Линклар

Бермас қизнинг қалини оғир

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари¸ март ойидан бошлаб “РТР-Планета” нинг эфир вақти учун тўлаши керак нарх 50 фоизга қимматлаганини айтмоқдалар.

Тожик расмийлари¸ март ойидан бошлаб “РТР-Планета” нинг эфир вақти учун тўлаши керак нарх 50 фоизга қимматлаганини айтмоқдалар.

Расмий Душанбе¸ “РТР-Планета” телеканалининг Тожикистонда эфирга чиқарилмай қўйишини қарздорлик билан изоҳлаëтган бўлса-да¸ кузатувчилар бу воқеа ортида сиëсий омил ëтганини айтмоқдалар.

Тожикистон телевидение ва радио қўмитаси қошидаги “Телерадиоком” ширкатидан олинган маълумотларга кўра, “РТР - Планета” канали дастурларини мамлакат ҳудудида намойиш қилиш 2 март кунидан тўхтатиб қўйилган.

Мазкур ширкат раиси Суҳроб Алиев бу масалада ҳеч қандай сиёсий мотив йўқлигини билдирди.

- Россия телевидениесига йўллаган мактубимизда техник хизмат харажатлари ошгани ва бунга оид янги нархнома имзоланиши лозимлиги айтилган эди.

Аммо, афсуски, Россия томони таклифларимизни эътиборсиз қолдиргач шундай қарорга келдик, деди “Телерадиоком” ширкат масъули.

Расмийга кўра, “РТР-Планета” дастурларини Тожикистонда намойиш қилиш учун аввалги нархнома бўйича Россия томонидан ҳар ой 2,5 миллион рубл тўлаб келинган.

Янги нархномада техник хизматлар ҳақи 50 фоизга оширилган.

Суҳроб Алиевнинг гапига қараганда, руслар жорий йилда ўтган йил учун тўланмай қолган 5 миллион рубл ёки 150 минг доллар қарзни тўлаган, холос.

Аммо 2009 йилда дастурлар намойиши учун хизмат ҳақи юзасидан янги шартнома имзоланмай қолган.

“РТР-Планета” ширкатининг халқаро бўлими раиси Сергей Кошлаков “РИА Новости” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Тожикистон томонидан март ойи бошига қадар шартнома имзоланмаса, дастурлар намойиши тўхтатилиши борасида ҳақиқатдан ҳам огоҳлантириш берилганига доир маълумотларни тасдиқлади.

Айни пайтда “РТР-Планета” вакили ҳам бу масалада ҳеч қандай сиёсий омил йўқлиги ва баҳслар фақат нархнома атрофидалигини қайд этган.

Сергей Кошлаков жорий йилда “РТР-Планета” ширкати бюджетида ортиқча харажатлар учун маблағ кўзда тутилмаган сабабли ҳам шундай муаммолар юзага келганини билдирган.

Бироқ мустақил таҳлилчилар эса мавзуга сиёсий тус бермоқдалар.

- Аввало шуни айтиш керакки, президент Дмитрий Медведевнинг жорий йилда Ўзбекистонга сафаридан сўнг Россия-Тожикистон муносабатларида совуқлик сезила бошлаганди.

Россия томонининг давлат телеканали дастурлари намойиши учун пул тўлашни истамаётгани ва Тожикистон томонининг эса улар дастурини ўз ҳудудида текинга намойиш қилишни хоҳламасликлари икки давлат муносабатларида ҳамон муаммолар мавжудлиги далолатидир, дейди мустақил таҳлилчи Сайфуллозода.

Таҳлилчига кўра, “РТР- Планета”нинг Тожикистонда намойиши қилинмаслиги тожикистонлик томошабинлар норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Чунки, Сайфуллозода фикрича, тожикистонликларнинг Россия ҳудудида қолаётган яқинлари, ватандошлари тақдири ва улар билан боғлиқ муаммолар айнан Россия телеканалларида реал намойиш этилади.

Аммо бошқа бир таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов Тожикистон томонининг Россия телеканали дастурларини намойиш қилишни тўхтатиб қўйиши жуда тўғри эканини билдиради.

- Чунки Россия телеканали дастурларида кўпинча нотўғри ахборот сиёсати юргизиб келинади. Масалан, Афғонистон, Грузия ва бошқа шу каби давлатларидаги вазият билан боғлиқ масалаларда мувозанатсиз хабарлар берилади. Бу эса, шубҳасиз, томошабинни чалғитади, дейди таҳлилчи.

Лавҳани эфирга тайёрлаш жараёнида Тожикистондаги айрим маҳаллий ахборот агентликлари мамлакатда “РТР-Планета” телеканали дастурлари қайтадан тикланиши ҳақида хабар тарқатдилар.

Мазкур хабарларга мувофиқ, 4 март куни Россия томони техник хизматларни 50 фоизга ошириш бўйича “Тожикрадиоком” шартларига кўнган.

“Тожикрадиоком” масъулларидан бири Самад Ҳикматов, агар икки ёқлама шартнома имзоланса, Тожикистонда “РТР-Планета” эфири қайта тикланишини айтган.

Россия телеканали Тожикистонда шўро замонларидан намойиш этиб келинади. Бу канал фаолиятининг Тожикистонда тўхтатилиши ўтган шу давр мобайнида илк бор кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG