Линклар

Журналист омон қолди,аммо...


“Репортёр-Бишкек” бош муҳаррири Турат Акимовнинг айтишича, Сирғақ Абдилдаев аввал ҳам ортидан одамлар кузатиб юрганини сезган.

“Репортёр-Бишкек” бош муҳаррири Турат Акимовнинг айтишича, Сирғақ Абдилдаев аввал ҳам ортидан одамлар кузатиб юрганини сезган.

3 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Репортёр-Бишкек” газетасининг сиёсий шарҳловчиси¸ Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Сирғақ Абдилдаев жонига қасд қилинди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотда айтилишича, 3 феврал куни кеч соат еттида номаълум тўрт шахс Бишкекнинг гавжум бўлган Тўғўлўқ Мўлдў ва Фрунзе кўчалари чорраҳасида журналист Сирғақ Абдилдаев танасига 21 марта пичоқ санчган, иккала қўлини эса уриб синдирган.

- Ҳозир бу воқеа юзасидан жиноят иши очилди ва махсус тезкор тергов гуруҳи ташкил этилди. Бу ишни шахсан Ички ишлар вазири ўз назоратига олди, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Раҳматулло Аҳмедов.

Расмийга кўра, журналистга уюштирилган ҳужум унинг касбий фаолияти билан боғлиқ экани тўғрисида гапиришга ҳали эрта.

Раҳматулло Аҳмедовнинг айтишича, дастлабки тергов натижаларидан сўнг бу ҳақда жўяли бир гап айтиш мумкин.

Бироқ журналистнинг ҳамкасблари Сирғақ Абдилдаевга уюштирилган ҳужум бевосита унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрдалар.

- Бу воқеа редакция биносининг олдида содир бўлган. Бундан ташқари, кечки соат еттида бу кўча жуда гавжум бўлади. Бу ерда университет ва кўплаб ташкилотлар бинолари жойлашган.

Ҳужумчилар ўз жиноятларини намойишкорона тарзда амалга оширгани ҳам ҳужумдан асосий мақсад журналистларни қўрқитиш бўлганини англатади, дейди “Репортёр-Бишкек” газетаси муассиси Султон Қаназаров.

Газета бош муҳаррири Турат Акимов эса сиёсий шарҳловчи Сирғақ Абдилдаевга бундан аввал ҳам таҳдидлар бўлганини айтади:

- Ўн кун аввал Сирғаққа телефон орқали таҳдид қилган эдилар. Бундан икки ой аввал ҳам шундай воқеа бўлганди.

Сирғақ Абдилдаев журналистик фаолиятини бошлашидан олдин Миллий хавфсизлик хизмати зобити бўлган. Шунинг учун ҳам у ўз ортидан номаълум шахслар кузатиб юрганларини сезган ва бу ҳақда бизга бир неча марта гапирган эди.

Унинг жонига қасд қилинган куни ҳам у: “Ортимдан кимлардир кузатиб юрибди”, деб бизга айтган эди, дейди Турат Акимов.

Сирғақ Абдилдаев жонига қасд қилингач, кўп ўтмай касалхонага етказилган ва операция қилинган. Ўз вақтида амалга оширилган тиббий муолажалар туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

- Беморнинг аҳволи ўта оғир эди. Ҳозир хавф бартараф этилди, лекин аҳволи ҳамон оғир.

Бемор танасининг 21 жойига пичоқ урилган, икки қўли уриб синдирилган.

Беморнинг бош мияси чайқалган, кўкрак қисми жароҳатланган, травматик шок бўлган. Бир кечада унга 3 литр 800 грамм қон қуюлди.

Сирғақ Абдилдаев дастлабки жарроҳлик амалиётидан ўтди. Энди у яна бир ўта оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиши керак, деди Бишкекдаги 4-касалхона бош шифокори Рамис Усенбоев.

Қирғизистон президенти котибияти бу воқеа юзасидан махсус баёнот тарқатди.

Баёнотда Сирғақ Абдилдаев сиёсий жараёнларни холис ёритувчи журналист сифатида танилгани ва унга нисбатан уюштирилган ҳужум президент котибияти томонидан журналистларга ўтказилаётган босим сифатида баҳоланиши таъкидланади.

Қирғизистондаги “Ота макон” ва “Яшиллар” партиялари ҳам Сирғақ Абдилдаевга қилинган ҳужумни сўз эркинлигини бўғиш ҳаракати сифатида қораладилар.

Бу воқеа юзасидан маҳаллий ва халқаро журналистлар ташкилотлари ҳам Қирғизистон ҳукуматига норозилик мактуби жўнатдилар. Бу мактубларда президент Бакиевдан Сирғақ Абдилдаев иши юзасидан терговни ўз шахсий назоратига олиш илтимос қилинган.
XS
SM
MD
LG