Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ишсизлар камайибди


Расмий Тошкент¸ ишсизлик ва йўқчиликдан чорасиз қолиб¸ ўз уйида нимадир тикиб-бичиб¸ пишириб-куйдириб кун кўраëтганларни ҳукумат иш билан таъминлаганлар рўйхатига қўшади ва шунинг ҳисобидан ишсизлик даражасини йўққа туширади.

Расмий Тошкент¸ ишсизлик ва йўқчиликдан чорасиз қолиб¸ ўз уйида нимадир тикиб-бичиб¸ пишириб-куйдириб кун кўраëтганларни ҳукумат иш билан таъминлаганлар рўйхатига қўшади ва шунинг ҳисобидан ишсизлик даражасини йўққа туширади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига кўра, 2008 йил мобайнида мамлакатда ишсизлар сони касаначилик билан шуғулланувчилар кўпайиши ҳисобига 16,5% га камайган.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридаги Истиқлол маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Шарипова ва Сайёра Ҳакимова касаначилик билан шуғулланади. Уч йил аввал иккала аёл ҳам ишсиз бўлган.

Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Осиё Назаровага кўра, бу икки аёл касаначилик билан шуғуллана бошлагач, уларнинг турмуш шароити анча яхшиланган.

- Гулбаҳор Шарипова нон ëпади¸ Сайëра Ҳакимова булочка, печенье пишириб сотади. Бу нарсани булар ўзларига ҳунар қилиб олишди.

Сайëранинг уйида шогирд қизлари ҳам бор. Уларга торт¸ булочка пиширишни ўргатаяпти. Уйига бориб гаплашсам¸ қувонади. Жуда ҳам яхши¸ дейди.

Оиласи тикланиб, рўзғори бут бўлди. Шу қўл меҳнатидан оиласи жуда яхши бўлиб кетди. олдин у ҳеч қаерда ишламасдан ўтирган аëл эди. Ҳозир яхши.

Болаларини Тошкентга ўқишга киргизди. Касаначилик орқасидан топган маблағи ўғлининг ўқиши учун шартнома пулларини тўлашга ëрдам бўлаяпти экан, дейди Осиё Назарова.

ЎзА ахборот агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили Қорақалпоғистонда касаначилик асосида 4 минг 400 дан зиёд иш ўринлари яратилиб, йирик саноат корхоналарида касаначилар томонидан 325 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Тўрткўл тумани ҳоким ўринбосари Хадича Ибодуллаевага кўра, касаначилик туфайли асосан аёллар орасидаги ишсизликка барҳам берилаяпти.

- Ҳозирги шароитда аëлларни иш билан таъминлаш бўйича энг асосийси уй меҳнатини ривожлантириш.

Бизнинг Тўрткўлда имконияти бор ерларда касаначилик билан шуғулланишаяпти.

Биринчидан, кўп аëллар уй шароитида болалари билан бўлганлиги туфайли бориб ишлай олмайди.

Агар касаначилик бўлса¸ уйида ўтириб ҳам боласига қарайди, ҳам бўш вақтларида тузган шартномаси асосидаги маҳсулотларни етиштириб беради.

Биринчидан, стаж юриб туради. Иккинчидан, иш билан таъминланган бўлади, деди Тўрткўл тумани ҳоким ўринбосари.

Хадича Ибодуллаевага кўра, касаначилик билан шуғулланаётганлар албатта бирор корхона билан шартнома тузади. Корхона эса уларга ойлик тўлайди.

Аскар касаначилар меҳнатлари учун жуда кам маош олишлари, касаначилик уй меҳнати сифатида кам қадрланишидан нолишади.

Тўрткўл тумани ҳоким ўринбосари ҳам касаначилик билан шуғулланаётганларнинг моддий даромади кам эканлигини яширмади.

- Ойлик жуда ҳам катта, деб айта олмайман. Ўртача ҳисобда 70 минг олишади. Лекин кўпинча ойлик қанча нарса топширганига ҳам боғлиқ бўлади, деди Хадича Ибодуллаева.

Бундан уч йил аввал президент Ислом Каримовнинг касаначиликка оид фармони эълон қилинган. Шундан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида касаначилик билан шуғулланувчилар сонининг кўпаётгани таъкидланади.

ЎзА маълумотларига кўра, ўтган йили Самарқанд вилоятида касаначилик бўйича 8425 та иш ўринлари ташкил қилинган.

Лекин самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуровга кўра, касаначилик борасидаги расмий маълумотлар ҳақиқатдан анча узоқ.

- Самарқанд бўйича ҳокимият статистикаси бор. Уларнинг ҳисоботларини ҳаëтга таққослаб кўрсангиз¸ ҳеч қачон тўғри келмайди.

Шунинг учун биз ўз мониторингимиз асосида айтишимиз мумкинки¸ охирги пайтларда касаначилик Самарқандда пасайиб кетаяпти.

Олдин фабрикалар бўларди. Ўша фабрикалар ишни енгиллаштириш учун уйларга бориб тарқатиб, вақти келганда ўша нарсаларни териб кетиб, ҳисоб-китобини қилишарди.

Ҳозирги пайтда бунақалар деярли қолгани йўқ. Азалдан уйда ишлайдиганлар ўзларининг ишларини аста-секин қилиб, бозорга олиб чиқиб сотаяптилар.

Ҳозир талаб ҳам камайган. Совет даврининг охирги вақтларида касаначилик жуда тараққий топган эди. Ҳозир эса жуда камайиб кетди.

Инқироз шу даражага олиб келдики, масалан, касана билан ишлайдиган ногиронлар ҳам ҳозир ишсиз қолиб, кўчага чиқиб гадойлик қилиб юрганини кўриб турибмиз, дейди Комилжон Ашуров.

Айни пайтда¸ расмийлар касаначилик ривожланиши натижасида ишсизликка барҳам берилаётгани ва иқтисодий тўкинчилик бўлаётганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Комрон Алиев фикрича¸ биргина касаначилик мамлакатдаги қашшоқлик ва ишсизлик даражасини камайтира олмайди.

- Касаначилик яхши, керакли дастур. Лекин ҳамма муаммони ҳал қилиш унинг қўлидан келмайди. Чунки иқтисодиëт соҳаси жуда мураккаб соҳа.

Охирги рақамларга қараганда, уй шароитида 70 мингдан ортиқ иш жойи яратилди, дейилаяпти.

Лекин бу Ўзбекистоннинг иқтисодий муаммолари ҳал бўлиб кетди дегани эмас. Чунки касаначилик бўйича дастур бошланганига уч йил бўлаяпти.

Бу дастур бошланган пайтда ҳали иқтисодий инқироз тўғрисида гап-сўз йўқ эди.

Ҳозир эса иқтисодий инқироз Ўзбекистонда ҳам яхшигина бошланган ва раҳбарият халқни иш билан таъминлашни ошириш масаласида қўшимча йўллар, қўшимча чоралар қидиришга мажбур бўлаяпти, дейди Комрон Алиев.

Давлат дастурига мувофиқ, 2009 йилда Ўзбекистонда 544 мингта иш ўрни ташкил қилиниши лозим. Бундан 70 мингтаси касаначилик билан боғлиқ иш ўринлари бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG