Линклар

Ҳолва деган билан¸ оғиз чучимас

  • Ҳурмат Бобожон

Ишсиз қолган минглаб муҳожирларнинг иложсизликдан жиноятга қўл уриш эҳтимолидан чўчиган Чехия полицияси¸ кейинги ойлар давомида муҳожирлар¸ хусусан марказий осиëликлар устидан назоратни кучайтира бошлади.

Ишсиз қолган минглаб муҳожирларнинг иложсизликдан жиноятга қўл уриш эҳтимолидан чўчиган Чехия полицияси¸ кейинги ойлар давомида муҳожирлар¸ хусусан марказий осиëликлар устидан назоратни кучайтира бошлади.

Ишидан ажраб қолган ўзбек мардикорлари ўз юртларига қайтиш учун Чехия ҳукумати ваъда қилган 500 евро пул ва текин авиачиптани олишнинг анчайин машаққат эканидан гапирмоқдалар.

Прагадаги қурилишларда ишлаган ва бугунги кунда молиявий инқироз туфайли ишсиз қолиб, ватанга қайтиш илинжида юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири яқинда Чехия ҳукумати ваъда қилган бепул чипта ва 500 евро пулни олиш учун Прагадаги миграция хизматига мурожаат этди.

- Имконияти бўлса шу йўл билан кетаверардим. Шунинг учун полицияга бордим. Ҳужжатларимни, шартномаларимни олиб борсам, ишдан бўшаганинг ҳақдаги справкани олиб кел, дейишди, менга. Менда бундай справка йўқ, дейди Прага ҳукумати таклиф этаётган имтиёзлардан фойдаланмоқчи бўлган ўзбек муҳожири.

Чехия полициясига кўра, ўз юртларига қайтиш учун бепул чипта ва 500 евро пулни олмоқчи бўлган муҳожирлар ҳақиқатан ҳам лозим бўлган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт. Чехия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳана Мала гапиради.

- Биз таклиф этаётган имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари Чехия Республикасида қонуний рўйхатдан ўтган бўлишлари лозим ва улар қўлида ҳақиқатан ҳам ишини йўқотганини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак.

Агар шу ҳужжатлар бўлса¸ улар ўз юртига қайтиш учун бепул чипта ва 500 евро пулни олиши мумкин, деди Ҳана Мала.

Ўз исмини айтишни истамаган ўзбек муҳожирларидан бирининг айтишича, сўнгги кунларда жуда кўп ўзбекистонлик Чехия ҳукумати таклиф этаётган бу имтиёздан фойдаланиб, уйига етиб олган.

- Билетдан ташқари 500 евро пулни аэропортда регистрациядан ўтгандан кейин беради. Наманганлик йигитлар яқинда уйига етиб ҳам олди. Жуда кўп одам кетаяпти. Хоразмдан, умуман водийдан келганлар¸ паспортига бу ëрдамни олганини тасдиқловчи муҳрни бостириб¸ кетишаяпти.

Билет олиб беради, пул беради. Фақат чекланган экан, 2000 одамга холос экан¸ бу имконият. 2000 дан уёғи ўзи пулини топиб чиқиб кетар экан, дейди ўзбек муҳожирларидан бири.

Чехия Ички ишлар вазирлиги расмийлари ҳам, ишсиз қолган меҳнат муҳожирларининг ўз уйларига етиб олишларига ёрдам беришга қаратилган бу дастур ҳозирча синов босқичида экани ва ҳақиқатан ҳам ёрдамлар чекланган эканини тасдиқлади.

- Бу ерда лимит бор¸ албатта ва ҳозирча келаси саккиз ой мобайнида 2000 кишининг уйига қайтишига ёрдам беришни мўлжаллаяпмиз.

Агар ҳукумат бунинг учун яна пул ажратадиган бўлса, балки ёрдамлар яна давом этиши ҳам мумкин, деди Чехия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳана Мала.

Ҳозирда Чехия ҳукумати ишсиз қолган чет эллик меҳнат муҳожирларининг ўз уйларига қайтишларига ёрдам бериш учун 60.7 миллион крон, (қарийб 3 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратган.

Бундан ташқари¸ Чехия ҳукумати бундан буён четдан келаётган муҳожирларга узоқ муддатли ишчи визаси берилишини ҳам чекламоқчи.

Чехия Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳозирда Чехияда узоқ муддатли ишчи визасини олиб ишлаётган 300 минг меҳнат муҳожири бор, уларнинг 2 минги ўзбекистонликлардир.

Март ойи ичида молиявий бўҳрон боис Чехиядаги яан 15 минг муҳожир ишсиз қолиши мумкин. Келаси олти ой мобайнида эса 68 минг меҳнат муҳожирининг мамлакатда ишлаши учун берилган рухсат муддати тугайди.

Чехия ҳукумати меҳнат муҳожирларининг ишсиз қолиши уюшган жиноятчиликка сабаб бўлиши олдини олиш учун уларнинг ватанларига етиб олишларига кўмаклашмоқда.

- Бу имтиёзларимиз Чехияда қонуний равишда рўйхатдан ўтиб ишлаган ва бугунги кунда ишсиз қолган учинчи дунё ўлкалари, жумладан Ўзбекистон фуқароларига тегишлидир, деди Чехия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳана Мала.

Айрим ўзбекистонликлар шу йўл билан ватанга қайтиш илинжида бўлса, бошқалари инқироз даврининг ўтишини Прагада кутишларини айтмоқдалар.

- Вақтинча иш йўқ, ишсиз ётибмиз. Кунлар исиб қолса¸ ишлаймиз деган умид бор¸ аммо. Ризқимиз борини олиб кетамиз, барибир юртимиз, борармиз бир кун, дейди ўзбек муҳожирларидан бири.

Молиявий инқироз боис меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдори сўнгги йилларда кескин пасайган.

"Экономист" журналига кўра, 2007 йилда ривожланаётган давлатларга меҳнат муҳожирлари тарафидан жўнатилаётган пул оқими 929 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2008 йилда бу рақам 466 миллиард долларга тушган, яъни глобал молиявий инқироз боис ривожланаётган давлатларга мардикорлар юбораëтган пул оқими икки баравар камайган.

Дунёда ишсизлар сони кўпаяётган бир пайтда¸ арзон иш кучи экспортчисига айланган Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий вазият янада оғирлашиши мумкин.

Ҳукумат¸ глобал инқирознинг Ўзбекистонга таъсирини кучли ҳисобламаса-да¸ мустақил шарҳловчилар инқироз ижтимоий вазиятга жиддий таҳдид солаётгани, миллионлаб ўзбек муҳожирларининг мамлакатга қайтиб¸ ишсиз ўтириши ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG