Линклар

logo-print

Ал-Башир халқаро ташкилотларни Судандан ҳайдамоқда


Гаагадаги жиноят ишлари бўйича халқаро суд тарихда илк бор амалдаги давлат раҳбарини инсониятга қарши жиноятларини содир этганликда айблаб, уни ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Халқаро суд ҳукмини эътироф этган ҳар бир давлат Дарфур минтақасида минглаб одамларнинг ўлдирилишида айбланаётган Судан президенти Умар Ал-Баширни ҳибсга олиши шарт.

Жиноят ишлари бўйича халқаро суд расмий вакили Лауренс Блайроннинг айтишича, Ал-Баширнинг давлатга раҳбарлик қилаётгани уни қонун олдида жавоб беришдан ҳимоя қилмайди.

- Умар Ал-Баширнинг давлат раҳбари сифатида хизмат қилаётгани уни жиноий жавобгарликдан озод қилмайди. Унинг мақоми уни Халқаро суд таъқибидан ҳимоя қилмайди, деди Лауренс Блайрон.

Президент Баширнинг хорижга сафарларини анча чеклайдиган ушбу ҳукм унинг халқаро жамоатчиликка нисбатан ғазабини оширди.

Ҳукмдан сўнг мамлакатдан 10 та халқаро гуманитар ташкилот чиқариб юборилди. Улар орасида Оксфам, Болаларни асранг ва Чегара билмас докторлар ташкилотлари бор.

Судан ҳукумати Халқаро суд қарорини “неоколониалистик” дея қоралади ва унинг мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилганини иддао қилди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг матбуот вакили халқаро ташкилотларга нисбатан зўравонликларга тоқат қилинмаслиги ҳақида билдиришга шошилди.

2003 йилда Дарфурда ўтказилган амалиётлар оқибатида 300 мингга яқин фуқаро нобуд бўлди, кўплаб аёллар зўрланиб, қарийб 3 миллион дарфурликлар уйидан ҳайдаб чиқарилди.

Кузатувчилар фикрича, Баширга нисбатан чиқарилган халқаро суд ҳукми дунёнинг бир қатор давлатларида ҳукмронлик қилаётган диктаторларга кучли огоҳлантириш бўлади.
XS
SM
MD
LG