Линклар

logo-print

Мардикор пул юбормай қўйди


Яқинларгача мардикорлар учун Ўзбекистонда қолган яқинларига пул юборишнинг энг қулай тармоғи бўлган Вестерн Юнион каби молия хизмати тизимларида ҳаëт қайнаëтган бўлса¸ бугунга келиб тескари манзара кузатилмоқда.

Яқинларгача мардикорлар учун Ўзбекистонда қолган яқинларига пул юборишнинг энг қулай тармоғи бўлган Вестерн Юнион каби молия хизмати тизимларида ҳаëт қайнаëтган бўлса¸ бугунга келиб тескари манзара кузатилмоқда.

Мамлакатнинг қатор вилоятларида ўтказилган сўров натижасига кўра¸ жорий йилнинг ўтган икки ойида Ўзбекистонга хориждан келаётган пул жўнатмалари 90-97% га камайган.

Қийноқларни олдини олиш тезкор гуруҳи жорий йилнинг 20 январидан 20 февралигача Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Андижон, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мониторинг ўтказиб, мардикорларнинг пул жўнатмалари билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

Тезкор гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, мониторинг натижасида пул жўнатмалари миқдорининг кескин камайгани аниқланган.

- Асосий натижалар шуни кўрсатдики, фақат 2009 йилнинг январ- феврал ойларида чет элдан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари томонидан юбориладиган пул ўтказмалари ўртача 90-92% га камайиб кетган. Бу кўрсаткич Андижон вилоятида 97% ни ташкил қилади.

Бу маҳаллий банк фаолиятини ўрганганимизда тасдиқланди. Солиштирадиган бўлсак, 2006 йилдан 2008 йилнинг ўртасигача бир банк ўртача кунига 70 дан 600 гача мижозга пул ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 10 тадан 20 тагача тушиб қолган, дейди Суҳроб Исмоилов.

Тезкор гуруҳ фаоли пул жўнатмалари камайишининг молиявий инқироз билан боғлиқлигини қайд этади.

Кейинги пайтда Россия ва Қозоғистонда ишлаётган мардикорлар оммавий равишда уйга қайтмоқдалар¸ хорижда қолиб ишлаётганлари эса¸ оилаларига етарли даражада пул жўната олмаяптилар.

Хоразмлик 26 ёшли Ойбек ҳам Россияда мардикорлик қиларди. У беш ой аввал Хоразмга қайтиб келган.

- Россияга бориб ишладим. Инқироз туфайли пулсиз уйга келдим. Ҳозир уйда ўтирибман. 5 ойдан бери уйдаман.

Бир укам Москвада ишда эди. Инқироз туфайли қайтиб келишига ҳам пул йўқ, ишлай деса, иш йўқ, нима қилишини билмасдан ўтирибди. Ишлаган пулини бериша олмабди.

Ҳозир уйда пул йўқ. Онамнинг пенсиясига қараб ўтирибмиз. Рўзғор пенсия пули орқали бўлаяпти, дейди Ойбек.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, мардикорларнинг пул жўнатмалари мамлакат ички бозорида асосий рол ўйнайди.

- Агарда чет элларда юрган мардикорларнинг сонини тахминан 5 миллион атрофида деб ҳисоблайдиган бўлсак, улар оиласига бир ойда 100 доллардан юборадиган бўлса, демак, бир йилда 1200 доллар юборади.

Агар буни 5 миллионга кўпайтирадиган бўлсак, 6 миллиардга тенг миқдорда пул келиши керак.

Мабодо улар 100 доллардан ошиқ пул юбораëтган бўлса, демак, гап 5-6 миллиард доллардан тортиб 10 миллиард долларгача бўлган пул ҳақида кетаяпти.

Ўзбекистоннинг бир йиллик ялпи ички маҳсулоти 30 миллиард долларга яқин (расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2008 йили 26¸6 миллиардни ташкил этган -таҳ.) . Демак, агарда пул ҳажмини оладиган бўлсак, бир йилда Ўзбекистоннинг пули 5 марта айланадиган бўлса, демак, гап товар айланмасида Ўзбекистоннинг ички савдосида қатнашаëтган пул 5-10 миллиард атрофида бўлиши мумкин.

Мана шу иккита рақамни солиштиришимиз натижасида четдан келаëтган пулнинг Ўзбекистон ички бозорида ниҳоятда катта аҳамиятга эга эканлигини кўрамиз, дейди таҳлилчи.

Комрон Алиев молиявий инқироз туфайли пул жўнатмалари камайиши Ўзбекистон ички ҳаётида бир қатор салбий ҳолатларга сабаб бўлаётганини айтади.

- Ҳозирги вақтда четдан келаëтган пулнинг камайиб қолиши натижасида дўконларда бўлаëтган савдолар тушиб кетган.

Бу савдоларнинг тушиб кетиши натижасида банкларга келаëтган пуллар ҳам камайиб кетган.

Ўзбекистоннинг кўпгина жойларида маошларни вақтида бермаслик, умуман пул айланмасида анча қийинчилик кўзга ташланиб турибди.

Бу Ўзбекистон иқтисодиëтига тўғридан тўғри ва асосий бўлаëтган таъсир, дейди Комрон Алиев.

Комрон Алиев фикрича, молиявий инқироз туфайли ўзбекистонликларнинг иқтисодий муаммолари кўпайиб, аҳоли орасида ишсизлик кучаяди.

- Мардикорлар у ерда қайтиб келади. Уларнинг ҳам ҳаммасига иш топиб бериш керак.

Уларнинг ўзлари пул юбора олмаëтганлиги сабабли бола-чақага иш керак.

Демак, Ўзбекистон шароитида биринчи навбатда ишсизликнинг ниҳоятда кучайиши, оилаларда тақчиллик юзага келиши кўзга ташланади, дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG