Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:55

Нархлар нега арзонлади?


Президент Каримовнинг даъвосига кўра¸ Ўзбекистон бозорларида нарх-навонинг арзонлаши¸ ўзи бошчилик ҳукумат олиб бораëтган оқилона сиëсат маҳсулидир.
Президент Каримовнинг даъвосига кўра¸ Ўзбекистон бозорларида нарх-навонинг арзонлаши¸ ўзи бошчилик ҳукумат олиб бораëтган оқилона сиëсат маҳсулидир.

“Бозоримизда нима учун бугун гўшт арзон¸ сут маҳсулоти арзон?” Бугунги суҳбатимизда президент Ислом Каримов ҳукумат мажлисида қўйган ана шу савол жавобини излашга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон бозорларида сўнгги уч-тўрт ой давомида нарх-навонинг анчайин арзонлашгани рост.

Наманганлик Муҳаррамхон опа нархларнинг тушгани сабабини билмайди, лекин бозор-ўчар харажатларининг енгиллашганидан мамнун эканини айтади.

Муҳаррамхон опа: Гўшт олдин 7500 сўм эди. Ҳозир 5000 сўмга тушиб қолди.

Озодлик: Олдин деганингиз қачон?

Муҳаррамхон опа: 2-3 ой олдин.

Озодлик: Ëғчи?

Муҳаррамхон опа: Ëғ ҳам арзонлаганига икки ой бўлди. 2200 сўм бўлди.

Озодлик: Илгари қанча эди?

Муҳаррамхон опа: Илгари 3500¸ 4000 сўмдан олардик.

Озодлик: Ун қанча бўлди?

Муҳаррамхон опа: Уннинг бир қопи 70 минг сўм эди. ҳозир 35 минг сўмдан олаяпмиз.

Озодлик: Бу икки-уч ой олдин 70 минг сўм эдими?

Муҳаррамхон опа: Ҳа.

Озодлик: Яна нима арзонлади?

Муҳаррамхон опа: Ҳозир бозоримизда сабзи арзон. Минг сўмга 10 киломи¸ 5 киломи.

Озодлик: 10 киломи¸ 5 киломи?

Муҳаррамхон опа: 5 кило. Бизда 5 кило. Биздан юқоридаги туманларда 10 кило. Ҳозир энг арзони сабзи бўлиб қолди. Пиëз қиммат. Бир килоси 1200 сўм. Пиëз ҳозир қиммат.

Муҳаррамхон опа ва биз гаплашганимиз ўзбекистонлик оддий бозорчи ва харидорларга кўра, ярим йил ичида нархлар ўртача 25-30 фоизга арзонлаган.

2007 йилнинг охири ва ўтган йилнинг бошларида нархлар кескин кўтарилганини эслаган тингловчимиз учун бу қувонарли ҳол¸ албатта.
Лекин президент айтганидек, “Бозоримизда нима учун бугун гўшт арзон¸ сут маҳсулоти арзон?”

Хўш¸ нима учун?

Душанба куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги эълон қилган “Халқ фаровонлиги йўлида” номли мақола муаллифи халқаро молиявий бўҳрондан жаҳоннинг аксарият давлатлари азият чекаётган бир пайтда, Ўзбекистондаги тўкин-сочинлик ва фаровонлик сабабларини очиб беришга ҳаракат қилган.

Рус тилида ёзилган мақоланинг муаллифи Воҳид Луқмон бўҳрон туфайли, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилганидан боши оғриётган аксарият давлатлар ҳукуматларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар туфайли, Ўзбекистонда бунинг олди олинганини ёзади.

Воҳид Луқмон ўз хулосаларини, жумладан, президентнинг ҳукумат йиғинида айтган фикрларига қурган.

Ўша йиғинда “нархлар нега арзон”, деган саволни қўйган президентнинг ўзи, бу саволга Луқмондан аввал жавоб бериб бўлганди.

- Халқимиз бозорга чиққанда шуни кўриб¸ яна қиш пайтида¸ оғир пайтда¸ гўшт¸ сут маҳсулотлари¸ картошка¸ сабзавот маҳсулотлари қишда доим топаяпти. Лекин у ëғини ўйламайдики¸ бу осмондан тушмайди¸ ойдан тушмайди.

Бунинг устида ишлаш керак¸ бир йил эмас¸ кўп йил ишлаш керак. бунга тайëргарлик кўриш керак. Гўшт¸ сут қаердан пайдо бўлади? Мол боқмаса¸ бу маҳсулот қаердан бозорда пайдо бўлади? Ўйланглар шуни¸ дея ё халққа, ё йиғин иштирокчиларига писанда қилган эди Каримов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов эса, мамлакат бозорларидаги нарх-наволарга ижобий таъсир этиш учун президент Каримов ва ЎзА мухбири Луқмон айтган ҳукуматнинг “оқилона сиёсатининг” ўзигина кифоя қилмайди, дейди.

- Агар нарх тушса¸ демак ҳукуматнинг оқилона сиëсати натижасида юз берган бўлади. Нарх ошсачи? Нарх ошса нима билан изоҳлаш мумкин?

Демак қаердадир нарх тушса¸ қайсидир туркум товарларнинг нархи тушса¸ бу қачонлардир амалга оширила бошланган сиëсатнинг натижаси бўлиб чиқади.

Унда нарх-навонинг ошиши нима билан изоҳланади? Бунга ҳам жавоб бериши керакми¸ дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Хўш, “ўз вақтида бошланган, чуқур ўйланган ва узоқ истиқболга мўлжалланган оқилона сиёсатнинг” бозорлардаги арзончиликка алоқаси йўқ экан, бу арзончиликка нима сабаб бўлди?

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов, буни дунёнинг барча иқтисодлари, жумладан, Ўзбекистон иқтисоди учун ҳам муштарак қоидалар билан тушунтиради.

- Биринчи сабаб, худди шу туркум товарларидаги ишлаб чиқарувчилар¸ хизмат кўрсатувчилар¸ уни сотувчилар сегментида рақобат муҳити бор. Рақобат бор жойда ўз-ўзидан нарх-наво тушади.

Иккинчи сабаби, шу товарлар туркумига талабни ҳосил қиладиган аҳолининг реал даромадлари камайган бўлса камайдики¸ лекин кўпайиб қолгани йўқ. Ўша маҳсулотларга талабни нима ҳосил қилади?

Охирги 2-3 ойнинг ичида ўз-ўзидан шу маҳсулотга талаб ҳосил қиладиган аҳолининг пул маблағлари¸ кескин даражада деб айта олмайман, лекин 20-30 фоизга камайди.

Бозорнинг қонун-қоидаси бор: талаб камайгандан кейин нарх-наво тушади¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчи Ҳошимов айтган иқтисодий қоидалар Ўзбекистон учун ҳам ҳақиқат эканини билишнинг энг осон йўли, бозорлардаги талаб ва таклифга оид вазиятни ўрганишдир.

Ўзбеклар учун, қолган марказий осиёликлар каби, гўшт нархи бозордаги нархлар ҳавосини белгилайдиган омил бўлгани боис, ана шу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф ҳақда Сирдарёнинг Ховос бозорида қассобчилик қиладиган Музаффардан сўрадик.

Озодлик: Гўштнинг кетиши ҳозир аввалгига қараганда яхшими ë йўқми?

Музаффар: Йўқ¸ умуман суст.

Озодлик: Гўшт қанча эди¸ қанча бўлди?

Музаффар: 6000 сўм эди¸ ҳозир 5500 сўм бўлди.

Озодлик: 3 ой олдин қанча эди?

Музаффар: 7 мингга чиққан эди.

Озодлик: Аввал бир ойда нечта мол сўярдинглар ва ҳозир нечта сўяяпсизлар?

Музаффар: Ҳозир бир ойда 10 та мол етаяпти.

Озодлик: Аввалчи?

Музаффар: Аввал 20 тадан ошиқ сўярдик.

Озодлик: Бунинг сабаби нима? Ë одамлар гўштни кам олаяптими?

Музаффар: Халқда пул йўқда.

Ориф Ҳошимов кейинги ярим йилда бозорларда кузатилаётган арзончиликка президент Каримов ва ЎзА мухбири Луқмон айтган оқилона сиёсатнинг алоқаси йўқлигига яна бир мисол келтиради.

- Рақобат муҳити шаклланган мамлакатларда инқироз шароитида, албатта, нарх-наво тушади. Иқтисодиëт қандайдир институционал муаммолар билан юзма-юз келган пайтда¸ истеъмол нархлари ўз-ўзидан тушади.

Ўзбекистонда ҳам худди шу нарса бўлаяпти. Бу фақатгина иқтисоднинг рақобат муҳити бор бўлган сегментида бўлаяпти. Бошқа¸ масалан¸ монополлашган соҳалар - коммунал хизматлар¸ транспорт¸ ëқилғи-энергетика каби соҳаларда бу нарса бўлмаяпти.

Йўлларда нарх-наво тушмаяптику. Чунки монополлаштириб олинган. Энди ўзингизга ўзингиз савол беринг: нима сабабдан бензин нархи¸ электр нархи¸ газ нархи тушмаяпти¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати халқаро иқтисодий бўҳрон, қолаверса унинг мамлакат иқтисоди учун бевосита оқибатлари бўлишини тан олиб, уларнинг олдини-олиш чора тадбирларига оид президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари қабул қилинганида ҳам қандайдир ҳикмат бўлса керак, деб сўраймиз иқтисодчидан.

- Биринчи қарор¸ эсингизда бўлса 28 январда чиқарилди. Бу 58 сонли қарор. Ундан кейин шу атрофда бир-бирини такрорлайдиган¸ бир- бирини тўлдирадиган қарорлар чиқарилди. Энди мен битта нарсани айтаман.

Агар инқироз¸ бўҳрон¸ иқтисодий муаммо директива билан ҳал қилиниши мумкин бўлганда эди¸ қайсидир ҳукумат қарори билан¸ қайсидир буйруқ билан унинг олдини олиш мумкин бўлганда эди¸ алллақачон бу инқироз муаммоси ҳал қилинган бўларди¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Нархларга бевосита таъсир қиладиган талаб ва таклиф¸ биринчи навбатда¸ истеъмолчиларнинг сотиб олиш қурби, яъни уларнинг даромадига боғлиқдир, деб қўшимча қилади мутахассис.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов президентнинг ўтган йили ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши “300 АҚШ доллардан ортиқни ташкил қилди” деган фикрларига ҳам қўшилмайди.

- Агар бюджетдан ойлик оладиганларнинг¸ нафақахўрларнинг даромадлари ҳукумат томонидан 48-50 фоизга оширилганини ҳисобга оладиган бўлсак¸ бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам иш ҳақларини шунга мутаносиб равишда ошириш тавсия қилинганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак¸ лекин шу билан бирга ҳозир Ўзбекистондаги иш ҳақи бериш системасини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак¸ камида 35-40 фоизида пластик карточкаларида қолдиқ бўлиб турибди.

Мисол учун¸ мен 2008 йилнинг 1 январига 100 минг сўм олган бўлсам¸ 2008 йил давомида менинг ойлигим 40 фоизга ошиб¸ 140 минг сўмга етди деб ҳисобласак¸ менинг қўлимга ўша 40 минг сўм етиб келаëтгани йўқ.

У пластик карточкамда ëки омонатимда қолдиқ бўлиб турибди. Яъни менинг қўлимга охирги бўлиб келиб тушган сумманинг номинал қиймати 100 минг сўм бўлиб турибди¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчи ўз фикрига яна бир чизги сифатида 2007 йилнинг охири 2008 йилнинг бошларида нарх-наволарнинг кескин кўтарилиб кетганини эслатади.

- У пайтдаги вазият билан ҳозирги пайтдаги вазиятни солиштирсангиз ўзингизнинг саволингизга жавоб топасиз. Бу ерда даромаднинг бошқа манбалари бор эди.

6-7 ойнинг ичида Ўзбекистон аҳолисининг даромадининг алтернатив манбалари¸ яъни пул ўтказмалари орқали келаëтган пулларни ҳозир йўқ деб ҳисоблаймиз.

Охирги 3-4 йил ичида нарх-навонинг кескин ортиши¸ истеъмол товарлари нархининг кескин ортишида ташқаридан келаëтган трансферларни ҳисобга олишимиз керак бўладими¸ йўқми¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Даромаднинг муқобил манбалари деганда суҳбатдошимиз, Ўзбекистондан ташқарида меҳнат қилиб уйига пул юбораётган мардикорларни назарда тутади. Иқтисодчининг айтишича, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келаётган шахсий пул ўтказмалар миқдори кескин камайиб кетган.

- Мен ўзимнинг кузатишларим бўйича айтишим мумкин¸ холос. Пул келиши 10-15 баробарга қисқарди. Расмий пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга келаëтган пуллар инқирозгача бир ойда 200-250 миллион долларни ташкил қилар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 10-15 миллион доллардан ошмаяпти.

Кўпчилик “бу қиш даври¸ сезонмас” дейиши мумкин. Айнан 2008 йилнинг январ-феврал ойларида бу кўрсаткич 10-15 баробар юқори эди¸ дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Бозорлардаги арзончилик, талаб ва таклиф, истеъмолчиларнинг сотиб олиш қурби ва бошқа иқтисодий атамалар билан Озодлик тингловчиларини зериктириб юборгани эҳтимолидан бироз ҳижолат чеккан иқтисодчи Ориф Ҳошимов, суҳбат сўнггида ўз изоҳларини соддалаштиришга ҳаракат қилди.

- Саволларингизнинг ҳаммасига қисқача қилиб мақол билан жавоб берадиган бўлсам¸ “Туя минг танга¸ мана минг танга¸ туя бир танга¸ қани бир танга” деган мақол бор. Қани ўша бир танга? Гап масштаб¸ талаб ва таклифда¸ дейди Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG