Линклар

Спортчилар ҳам Покистонга келмайдиган бўлди


Шри-ланкалик крикетчиларнинг ҳужум нишонига айлангани¸ Покистондаги хавфсизлик вазиятининг нечоғли қалтис эканидан берилган навбатдаги огоҳлантирув бўлди.

Шри-ланкалик крикетчиларнинг ҳужум нишонига айлангани¸ Покистондаги хавфсизлик вазиятининг нечоғли қалтис эканидан берилган навбатдаги огоҳлантирув бўлди.

Мамлакат машҳур сиëсатчилари ва хориж журналистларига қарши уюштирилган қонли суиқасдлардан сўнг¸ Покистон жангарилари сешанба куни хориж спортчиларини нишонга олдилар.

Покистонда крикет бўйича Шри-Ланка миллий терма жамоаси ҳужумга учради.

Қуролланган номаълум шахсларнинг терма жамоа кетаётган автобусга уюштирган ҳужуми оқибатида полициянинг беш ходими ва автобус ҳайдовчиси нобуд бўлди, олти нафар спортчи тан жароҳати олди.

Крикет Покистонда машҳур спорт турларидан биридир.

Бироқ Лаҳорда содир этилган ҳуружлардан сўнг, покистонлик крикет ишқибозлари яқин келажакда ўз юртларида биронта ҳам хорижий давлат терма жамоасини кўрмасликлари мумкин.

Шри-ланкалик спортчилар Покистонга сафар қилишдан чўчимиган ягона миллий терма жамоа эди.

1972 йил Мюнхендаги Олимпиада ўйинлари чоғида фаластинлик жангарилар Исроил спортчиларига ҳужум қилгандан бери, бу миллий терма жамоа спортчиларига нисбатан қилинаётган биринчи ҳужумдир.

Шу боис яқин келажакда хориж спорт жамоаларининг Покистонга келмаслигини айтиш мумкин.

Лаҳор полиция бошқармаси раҳбари Ҳабиб ур-Раҳмон сўзларига кўра, пистирмадан туриб амалга оширилган ҳужумда полициянинг беш ходими нобуд бўлган. Расмийларга кўра, ҳужум қилган шахслар ва полиция ўртасидаги отишма қарийб 15 минут давом этган.

Шри-Ланка Олий комиссарлигининг Исломободдаги матбуот вакили, Лаҳордаги ҳужумда шри-ланкалик беш нафар крикетчи ва бир мураббий тан жароҳати олганини маълум қилди.

- Ниқоб кийган номаълум шахслар пистирмадан туриб гранатомёт ва Калашников автоматлари ёрдамида Шри-Ланка терма жамоаси кетаётган автобусга ҳужум уюштирди¸ деди Покистон полициясининг юқори лавозимли расмийларидан бири журналистларга.

Шри-Ланка терма жамоаси сардори Маҳела Жайвардене жангарилар даставвал спортчилар кетаётган автобус шиналарини нишонга олгани, кейинчалик автобусга қарата автоматдан ўқ узганини билдирди.

Покистон расмийларининг билдиришича, мазкур воқеадан сўнг шри-ланкалик спортчилар, жумладан, тан жароҳати олган крикетчилар зудлик билан ҳарбий вертолётлар ёрдамида хавфсиз жойга эвакуация қилинган.

Непалнинг Катманду шаҳридан гапирган Шри-Ланка Ташқи ишлар вазири Роҳитҳа Баголлагама мазкур ҳужумларни крикет спорти учун қайғули кун дея таърифлади

-Бу крикет учун мудҳиш кун. Шри-Ланка ҳукумати зўравонликларнинг ҳар қандай кўриниши, жумладан, миллий терма жамоа спортчиларининг нишонга олинишини кескин қоралайди, деди Шри-Ланка Ташқи ишлар вазири.

Полициянинг билдиришича, ҳужум уюштирган жангариларнинг барчаси қочишга муваффақ бўлган.

Покистон Федерал ахборот вазири Шерри Раҳмон Лаҳордаги хуружларнинг Покистон обрўйига путур етказишга қаратилганини таъкидлади.

Айни пайтда¸ Покистон ва Шри-Ланка президентлари Лаҳор шаҳридаги мазкур хуружни кескин қораладилар.
XS
SM
MD
LG