Линклар

"Ўзбекистон Набуккога қўшилиши мумкин"

  • Ҳасанжон

Набукко лойиҳаси Европа ва Осиë ўртасидаги газ кўприги деб аталмоқда.

Набукко лойиҳаси Европа ва Осиë ўртасидаги газ кўприги деб аталмоқда.

Туркия интернет нашрининг шу мазмунда тарқатган хабари¸ Марказий Осиë газини Европага олиб келувчи бу лойиҳага нисбатан Тошкент ëндашувининг ўзгарувчан табиатидан огоҳ этди.

Ўзбекистон Марказий Осиё газини Европага етказадиган Набукко газ қувури лойиҳасида иштирок этиши мумкин.

Бу хабарни “zamon.com.tr” интернет сайти Ўзбекистондаги Болгария элчиси Илко Влавчевнинг матбуот вакиллари билан учрашувда айтган гапига асосланиб тарқатди.

Аммо Озодлик билан суҳбатда элчи Илко Влавчев мухбирлар билан учрашувда бундай баëнот бермагани¸ бор-йўғи Болгария президентининг ўз ҳамкасби Ислом Каримовни энергетика бўйича Болгарияда ўтказиладиган саммитда қатнашишга расман таклиф қилганини айтди.

Унга кўра, Ўзбекистон таклифга ҳозиргача жавоб бермаган.

- Мен бизнинг президент Тошкентга келганида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга 24 – 25 апрел кунлари энергетика масалаларига бағишлаб Болгарияда ўтказиладиган саммитда қатнашиш учун расмий таклифнома топширганини айтдим. Биз ҳозиргача Ўзбекистон томонининг жавобини кутаяпмиз, деди Болгариянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Болгарияда ўтказиладиган саммитда Ўзбекистон вакиллари қатнашиши ёки қатнашмаслиги ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекнефтегаз ва Узтрансгаз ширкатларига қўнғироқ қилганимизда ширкат вакиллари бу гапдан хабари йўқлигини айтди.

- Бу тўғрида бизга ҳали информация келгани йўқ¸ деди иккала ширкатнинг ўзини таништирмаган вакили.

Болгария Набукко қувури ўтадиган транзит давлат бўлгани учун элчи Илко Влавчев бу лойиҳа амалга ошишива унда Ўзбекистон ҳам иштирок этишидан манфаатдор эканини айтади.

Унга кўра, Болгария президенти Ўзбекистон раҳбарини саммитга ҳам Европа Иттифоқи вакили, ҳам мезбон сифатида таклиф қилган.

Набукко лойиҳаси бўйича январ ойида Венгрия пойтахтида бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистондан вакил қатнашмаган эди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг энергетика масалалари бўйича мутахассиси Чарлз Эссер¸ Ўзбекистоннинг Набукко лойиҳасида қатнашиши эҳтимолдан йироқ¸ деган фикрда.

Эссер бу фикрини бир неча асосга кўра изоҳлашга уринди.

- Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчидан¸ географик сабаб - Ўзбекистон Туркманистон ҳудуди орқали Каспий денгизига боғланиш мумкин бўлган газ қувурларига эга эмас.

Туркманистон Набукко лойиҳасида қатнашиш тўғрисида ҳозирча якуний қарор қабул қилгани йўқ. Набукко тақдири учун Туркманистон гази устивор масала.

Иккинчидан¸ Ўзбекистонда қазиб олинаётган газ жуда ҳам кўп эмас. Ўзбекистоннинг газ экспорт қилувчи қувурларни тўлдириш у ёқда турсин, қиш фаслида¸ ҳатто ўз ички талабини қондириш учун етарли миқдорда газга эга эмаслиги ҳаммага маълум.

Қолаверса¸ Ўзбекистон Россияга анча газ сотаяпти. Шу боис¸ Ўзбекистоннинг ўз энергетика соҳасига улкан инвестиция киритмасдан туриб¸ газини хорижга газ етказиб бериши эҳтимолдан йироқ.

Ва ниҳоят, Европа компанияларининг Ўзбекистон билан кенг қамровли ҳамкорлик қилмаётганига қатор сиёсий сабаблар бор. Шу боис¸ яқин келажакда Ўзбекистоннинг Набукко лойиҳасида қатнашиши эҳтимолдан йироқ, дейди Чарлз Эссер.

Набукко лойиҳаси бўйича Венгрияда ўтган саммитни бевосита кузатган Озодлик таҳлилчиси Брюс Паниер ҳам¸ Ўзбекистоннинг Набукко лойиҳасида қатнашиши эҳтимолдан йироқ¸ деган фикрга қўшилишини айтди.

- Набукко лойиҳаси қатор давлатлардаги газни Европага олиб келишга қаратилган. Ҳозирга қадар бу давлатлар орасида Ўзбекистон йўқ эди. Чунки Ўзбекистон бир неча бор Набукко лойиҳасида қатнашишга қизиқмаётганига ишора қилган.

Бир неча ой олдин президент Каримов Ўзбекнефтегаз Россия билан ҳамкорликни давом эттириб¸ Газпромга қарашли қувурлар орқали хорижга газ экспорт қилишини айтган эди, дейди Брюс Паниер.

Европа Иттифоқи газ бўйича Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Россияни четлаб ўтувчи Набукко лойиҳасини ишлаб чиққан.

2015 йилга қадар қуриб битказилиши айтилаётган 3300 километр узунликдаги Набукко газ қувурлари Марказий Осиё ва Кавказ газини Каспий минтақаси, Озарбайжон, Туркия, Болгария, Руминия ва Венгрия орқали Европанинг Австриядаги улкан газ тарқатиш тармоғига олиб келишни кўзда тутади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG