Линклар

Бўлиша олмадилар

  • Садриддин Ашур

Россия иқтисоди бўҳрон домига тортилиб¸ Газпромнинг узун қўллари қисқаргач¸ ширкат раҳбари Алексей Миллерга Марказий Осиë¸ хусусан Тошкентда зар чопонлар кийгизиб¸ қуюқ мулозамат кўрсатиш даври ҳам ўтмишга айланган кўринади.

Россия иқтисоди бўҳрон домига тортилиб¸ Газпромнинг узун қўллари қисқаргач¸ ширкат раҳбари Алексей Миллерга Марказий Осиë¸ хусусан Тошкентда зар чопонлар кийгизиб¸ қуюқ мулозамат кўрсатиш даври ҳам ўтмишга айланган кўринади.

Ўзбекистон ҳукумати Устюрт ҳудудида газ қидириш учун Газпромга берилган лицензияни қайтариб олиб¸ уни Малайзия ширкатига берди. Бу Тошкент Москвадан яна юз ўгира бошлагани даракчисими ëки...?

Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасидаги Оқчалоқ, Қуаниш ва Ғарбий-Ургиндаги қидирув ишларини Газпром ширкати 2006 йилда бошлаган эди.

Коммерсант газетаси хабарига кўра, компания сўнгги уч йилда геология қидирув ишлари учун 250 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Шу вақт мобайнида 14та газ қазиш мумкин бўлган нуқта аниқланган. Шундан 10таси қазиш учун тайёрланган.

Хабарга кўра¸ Газпромнинг ўзи ана шу лойиҳалардан гўëки ихтиëрий тарзда воз кечган. Нега?

Биз бу саволни Газпром қошидаги Зарубежнефтегаз маъсулияти чекланган жамиятнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Иван Гогелевга бердик.

- Ўтган йили Газпром Ўзбекнефтгаз билан ана шу уч ҳудуддаги очиқ конлардан қазиб олинадиган газни ўртада тенг бўлишиш ҳақидаги музокараларни тўхтатди.

Чунки, бу жойлардаги углеводородлар заҳираси кўп эмас ва бундай жойда фаолият олиб бориш Газпромни қаноатлантирмайди, деди Иван Гогелев бу саволимизга жавоб бера туриб.

Унга кўра, бу жойлар Ўзбекнефтгаз ширкатига топширилади, Газпром эса янги жойлардан қидирув ишларини давом эттиради.

Ўзбекнефтгаз компанияси матбуот хизмати эса бу ҳақда интернет сайтларида эълон қилинган хабардан бошқа маълумот бера олмаслигини айтди.

Компания сайтидаги хабарда айтилишича, Газпром ва Ўзбекнефтгаз Устюрт минтақасидаги Агин, Оқтумшуқ, Насамбек, Шахпахти ҳудудларида геология -разведка ишлари олиб бориш учун 2012 йилгача мўлжалланган дастур қабул қилган.

Бир қанча интернет нашрлари Ўзбекистон ҳукумати бу уч ҳудуд учун лицензияларни Газпромдан қайтариб олди, деб ёзади.

Кузатувчилар фикрича, Ўкаримов ҳукумати 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Москва билан жуда яқинлашганидан сўнг, Россиянинг компаниялари Ўзбекистондан топилган углеводородларни ўртада тенг бўлиш шарти билан мамлакатга оқиб кела бошлади.

Энди эса¸ ташқи сиëсат йўналиши Москвадан оға бошлагач¸ Тошкент ҳукумати аста-секин Россия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодидаги иштирокини камайтирмоқчидек.

Хабарларга кўра, Газпромдан лицензияси тортиб олинган бу уч ҳудудда энди Малайзиянинг Petronas компанияси иш бошлайди.

Хўш, нега малайзияликлар Газпром даъво қилаëтган каби газ заҳиралари кам бўлган бу жойга катта сармоя киритмоқчи? Бунинг сабаби нимада?

Биз бу саволни яна Зарубежнефтегаз расмийси Иван Гогелевга бердик.

- Биласизми¸ Petronas ўз олдига қандай мақсад қўйганлигини изоҳлаш мен учун қийин. Балки уларга бу бозорга кириш учун керакдир, деди Иван Гогелев.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова Газпром лицензиясининг олиб қўйилишида сиёсий мотивлар борлиги ҳақдаги тахминларни инкор қилади.

- Бу сиёсийлашган муаммо эмас. Чунки, Ўзбекистон учун газ узатишнинг муқобил қувурлари¸ ҳозирча¸ йўқ. Бутун Марказий Осиë гази Европага фақат Россия орқали ўтади.

Агар иккинчи ёки учинчи йўл бўлганда эди, Ўзбекистонда танлаш имконияти бўларди, ҳозир эса у йўқ.

Қолаверса, Газпром ўзбек газига Европа нархида пул тўлай бошлаганидан сўнг бунақа танлов қидиришнинг ҳожати ҳам қолмади, дейди Санобар Шерматова.

Таҳлилчига кўра¸ жаҳон молиявий бўҳронидан энг катта зарар кўрган Россиянинг энг катта ширкати Газпром¸ шу кунларда 50 миллиард доллардан кўпроқ қарз ботқоғига ботган ва шу сабаб келажакда нечоғли даромад келтириши маҳвум бўлган лойиҳалардан ихтиëрий тарзда воз кечишга мажбур қолган.

Қорақалпоғистондаги учта лойиҳадан воз кечилиши¸ Газпромда бораëтган ана шу жараëннинг бир қисми бўлиши мумкин¸ холос¸ дейди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG