Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:46

Корейслар учун зона


Жанубий Корея Осиë¸ қолаверса жаҳон кўламида саноати тараққий қилган давлатлар сирасига киради.
Жанубий Корея Осиë¸ қолаверса жаҳон кўламида саноати тараққий қилган давлатлар сирасига киради.

Ўзбекистон мустақиликка эришганидан бери мамлакат иқтисодида Жанубий Корея фаоллиги алоҳида кўзга ташланади. Шу кунларда Тошкент бу ҳамкорликни янада кенгайтириш тараддудида.

5 март куни Жанубий Корея пойтахтидаги Лотте Суел меҳмонхонасида “Навоий шаҳридаги эркин индустриал-иқтисодий ҳудуд – кореялик ҳамкорлар учун Ўзбекистондаги янги инвестиция имкониятлари” мавзуида анжуман ўтказиш режалаштирилган.

Юзлаб кореялик тадбиркорлар қатнашиши кутилаётган анжуман охирида Навоий индустриал-иқтисодий ҳудудида янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ҳақида келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

2008 йил 2 декабр куни Ўзбекистон президенти Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий ҳудуд ташкил этиш ҳақида фармон имзоланган эди.

Ўзбекистон президенти имзолаган мазкур ҳужжатда Навоий вилоятидаги эркин индустриал-иқтисодий ҳудуднинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этиши ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги билдирилган.

Шу ўринда дунёда иқтисодий бўҳрон кузатилаётган бир пайтда¸ бундай ҳудуд ташкил этишдан қандай мақсад кўзланган, деган савол туғилади.

Жон Эндрю Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар марказининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси. Унга кўра, Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этишдан мақсад қатор муаммоларни ҳал этишдир.

- Биринчидан, Ўзбекистон янги иш жойлари яратади. Шунингдек¸ бу мамлакатнинг ишлаб чиқариш базаси ва инфратузилмасини кенгайтириш, ранг-баранг қилишнинг усулидир. Ўзбекистонда оғир индустрия, сўнгги пайтларда автосаноат ривожланган.

Аммо енгил саноат каби соҳа кам ривожланган. Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зонани ташкил этиш орқали президент Каримов мамлакат саноати ва инфратузилмасини кенгайтиришни хоҳлайди, дейди британиялик мутахассис.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин эркин индустриал-иқтисодий ҳудуд Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтишдан олдин ҳам бўлганини, улар кучли тоғ-кон, металлургия заводлари қурилган шаҳарларда бўлганини айтади.

- Фақат улар бошқача аталарди. Халқ тилида улар “Москва таъминотидаги шаҳарлар” деб аталарди. Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Янгиобод ва Красногорск шаҳарлари шулар жумласига киради, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Ивонин фикрича, Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий ҳудуд ташкил этишдан мақсад бир пайтлар катта самара берган ҳозигина тилга олинган тажрибани ишга солишдан иборат.

- Бу ғоянинг мақсади ўтмишдаги тажрибани қайтаришдан иборат. Аммо ҳозирда бу жараён умуман бошқа қонунчилик ва иқтисодий механизмлар асосида амалга оширилмоқда, дейди Ивонин.

Нима учун Ўзбекистонда очиладиган эркин индустриал-иқтисодий зонага бир неча минг километр олисдаги мамлакат – Жанубий Корея бу қадар катта қизиқиш билдирмоқда?

Жон Эндрю Навоийдаги эркин индустриал-иқтисодий ҳудудда Жанубий Кореянинг фаоллигини икки давлат ўртасидаги яқин алоқалар ўрнатилгани билан изоҳлади.

- Жанубий Корея анчадан бери Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири бўлиб келмоқда. Сўнгги 10 йил давомида Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётига икки миллиард доллардан ортиқ маблағ ётқизган.

Шу боис икки давлат ўртасида яқин иқтисодий муносабатлар шаклланган. Ўтган йил Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг олти фоизидан кўпи Жанубий Корея ҳиссасига тўғри келади. Бу бир миллиард доллардан ортиқ.

Менимча, жанубий кореяликлар бу соҳада жуда кучли тажрибага эга. Масалан, улар енгил саноат, электроника, телекоммуникация – айнан Ўзбекистонда кам ривожланган соҳаларда улар кучли, дейди британиялик таҳлилчи.

Тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонин эса, Ўзбекистон ҳукуматининг кореялик тадбиркорларга билдираётган қизиқиши сабабини шундай изоҳлади:

- Советча планлаштирилган иқтисодиёт шароитда қандай ишлашни биз яхши биламиз. Бу соҳада мутахассисларимиз етарли. Ҳозир гап олдинга катта қадам ташлашда, бундай зоналар ҳақиқий эркин иқтисодий бозор зонаси бўлишидадир.

Биз учун бундай зоналарни ким бошқариши аҳамиятсиз. Улар корейслар ёки россияликлар бўлиши мумкин. Аммо россияликлар бу борада катта тажрибага эга эмас.

Нима учун айнан корейслар? Чунки биз кореяликлар билан анчадан бери ишлаяпмиз, бу борада етарли тажрибага эгамиз, дейди Виктор Ивонин.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон ҳукуматининг кореялик тадбиркорларга билдираётган қизиқиши сабаби ҳақида гапирар экан¸ бундан жиддий натижа чиқишига шубҳа билдирди:

- Ўзбекистон Жанубий Корея билан анча йиллардан бери савдо алоқаларини ривожлантириб келаяпти.

Жанубий Корея ўз мавқеини йўқотмаслик учун Ўзбекистонда қанақа фойдали лойиҳа бўладиган бўлса¸ инвестиция ëтқизиш имконияти бўладиган бўлса¸ “Бизга беринг. Биз кўрайлик¸ таҳлил қилайлик. Лойиҳа ўтадиган бўлса¸ кейинчалик ҳам сиз билан алоқаларни ривожлантиришга розимиз” деган таклиф берган.

Анъанавий савдо-сотиқ алоқаларидан келиб чиқиб¸ ҳозир Ўзбекистон Жанубий Кореяга бор имкониятларини кўрсатаяпти. Лекин уларнинг келиб иш бошлашига кўзим етмайди.

Чунки Ўзбекистонга инвестиция жуда кам келаяпти. Инвестицион лойиҳаларни бекитиб¸ ўзи ëтқизган сармоясидан воз кечиб кетганлар ҳам бор¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Навоийдаги эркин индустриал-иқтисодий ҳудуд фаолияти давомида унинг ҳудудида алоҳида божхона, валюта ва солиқ режимлари, Ўзбекистон республикаси норезидентлари унинг ҳудудига кириш, ҳудудда бўлиш ва чиқиб кетишининг, шунингдек улар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш кўзда тутилган.

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳудудида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар етти йилдан ўн йилгача ер, мулк, даромад, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа солиқлардан озод этилиши президент фармонида қайд этилган.
XS
SM
MD
LG