Линклар

Калтакни ҳоким еди

  • Сарвар Усмон

Самарқанд муваққат ҳокимининг жинояти ҳақда президент Каримов ўтган йили вилоятга қилган сафари давомида батафсил гапирган ва президент айблов нутқидан сўнг Баҳромов ҳибсга олинган эди.

Самарқанд муваққат ҳокимининг жинояти ҳақда президент Каримов ўтган йили вилоятга қилган сафари давомида батафсил гапирган ва президент айблов нутқидан сўнг Баҳромов ҳибсга олинган эди.

Самарқанд вилоятининг собиқ муваққат ҳокими Аъзамхон Баҳромов 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Gorizont.uz сайти 3 март куни тарқатган хабарга қараганда, Баҳромов Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 20 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Аъзамхон Баҳромовнинг 15 йилга кесилгани тўғрисидаги хабарни Самарқанд прокуратураси ходимлари ҳам, Самарқанд вилояти ҳокимлиги амалдорлари ҳам на тасдиқлади ва на инкор этди.

Самарқанд вилоят суд департаментининг ўзини таништирмаган ходими Баҳромов масаласини:

- Жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар судидан аниқлаш мумкин¸ деди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ўзини таништирмаган ходими ҳам Аъзамхон Баҳромов устидан ҳукм чиқмади, демади.

Озодлик: Бу Тошкент шаҳар жиноят ишлари судими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан Самарқанднинг собиқ ҳокими Аъзамхон Баҳромов иши бўйича телефон қилаëтган эдим. У киши сизларнинг судларингда 15 йилга озодликдан маҳрум қилинибди. Пайдо бўлган шу хабарни тасдиқлайсизми?

- Ким бу?

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман.

- Бу бўйича канцеляриямизга телефон қилишингиз керак.

Канцелярия эса, саволимизга жавоб беришни истамади.

Аслида, Аъзамхон Баҳромовнинг озодликдан маҳрум қилингани тўғрисидаги хабар мутлақо кутилмаган хабар эмас.

Унинг ўтган йили қўлга олингани тўғрисида Озодлик радиоси ҳам ишончли манбаларга таянган ҳолда хабар берган эди.

Gorizont.uz сайтининг шу мавзудаги хабари эса, Баҳромовнинг "мутлақ золим"лиги тафсилотларига тўла.

Сайтнинг "Самарқандлик подшоҳчанинг шармандали интиҳоси", деган сарлавҳасиёқ кўп нарсани айтиб турибди.

Хабардан маълум бўлишича, Аъзамхон Баҳромов "товламачилик, фирибгарлик, порахўрлик, таъмагирлик, давлат мулкини талон-тарож қилганлик" ва бошқа бир қатор жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Бўлса, бордир. Лекин биз бир қатор самарқандликлар билан боғланиб улардан қамалган ҳоким тўғрисида нима билишини сўрадик.

- Йўқ¸ мен сиëсатдан узоқроқман.

Озодлик: Ўзи умуман ҳокиминглар кимлигини биласизми?

- Ҳокимимизни¸ мен уйда ўтираман¸ ишламайман ака. Оилам билан тинч бўлсам бўлди ака.

Исминиям айтмади бу самарқандлик.

Бошқа бир самарқандлик – Маматқул ака Мухторовнинг эса, Аъзамхон Баҳромов ишидан хабари бор экан.

Маматқул ака: Бизларнинг эшитишимиз бўйича мана бу чеченлар Самарқандда анча юрган. Мана бу ерда бир маиший хизмат кўрсатиш комбинати бор эди. Шуни сотиб олган эди.

Озодлик: Ким у? Қайси чеченлар?

Маматқул ака: Чечен миллатига мансуб бўлган бир киши бўлган. Ўшалар сотиб олган. Унинг чет мамлакатдан келиб сотиб олганини ҳеч ким билмаган. Чунки унинг бир нечта паспортлари бўлган экан.

Бу иморатни сотиб олгандан кейин ҳаммага доллар ҳисобида пул тўлаган. Уч қаватли иморатнинг ҳаммасини йиқиб¸ бошқатдан тиклади.

Кейин бунинг орқасидан МХХ тушиб¸ йўлма-йўл бориб¸ Аъзамхон акани ҳам ушлаб қамадилар.

Самарқандлик Маматқул ака Аъзамхон Баҳромовнинг қамалишига оид бошқа бир қатор тафсилотларни айтиб берди. Ҳозир уларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз.

Бизни қизиқтиргани мана бу савол эди.

Озодлик: Аъзам Баҳромов озодликдан маҳрум қилинди. У кишидан кейин 90 киши қамалиб кетди деяпсиз. Шу ишлардан кейин оддий самарқандлик сифатида сизда адолат қарор топди деган ҳис борми¸ йўқми?

Маматқул ака: Йўқ. Бизда адолат ҳеч қачон ҳис топмаган¸ бундан кейин ҳам топмайди. Чунки бизда ким кўзига ëмон кўринса¸ ҳаммасини олиб бориб қамаб ташлаяпти.

Ғалатироқ жавоб бўлди.

Амалда турса, Аъзамхон Баҳромов бўладими, бошқасими – ўша қамаб ташлайдиганлар қаторида бўлган бўлар эди.

Қамалиши билан Аъзамхон Баҳромов бўладими, бошқасими – автоматик тарзда мазлумлар қаторига ўтиб қолмоқда?

Хўш, бунинг боиси нимада?

Бу саволни ўзбекистонлик социолог Камолиддин Раббимовга бердик.

- Биласизми¸ менинг назаримда жамиятнинг у ëки бу шахсга муносабати марказий ҳокимият призмаси орқали берилаяпти. Кимки марказий ҳокимият¸ яъни Каримов ҳокимиятининг қурбони бўлар экан¸ унга нисбатан тўғридан -тўғри ачиниш ҳисси шаклланади.

Мана шундай ҳолат Зокир Алматов ишдан олинганда ҳам кузатилган эди. Бунга ўхшаган ҳолатлар жуда ҳам кўп кузатилган.

Яъни кимки Каримов билан ишласин¸ ишламасин¸ ҳамкорлик қилсин¸ қилмасин маълум бир муддатдан кейин унинг ғазабига учраса¸ ишдан олинадиган бўлса ëки судланадиган бўлса¸ жамиятда ўша шахсга нисбатан қандайдир ачиниш ҳисси пайдо бўлади.

Бу бекорга унинг ғазабига учрамади. Демак унга ëқмаган жойлари бўлса керак¸ деган бир соддалаштирилган тасаввур мавжуд. Шундан келиб чиқиб жамиятда мана шундай ëндашув бўлса керак¸ дейди социолог Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG