Линклар

logo-print

Америка Тожибоева жасоратини қадрлади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон турмаларини "қийноқлар ороли" дея атаган Мўътабар опа¸ ҳукумат босимига қарамай¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бундан сўнг ҳам давом эттиражагини айтиб келмоқда.

Ўзбекистон турмаларини "қийноқлар ороли" дея атаган Мўътабар опа¸ ҳукумат босимига қарамай¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бундан сўнг ҳам давом эттиражагини айтиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти учун 2 йилу 8 ой қамоқ азобини тортган Марғилондаги "Ўтюраклар" клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевани яна бир нуфузли мукофот кутмоқда.

Халқаро хотин-қизлар куни эртасига ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева кейинги ойлар ичидаги учинчи халқаро совринни қабул қилади - Тожибоевага АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёллар... Узоқни кўзловчи аёл”мукофоти топширилади.

Халқаро ҳамжамият босими остида қамоқдан озод қилинган Мўътабар Тожибоева¸ 2008 йилда халқаро Мартин Энналс мукофоти ва Франциянинг “Озодлик¸ тенглик¸ биродарлик” мукофоти билан тақдирланди.

АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёллар... Узоқни кўзловчи аёл” мукофоти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта жасорат кўрсатган хотин-қизларга тақдим қилинади.

Мукофотни топшириш маросими 9 март куни АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтади ва хабарларга кўра тақдирланганлар мукофотни шахсан Давлат котиби Ҳиллари Клинтондан қабул қиладилар.

Вашингтон сафари арафасида Мўътабар Тожибоева қамоқда ëмонлашган соғлиғини тиклаш мақсадида Францияда тиббий муолажа олмоқда.

Мўътабар Тожибоева билан суҳбатни уни бу мукофот билан табриклашдан бошладик.

Мўътабар Тожибоева: Раҳмат. Мен бу мукофотни нафақат Мўътабар Тожибоевага¸ айнан фуқаролик жамиятини ривожлантиришда жонбозлик кўрсатиб¸ ўзининг ҳаëтини хавф остига қўйиб ишлаëтган аëлларга ҳам берилган мукофот деб ҳисоблайман. Мен бундан жуда ҳам хурсандман.

Озодлик: Мўътабархон¸ ҳозирги мукофотни олиш баробарида Ўзбекистондаги аëллар ҳуқуқлари¸ уларнинг бугунги шароити¸ бугунги турмуш тарзи ҳақида нима дея оласиз?

Мўътабар Тожибоева: Бугунги кунда шу учта мукофотнинг айнан менга берилишида ўзгача бир рамзий маъно бор деб ҳисоблайман. Яъни бу Ўзбекистонга бутун ҳамжамиятнинг эътиборининг кучайгани¸ Ўзбекистондаги вазиятга жиддий қараб¸ бу ҳолатга ўз муносабатларини билдираëтганликларини исботлайди.

Мен нимани айтмоқчиман? Бугунги кундаги ўзбек аëлларидан ташкил топган аëллар мардикор бозори¸ ҳатто ўша мустабид тузум деб атайдиганимиз совет даврида ҳам¸ ундан олдинги даврларда ҳам йўқ эди. Бизнинг мустақил Ўзбекистонимиздагина мана шу мардикор аëллар бозорлари кучайди.

Бугунги кунда энг ачинарлиси¸ аëлларнинг фақат жисмоний ҳирсини қондириш учун эмас¸ фарзандларини боқиш¸ уларни кийинтириш учун турли давлатларга бориб ўз таналарини сотишга мажбур бўлаëтганликларидир.

Бундан ташқари зиëли бўлган ўқитувчи ва врачларнинг дунë бўйича ҳар ëққа тарқаб кетиб¸ ҳатто Ўзбекистоннинг ўзида ҳам мардикорлик билан шуғулланаëтганликлари ҳам жуда ачинарли ҳол.

Мен халқаро мукофотларнинг лауреати сифатида ўзбек аëлларининг қадр-қиммати юксалиши учун жиддий ўзгаришлар қилинишига ҳаракат қиламан¸ бу жараëнга ўз ҳиссамни қўшаман¸ деб умид қиламан.

Озодлик: Мўътабархон¸ ўзбекларда “Мевали дарахтга тош отилади” деган гап бор. Олаëтган мукофотларингиз Ўзбекистон ҳукуматининг жиғига тегаяптими¸ ҳарқалай¸ сиз ҳақингизда Ўзбекситон матбуотида бир қанча мақолалар пайдо бўлаяпти. Мана шулардан энг сўнггиси сизнинг акромийлар ва Андижон воқеаларига боғлиқлигингиз тўғрисида.

Мақола муаллифи Айдин Гударзининг ëзишича¸ сиз Андижон воқеаларида ҳалок бўлган Шокир Шарипов билан яқин алоқада бўлган экансиз. Ҳатто у ерда сизнинг телефон рақамларингиз ҳам кўрсатилган. Сиз бунга нима дейсиз?

Мўътабар Тожибоева: Мен¸ биринчидан хурсанд бўлдимки¸ Ўзбекистон ҳукумати айнан менга қарши туҳмат мақола ëзишга ўзбекистонлик журналистларни кўндира олмаган бўлса керак. Мана шу мақоланинг чоп этилиши¸ Ўзбекистон ҳукуматида фуқаролик жамияти фаолларига туҳмат¸ бўҳтон қилишда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган жирканч шахслар борлигини исботлашди.

Қарангки¸ мен Жиноят кодексининг 18 та моддаси билан қамалган эканман¸ нима учундир бу айбловлар менинг айблов ҳукмимда эълон қилинмаган. Кейин Америкада яшайдиган Айдин Гударзи “жиноят иши материалларидан ўрганганимизда” деяпти. Қизиқ¸ сиëсий қочқин Айдин Гударзи Ўзбекистонга бориб жиноят иши материаллари билан танишиб чиққанми ëки Айдин Гударзига жиноят иши материалларини Ўзбекистон ҳукумати юборганми?

Сабаби¸ айнан менга боғлиқ жиноят ишида ҳам¸ акромийларга боғлиқ жиноят иши материалларида ҳам жиноят иши материаллари билан танишиш ва улардан кўчирма олиш бўйича ҳуқуқларимиз поймол бўлганлигига судларимиз жараëнида барча гувоҳ бўлган.

Яна мени қувонтирадиган нарса шуки¸ менинг айбсизлигимни исботлайдиган ва Ўзбекистон ҳукуматининг жирканчликларини исботлайдиган¸ менинг қўлимда бўлган ҳужжатлар бугунги кунда Европа мамлакатларида сақланмоқда.

Мен Америкада нафақат мукофот олиш¸ балки бу ҳужжатларни ҳам олиб бориш ва шу ҳужжатлар асосида Айдин Гударзи билан юзма-юз очиқ мулоқот қилиш умидидаман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG