Линклар

"Сиёсий маҳбусларга озодлик!"

  • Сарвар Усмон

Стокҳолда ўтаëтган икки ҳафталик пикет шиори¸ ана шундай!

Стокҳолда ўтаëтган икки ҳафталик пикет шиори¸ ана шундай!

Бу Стокҳолм шаҳрида 3 март куни бошланиб, 2 ҳафта давом этадиган сиёсий акция шиоридир. Акция иштирокчилари ҳам¸ озодликка чиқарилиши талаб қилинаётган сиёсий маҳбуслар ҳам швецияликлар эмас.

Тадбирни ўзбеклар ўтказаяпти ва улар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилмоқда.

Мухбиримиз акция уюштирувчиларидан бири, ўзини Бирдамлик ҳаракати раиси муовини, деб таништирган ўзбекистонлик сиёсий қочқин Авазбек Файзиевга бир неча савол билан мурожаат қилди.

Аваз Файзиев: Пикет ўтказаяпмиз.

Озодлик: Қанақа шиорлар билан чиқдинглар?

Аваз Файзиев: Биринчиси¸ Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар озод қилинсин. Иккинчиси Юсуф Жума¸ Санжар Умаров¸ Носим Исҳоқов¸ Расул Худойназаров¸ Йўлдош Расулов¸ Солижон Абдураҳмонов¸ Аъзам Турғунов¸ Абдураҳмон Алиев озод қилинсин.

Озодлик: Мана сизларнинг пикетинглар Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида бўлаëтган экан. У Стокҳолмнинг қаерида бўлаяпти?

Аваз Файзиев: Марказий майдонда ўтказаяпмиз.

Озодлик: Оддий швецияликларнинг муносабати қанақа бўлаяпти?

Аваз Файзиев: Бугун учинчи кун бўлаëтган бўлса¸ икки кун ўзим мана шу ерда тепасида турдим. Икки куннинг ичида жуда кўпчилик келиб¸ фамилияларни сўраб “Нима сабабдан акция ўтказаяпсизлар? Нима сабабдан бунақа фамилияларни ëздинглар?” деб кўпчилик сўраганда¸ қўлимиздан келганча маълумот бердик. Кўпчилик келиб расмларга тушириб кетди.

Озодлик: Маҳаллий расмийларнинг муносабати қанақа?

Аваз Файзиев: Кеча телефон қилиб¸ “Икки ҳафталик рухсатнинг бир ҳафтасини кесиб ташладик” деб айтди. Бугун бориб учрашганимиздан кейин умуман 180 даражага бурилди. Қанча хоҳласанглар¸ шунча ўтказаверинглар¸ деди. Кеча умуман бошқача гапирган эди.

Озодлик: Демак¸ икки ҳафтага рухсат берди.

Аваз Файзиев: Ҳа¸ рухсатни олдик.

Озодлик: Иккаламизнинг суҳбатимизни эшитиб турган оддий¸ сиëсатдан узоқ тингловчининг хаëлига бир фикр келиши мумкин. Ўзбекистон қаердаю¸ Швеция қаерда? У ëқда туриб олиб пикет ўтказгандан нима фойда? Қаҳратон қишда печка ëқиб осмонни қиздиришга ўхшаган гап эмасми¸ деган гап бўлиши мумкин. Шунга нима дейсиз?

Аваз Файзиев: Энди ҳар битта пикетнинг¸ ҳар битта акциянинг ўзининг таъсири бўлади. Биз мана 2006 йилда келган бўлсак¸ икки йил давомида пикетлар ўтказдик¸ мурожаатлар тарқатдик. Озми кўпми барибир Ўзбекистон ҳукуматига қанақадир таъсири бор деб ўйлайман.

Озодлик: Ўша таъсирни сездингларми?

Аваз Файзиев: Ҳа¸ сезганмиз. Энди мен 100 фоиз бизнинг акцияларимизнинг орқасидан бўлди дея олмайман. Кўпчилик партиялар¸ ҳаракатлар билан акциялар ўтказганмиз. Керак бўлса¸ ўша Брюсселгача борганмиз. Таъсир қилмайди¸ фойдаси йўқ деб гапиргандан кўра¸ йўқдан кўра ҳаракатимизни тўхтатмаслигимиз керак.
XS
SM
MD
LG