Линклар

logo-print

Газ уруши янги жабҳага ўтди


Украина Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказган рейд давомида Нафтогаз кампаниясининг бош бухгалтери ҳибсга олинди.

Украина Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказган рейд давомида Нафтогаз кампаниясининг бош бухгалтери ҳибсга олинди.

Президент Юшченкога бўйсунувчи Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг бош вазир Тимошенко ҳимоятидаги Нафтогаз ширкатида рейд ўтказгани¸ газ жанжалининг ички сиëсий низога айлангани даракчиси бўлди.

Украина Давлат хавфсизлик хизматининг юзига ниқоб тутиб¸ тиш-тирноғигача қуролланган ходимлари 4 март куни тушдан сўнг давлатга қарашли Нафтогаз ширкатига бостириб кирдилар.

Президент Юшченкога садоқатли саналадиган хавфсизлик хизматининг бу рейдни шахсан президент буйруғига кўра амалга оширгани айтилмоқда.

Нафтогаз матбуот котиби Валентин Землянский рейд чоғида ширкат биносида бўлган.

- Бир зумда¸ бутун бинонинг ҳамма томондан қуршовга олингани аëн бўлди. Катта қуролланган гуруҳ бино ичига бостириб кирган бўлса¸ бошқа бир гуруҳ ташқарида назорат ўрнатди. Бостириб кирганлар ўзларини таништирмади ва уларнинг Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари экани ва қандайдир терговга алоқадорлигини фақат хабарлардан билиб олдик. Мен қурол кўтарганларнинг қанақа тергов ўтказишини тушуна олмадим¸ деди Нафтогаз матбуот вакили.



Айни пайтда¸ президент Юшченко сўзчиси Ирина Ванникова¸ Нафтогазда тинтув ўтказиш учун қуролли бўлинмаларни жалб қилишга эҳтиëж бўлганини айтади.

- Мавжуд шароит шуни тақозо қилгани боис¸ Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳаракатлари ҳам анчагина кескин бўлди. Кенг кўламли қонунбузарликлар тафтиш қилинар экан¸ қатъият ва кескинлик кўрсатилиши лозимлиги борасида президентнинг ишончи собит¸ деди Юшченко матбуот котиби.

Айтилишича¸ Нафтогаз идорасида ўтказилган тинтув чоғида мусодара қилинган ҳужжатлар орасида РосУкрЕнерго ширкатига қарашли бўлган 11 миллиард куб метр газга оид қоғозлар ҳам бор.

Яқинларгача¸ Россия ва Украина ўртасидаги газ борасидаги келишувларда воситачилик қилиб¸ ўртада катта фоиз ҳақ олиб келган бу шубҳали ширкат¸ бош вазир Юлия Тимошенконинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан январ ойидаги музокаралари давомида ўйиндан чиқарилган эди.

Ўшандан бери¸ президент Юшченкога алоқадорлиги айтиладиган РосУкрЕнерго ширкати ихтиëрида бўлган заҳирадаги улкан газнинг қаëққа ғойиб бўлгани савол остида қолиб келмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати матбуот котиби Марина Остапенкога кўра¸ 4 март кунги рейд Нафтогазнинг РосУкрЕнергога қарашли 900 миллион долларлик газни ноқонуний ўзлаштирганига оид гумонларга боғлиқ эканини айтди.

- Бу воқеани ҳаддан зиëд бўрттиришнинг кераги йўқ. Бу рейд Украина қонунчилиги доирасида ўтказилган одатий тергов-текширув амалиëти. Терговчилар жиноий жараëн учун лозим бўлган ҳужжатларни қўлга олдилар ва бу Нафтогазнинг ноқонуний газ келишувлари билан боғлиқ гумонларга тааллуқлидир¸ деди хавфсизлик хизмати расмийси.

Мазкур рейдга муносабат билдирган бош вазир Тимошенко¸ бу ҳаракатни РосУкрЕнерго томонидан Нафтогазнинг мамлакатга газ узатиш фаолиятини фалаж қилиш мақсадида уюштирилган фитна¸ дея баҳолади.

- Кеча суд бу каби тергов ҳаракатларини зудлик билан тўхтатиш ва бу каби жиноий бош-бошдоқликка чек қўйишни талаб қилди. Аммо суд ҳукми амалга ошмади ва ҳозирда бир одам ҳибсда қолмоқда. Мен¸ нима бу ўзи¸ деб сўрамоқчиман. Биз яна сталинчиликка қайтаяпмизми? деди жунбушга тушган Тимошенко хоним.

4 март куни хавфсизлик хизматининг Нафтогаз ва унга қарашли газ қувурларини назорат қилувчи Укртрансгаз идорасида ўтказилган рейд¸ ширкат раҳбарияти томонидан¸ унинг ички фаолиятига қўпол аралашув дея баҳоланди.

Нафтогаз расмийларига кўра¸ рейд ўтказганлар бу иккала идорани ўзлари истаган бирор ҳужжатсиз тарк этишга мажбур бўлганлар.

Мазкур воқеага муносабат билдирган Россия бош вазири Владимир Путин¸ унинг Украина ички иши эканини айта туриб¸ айни пайтда бу воқеалар энергия муаммоларини ҳал қилишда Украинанинг нақадар ишончли шерик экани ҳақдаги саволни яна бир бор кун тартибига қўйганини таъкидлади.

Путин¸ шунингдек Россиянинг Газпром ширкати ушбу рейд билан кетма-кет пайдо бўлган баëнотида¸ бу воқеа Нафтогазнинг феврал ойида олинган газ пулини вақтида тўлашига таъсир этмаслигига умид билдирди.

Агар Украина Россия гази учун қарзини вақтида тўламаса¸ ўртадаги келишувга кўра¸ Газпром яна Украинага газ узатишни тўхтатишга ҳақли.

Мободо уч йилдан бери такрорланиб келаëтган бундай ҳол яна юзага чиқса¸ бу Россия газига қарам бўлган Европа давлатларидаги газ таъминотига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.

Зотан¸ январ ойида Москва ва Киев ўртасида қарийб бир ой давом этган газ тортишуви оқибатида Европанинг 10 дан ошиқ давлатида газ тақчиллиги юзага келган эди.

Аммо ҳозирча¸ Россия ҳам¸ ЕИ ҳа¸ яқинлашаëтган президентлик сайловида асосий рақиб бўлиши кутилаëтган икки ғаним – президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ўртасидаги бу низонинг қаергача боришини сас чиқармай кузатишга маҳкум.
XS
SM
MD
LG