Линклар

Бола нархи - 3000$


Марказий Осиëда авваллари кўз кўриб¸ қулоқ эшитмаган ҳодиса бўлган ўз боласини сотиш ҳодисаси ортида ҳам йўқчилик ëтгани айтилади.

Марказий Осиëда авваллари кўз кўриб¸ қулоқ эшитмаган ҳодиса бўлган ўз боласини сотиш ҳодисаси ортида ҳам йўқчилик ëтгани айтилади.

Сўғд вилоят ички ишлар маълумотларига кўра, Истарафшан туманига қарашли Қалачаи Артуш қишлоғида яшовчи Абдусалом Норматов 9 ёшли ўғли Алижонни сотиш чоғида ҳибсга олинган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази ходими Фируз Боқийнинг маълум қилишича, истарафшанлик Абдусалом Норматов ва Бобожон Ғафуров туманида истиқомат қилувчи Комилбой Баротов ўзаро тил бириктириб, бола савдосига қўл урганлар.

Абдусалом Норматов ўз фарзандини 12 минг сомоний ёки 3 минг АҚШ долларига сотишга азм қилган.

Болафуруш ота ва харидор айни пайтда Истарафшан туман ички ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Абдусалом Норматовнинг қўшниси Мағфиратнинг айтишича,бу оила серфарзанд, тирикчилиги оғир:

- Бу оилани ҳаёт синовлари анча қийнади. Абдусалом оиласининг яхши яшаши учун қайғурмас эди.

Бечора хотинига қийин, эри уравериб, қўрқитиб қўйган. Назаримда, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз фарзандидан воз кечмаслиги керак, дейди Мағфират.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига мувофиқ, жорий йилда фарзанд сотиш билан боғлиқ ҳолат биринчи марта қайдга олинган.

Хўш, нега ота-оналар ўз фарзандларини сотмоқда? Уларни бунга нима мажбур қилаяпти?

Маҳаллий кузатувчи Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, бундай салбий иллатларнинг кўпайишига кўпроқ мамлакатдаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда.

- Мана шундай даҳшатли воқеалар мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволи нечоғли эканини кўрсатиб турибди.

Бундай воқеани эшитиб, даҳшатга тушади одам. Чунки ўша одамнинг руҳини ҳам, қалбини ҳам ва маънавий оламини ҳам иқтисодий қийинчиликлар кемириб ташлаган.

Унинг кўзига пуштикамаридан пайдо бўлган фарзанди эмас, балки яшаш учун керак бўлган восита кўринаяпти, холос, дейди Абдурасул Мамадалиев.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, мамлакатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби дастурлар ўтмишда қолиб кетган.

Республика ҳукуматининг жорий йил феврал ойида қабул қилган қарорига биноан кўп болали ва янги туғилган болаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори қисқартирилган.

Эндиликда кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ҳар ойда илгариги 80 сомоний (20 АҚШ доллари) ўрнига, 20 сомоний (5 АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам берилади.

“Ҳаёт чашмаси” номли вилоят аёллар жамоатчилик ташкилоти раисаси Рафоат Бобоеванинг айтишича, бугунги кунда жуда кўп ёш болалар турли хил зўравонликлар дуч келиб, одам савдоси қурбони айланмоқдалар.

Ана шундай болаларни аниқлаш, уларни янги ҳаётга қайтариш учун Халқаро миграция ташкилоти кўмагида Сўғд вилоятида болаларга вақтинчалик бошпана берадиган марказ ташкил этилган.

“Марказ одам савдоси қурбони бўлган, оилада турли хил зўравонликларга учраган, ҳаётдан кўнгли совиб кетган болаларни ўз ҳимоясига олади. Бундай болалар борлигини сизлар қандай қилиб аниқлайсизлар?” деб сўраймиз марказ бошлиғидан:

- Энг аввало, давлат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқамиз бор, ички ишлар бўлимлари билан ҳам. Аста-секин одамлар ишончига кирдик.

Масалан, ўтган йили вилоят шарқидан бир аёл келиб, олти ойлик боласини сотмоқчи бўлди. Икки ой давомида вакилларимиз у билан тушунтириш ишларини олиб борди.

Бу муддат ичида эса фарзанди марказда сақланди. Ҳозир ўша аёл ишлаяпти,фарзанди икки яшар бўлиб қолди, дейди Рафоат Бобоева.

Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда вилоятда бола сотиш билан боғлиқ олтита жиноят содир этилган. Сотилмоқчи бўлган болаларнинг икки нафари бир ҳафталик чақалоқлар бўлган.
XS
SM
MD
LG