икки ойи давомида вилоятга 8 нафар ҳамюртларимиз жасади солинган тобут олиб келинди, дейди Ҳомиджон Жалолов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, марказий осиёлик мардикорларнинг ҳуқуқлари Россияда ҳимоя қилинмаслиги ва улар тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўйилганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Хўш, Россияда бу мардикорлар тақдирини сўрайдиган одам борми?

Хўжанддаги “Ёшлар ва тараққиёт” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Абдусамад Султоновнинг айтишича, Тожикистон ҳукумати ҳам, парламенти ҳам, бу масалага совуққон муносабатда бўлмоқда.

- Тожикистонлик фуқароларнинг Россияда ўлдирилиши бу муаммонинг Тожикистон ҳукумати ташқи сиёсатида устивор эмаслигидан, унинг иродасизлигидан далолат беради.

Неча йиллар давомида мамлакат расмийлари илк бор Россияда ўлдирилиб, боши кесиб ташланган фуқарога нисбатан қўлланилган ваҳшийликка норозилик билдирди, холос.

Ўн йил давомида ўлган минглаб тожикистонликлар расмийлар эътиборидан четда қолиб кетди. Ваҳоланки, Тожикистон Россиянинг стратегик шериги ҳисобланади.

Лекин унинг фуқаролари Россияда таҳқир ва таъқибларга дучор бўлмоқда, дейди Абдусамат Султонов.

Маҳаллий кузатувчи Пўлат Умаров фикрича, тожикистонликларнинг Россияда таҳқирларга дучор бўлишига кўпинча уларнинг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолмоқдалар.

- Ҳаммаси ҳуқуқий савод йўқлигига келиб тақалмоқда. Бошқача қилиб айтсак, саводсизлигимиз сабаб давлатимиз қашшоқ, саводсизлигимиз сабаб ҳуқуқимизни билмаймиз. Чунки ҳуқуқий маълумотга эга бўлмаган одамни алдаш осон, таҳқирлаш мумкин.

Шу боис ҳар бир киши ўзга юртга чиқишдан олдин ўз ҳуқуқлари нимадан иборат эканлигини билиши керак.

Ниҳоят, токи давлат ўз фуқароларини иш билан таъминламас экан, токи ватандошларимиз ўзга юртларда ишлар экан, бундай нохуш воқеалар бўлаверади, дейди Пўлат Умаров.

Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда биргина Сўғд вилоятига Россияда вафот этган 300 дан ортиқ тожикистонликлар жасадлари солинган темир тобутлар олиб келинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG