Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Тингловчи - жаноби олийлари


Озодликнинг ўз тингловчиси билан алоқаси¸ замонавий коммуникация воситалари боис¸ узлуксиз сақланиб қолмоқда
Озодликнинг ўз тингловчиси билан алоқаси¸ замонавий коммуникация воситалари боис¸ узлуксиз сақланиб қолмоқда

Бугун минбарга уч ўзбекистонликни таклиф қилдик. Аниқроғи, икки киши ўзи минбардан туриб гапирмоқчи бўлди, учинчисини биз суҳбатга таклиф қилдик.

Учала тингловчимиз ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигранти. Бири Москва вилоятида ишлаётган фарғоналик, иккинчиси Москва шаҳрида ишлаётган андижонлик, учинчиси Жанубий Кореяда ишлайди. Талаффузига қараганда жиззахлик.


"Нурчи"лар тақдири баҳс марказида



Ёши 40да, фарғоналик, уйланган, 3 фарзанди бор, фарзандларининг каттаси 15 га кирган, ўзи меҳнат мигранти – кейинги бир неча йилдан буён Москва областида яшаб, ишламоқда, олий маълумотли.

Собитхон исмли бу тингловчимиз "Тингловчи минбари"га чиқиб фикр билдиришни истаган биринчи меҳмонимиздир.

- Мен Москва шаҳрида Ўзбекистондан келиб тирикчилик қилиб¸ ишлаб юрган йигитман. Сиз билан агар вақтингиз бўлса¸ фикр алмашмоқчи эдим¸ дея гап бошлади Собитхон.

Вақтимиз, албатта, бор. Ахир Сиз тингловчи учун ишлаяпмизку.

Собитхон билан узоқ суҳбатлашдик.

У киши, дастлаб, ўтган ҳафтада шов-шув бўлган бир воқеа – Тошкентда бир гуруҳ "нурчилар"нинг қамалиши юзасидан фикр билдирди.

- Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судя Йигиталиев Фарҳод раислигида гуруҳдаги биринчи айбланувчиларга яъни Ибрагимов Баҳром билан Кабилов Давронларга нисбатан 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси белгиланди.

Вафоев Равшанбекка 10 йил ва яна қолган икки шахсга 8 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди¸ деган эди ўшанда суд мажлисида иштирок этагн кузатувчи.

Шуни айтишимиз керакки, "нурчилар"нинг қўлга олинишию¸ уларнинг устидан ўтказилган судлов, чиқарилган суд ҳукм тўғрисидаги лавҳаларимиз тингловчиларнинг катта қизиқишини уйғотди.

Ҳар бир тингловчимиз, бу воқеадан ўзича хулоса чиқарди.

Собитхоннинг хулосаси эса мана бундай бўлибди.

- Ҳозир Ўзбекистондаги журналистлар¸ умуман фикри очиқ инсонларнинг жабрланаëтгани ҳар хил йўллар орқали шахсан менга маълум бўлаяпти.

Нафақат журналистлар балки фикри очиқ¸ имони бут инсонларнинг қамоқхоналарда ëки бошқа жойларда тазйиққа учраганларидан келиб чиқиб айтаяпманки¸ агар журналист ëш бўлса¸ ота-онаси¸ каттароқ ëшли бўлса¸ бола-чақаси жабрланаяпти.

Ўзи эмас¸ бутун авлодлари¸ танишлари қайғураяпти. Энди маъно чиқмасинки¸ буларнинг оғзини бекитиш ë бошқа эмас. Биз инсонлармиз. Инсон ўзини ўтга¸ оловга¸ жарга ташламайдию. Тўғрими ака?

Ўша нуқтаи назардан мен ичим ачиб¸ ўша фикрни бермоқчи эдим. Мана яқинда хабар бўлаяптики¸ журналистлар Туркиядан маблағ олибдики¸ қамалибди¸ ëпилибди¸ суд бўлибди. Мен фикри очиқ инсонларга ачиниб айтаяпманки¸ булар ўзини ўтга урмаяптими?

Ҳар қандай одам нимани гапирса¸ қандай жабр кўришини¸ қанақа модда билан қамалишини¸ охирги оқибат нима билан якунланишини билади¸ дейди Собитхон.

Демак, Москвада ишлаётган фарғоналик тингловчимиз Собитхон "нурчилар" билан боғлиқ ишдан эҳтиёт бўлиш керак, арбоб билан ўйнашмаслик керак, деган хулоса чиқарибди.

"Нурчилар" иши тўғрисидаги лавҳаларимиз тингловчиларимизда катта қизиқиш уйғотди, дедик.

Бундай дейишимизга телефон қўнғироқлардан ташқари сайтимизга келаётган хатларнинг кўплиги ҳам далилдир.

Бир тингловчимиз, нурчилар устидан чиқарилган ҳукм тўғрисидаги лавҳамиз юзасидан муносабат билдирар экан, маҳкумлар тўғрисида мана бундай ёзибди.

“Бу йигитлар ҳақиқий Ўзбекистоннинг мард ватанпарвар йигитлари. Улар фақат ўзбек болалари илмли, тарбияли, билимдон бўлишсин, деб ҳаракат қилишган, вақтлар келиб, ўзбек халқи уларни оқлаб, раҳмат айтади”.

(бошқа муносабатларни ўқиш учун сайтимизга киринг: www.ozodlik.org)

Сайтга ёзган муштарийларимизнинг аксарияти тингловчимиз Собитхон билан ғойибона баҳсга киришади.

Журналистларни эҳтиёткорроқ бўлишга даъват қилаётган Собитхон эса, бироз ўйлаб тургач, фикрини мана бундай давом эттирди.

- Мен уларни модданинг орқасидан ëки бўлмаса мана шу чиқарган нималаридан қоралаганим йўқ. Умуман дейманда. Ҳозир салласини олиб кел деса¸ калласини олиб кел дейдиган замон бўлаяпти. У одам газетаси орқали нима тарқатди¸ нима қилди¸ менга умуман қоронғи.

Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати ҳаммадан – сувчидан ҳам¸ деҳқондан ҳам¸ фермердан ҳам шубҳаланаяпти. Ҳолат шунақа. Мен кетган беш-олтита газета мухбирлари маълум гапи учун деганим йўқ. Умуман айтаяпманда¸ дейди Собитхон.


Озодлик - муҳожирлар назарида

Минбаримиздан туриб фикр билдиришни истаганлардан яна бири ҳам меҳнат мигранти бўлиб чиқди.

У радиомиз таҳририяти телефонларида қолдирган рақамга қўнғироқ қилдик.

Трубкани очган киши Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаётган андижонлик йигит экан. Маълум бўлишича, битта телефондан бир неча йигит – ҳамюртлар фойдаланаркан.

Бизга ким телефон қилганини трубкани очган йигит дабдурустдан айта олмади. Лекин имкониятдан фойдаланиб, ўзини Муҳаммаджон, деб таништирган йигитга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Озодликни қайси вақтда эшитасизлар?

Муҳаммаджон: Олтидан олти яримгача эшитамиз.

Озодлик: Кейинги кунларда қанақа мақолалар эсингизда қолди?

Муҳаммаджон: Биттасини қамаб қўйибди¸ ҳалиги фермер одам¸ жиззахликми¸ сурхондарëликми дедингларку. Каттароқ одам экан. Хотини “Унинг олдига бордим. Қошиғи йўқ экан¸ вилкаси йўқ экан¸. ичгани кружкаси ҳам йўқ экан” деб гапирдию. Ўша яхши чиқибди. Ўшани эшитдик.

Озодлик: Яна қайси мақолалар эсда қолди?

Муҳаммаджон: Яна қанақа мақолалар бор эди. Барибир Озодлик радиоси яхшида. Ҳар куни олтидан олти яримгача эшитамиз.

Озодлик: Озодлик радиосини нима учун эшитасизлар?

Муҳаммаджон: Ўзбекистонни гапирганлиги учун эшитамиз.

Озодлик: Мана Озодлик радиосини ҳар кун эшитасизлар экан. Озодлик радиоси Ўзбекистондаги воқеаларни қандай ëритаяпти?

Муҳаммаджон: Ўзбекистондаги воқеа ҳодисаларни очиқ-ойдин ëритаяпти ака. Ҳаммаси бор гап¸ ҳақиқат гап. Каримов “Бир ойлик маош 300 долларга тўғри келди” деяптию¸ ўшаларнинг ҳаммаси ëлғон. Агар 300 доллар бўлганида¸ биз ҳозир бу ëққа келиб 250-300 долларга ишламас эдик ака.

Ҳозир инқироз туфайли ойига 250-300 доллар зўрға олаяпмиз. Россияда ҳам ойликлар қисқариб кетди ҳозир. Ўшанга биз ҳозир мажбуран ишлаб юрибмиз. Иш ҳам деярли йўқ бу ерда.

Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаётган андижонлик йигит Озодликнинг тингловчи минбаридан гапирди.

Озодликни Тошкент вақти билан ҳар куни эрталаб 7 дан 9 гача, оқшом 5 яримдан 6 гача, 6 дан 7 гача, кечки пайт 7 дан 8 гача, 8 яримдан 9 гача ва кечқурун 9 дан 10 гача қисқа тўлқинларда ҳамда кечки пайт 8 дан 8 яримгача ўрта тўлқинда тинглашингиз мумкин.

Умуман, мана бир неча йилдирки, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мавзуи биз кўп эътибор бераётган мавзулардан бири бўлиб келмоқда.

“Россия иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаган даврларда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари Москва ва бошқа шаҳарларда савдо марказлари, осмонўпар бинолар ва ҳашаматли уй-жойлар қуриш, таъмирлаш ишига жалб этилар эди.

Эндиликда халқаро молиявий инқироз боис Россияда қурилишлар тақа-тақ тўхташи оқибатида Марказий Осиё ва Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг иш топишлари қийинлашган”.

“Хоразмлик ака-ука Алишер билан Улуғбек бир неча йилдирки Россияда мардикорлик қилмоқда”.

“Хорижда ишлаëтган меҳнат муҳожири учун ҳали ҳеч қандай ҳуқуқий база яратилгани йўқ”.

Мана бу эса, меҳнат мигрантлари мавзуидаги мақолаларни сайтимизда ўқиган муштарийлардан келган хатлардан баъзилари:

"Темур тиғи етмаган жойни, мардикори билан олди Исломбек"- бу ўтиши қийин кунлар хам, албатта, тарихда колади! Лекин келажак авлод бизларга кандай таъриф беради?

деб сўраса бир муштарий, бошқа бир муштарий

Ман Тошкентга борувдим, ўтта ваапше иш йук. Қайтманглар, озгина четда юриб¸ сабр килганимиз яхши,

деб маслаҳат беради юртдошларига.


Тингловчи нима истайди?



Ўша, "четда, сабр қилиб юрган"лардан бири "Тингловчи минбари"дан туриб фикр билдиришни истаган ўзбекистонлик яна бир йигитдир. У, айтишича, икки йилдан бери Жанубий Кореяда ишламоқда. Таҳририятимиз телефонида қолдиргани рақамга қўнғироқ қилиб¸ у билан боғландик.

На исмини, на қайси вилоятдан эканлигини айтди. Бироқ саволларимизга жавоб берди.

Озодлик: Радиони эшитасизми?

- Ҳа¸ эшитаман.

Озодлик: Мен Озодлик радиосини айтаяпман.

- Ҳа¸ Озодликни эшитиб тураман. Ҳаëтдаги масалаларни кўтариб чиқасизлар. Яхши, албатта.

Озодлик: Озодлик радиосини нима учун эшитасиз?

- Мен радиони янгилик¸ маълумот олиш учун эшитаман. Ҳаëтда ҳар ким яшагандан кейин янгиликни билиши керак¸ маълумотни билиши керак. Мана шу масалалардан келиб чиқиб¸ сизларнинг радиони эшитиб тураман.

Озодлик: Сизни Озодлик радиосининг дастурларидаги асосан қайси мавзулар қизиқтиради?

- Асосан Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаëт¸ кўп жойларда йўл қўйилаëтган ноқонуний¸ ҳаëтга зид бўлган нималар одамларнинг меъдасига тегади¸ ëки бўлмаса газ етишмаслиги¸ светнинг ўчирилиши ва ҳоказолар.

Озодлик: Биз ўзбекистонликлар ҳаëтини иложи борича ҳар томонлама ëритишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизнинг назарингизда бу ҳаракатимиздан маъни чиқаяптими? Ҳар томонлама ëрита олаяпмизми? Умуман эшиттиришларимизнинг сифати ҳақида оддий бир тингловчи сифатида нима деган бўлар эдингиз?

- Эшиттиришларингиз нима десам бўлади¸ 75-80 фоиз қамраб олаяпсизлар. 25 фоиз маълумот¸ балки 20 фоиз маълумот¸ ҳамма нарсани полностю нима қилиб ололмаяпсизларда.

Озодлик: Кейинги пайтда қандай мақолалар сизнинг эсингизда қолди?

- Кейинги пайтлардаги жуда кўп мақолалар эсимда турибди.

Озодлик: Масалан?

- Мана шу қиш давомида газнинг етишмовчилиги¸ Қаршига телефон қилдингиз¸ Тошкент билан¸ Жиззах билан¸ Сирдарë билан гаплашдингиз. Ҳаммаси ëдимда¸ ҳаммасини эшитганман.

Эшиттиришларимизни интернетда эшитиб-ўқийдиган бу йигит билан Жанубий Кореядаги ҳаёти тўғрисида каттагина суҳбат қурдик.

Уни бошқа эшиттиришга қолдириб, бугунги эшиттиришимизнинг дастлабки меҳмони, Москвада ишлаётган фарғоналик тингловчимиз Собитхонга қайтамиз яна.


Тингловчи нега Озодликка сим қоқади?


Собитхон Озодликка телефон қилгач, кейинги пайтларда ўзини ўйлантираётган жуда кўп гапларни тўкиб солди.

У киши ҳокимиятнинг қуйи поғонаси вакиллари билан оддий фуқаролар орасидаги ўзаро муносабатлар аҳволи тўғрисида ҳам фикр билдирди.

- Бизда ҳозир ҳокимият пирамидаси деган нарса бор. Ўзбекистонда дастлаб маҳалла комитетларида чиғириқдан ўтмаган маҳалла раислари бўлган.

Кейин 90 нечанчи йили¸ менинг эсимда йўқ¸ Тошкентдан нималар келдию¸ чиғириқдан ўтказиб¸ милициядан чиққан ëки ҳокимиятда узоқ йил ишлаган одамларни қўйди. Бу одамларнинг афтини кўриб туриб¸ менинг ўзимнинг бошимдан ўтган¸ уларга дардингизни айта олмайсиз¸ оилавий ҳолатингизни айта олмайсиз. Улар эски амалдор бўлганда.

Мана ташқарида бизнинг мухолиф партияларимиз бор. Ҳокимиятни хоҳлайдиган¸ ҳокимиятга келадиган одам ўзининг фикри¸ менталитети¸ ер ости¸ ер усти ҳамма нарсани ҳисобга олиб¸ Ўзбекистонни маълум йилдами¸ қўполроқ айтганда маълум асрдами кўтарилиши ë пасайишини у амалдор ëки оппозиционер била олиши керак¸ шуни халққа етказа олиши керак. Бунинг рейтинги ўша орқали кўтарилади.

Бундан келиб чиқиб айтаяпманки¸ Оллоҳ таолодан бўлиб туриб¸ энди бу нарса эртакку¸ дейлик Каримов ҳукумати кетди ва биронта ўша узоқ йиллардан бери юртимизга ҳаракат қилган мухолиф партиялардан бири ҳокимиятга келди.

Юқорида айтганим пирамида¸ президентдан тортиб МХХ¸ прокуратурадан маҳаллагача бўлган пирамидани ўзгартира оладими? Бизнинг кадрлар шу нарсага етишадими? Бу ҳам битта жумбоқ. Бунга жавоб бордир балки.

Ҳокимиятга келсаю¸ пастдаги маҳаллагача ўзгармаса¸ ҳур фикрли¸ яхши инсонлар келмаса¸ мен ўша ҳокимиятни тан ололмайман¸ дейди Собитхон.

Москвада ишлаётган фарғоналик тингловчимиз Собитхон билан шу жойда хайрлашиб, у кишига ҳамда Москвада ишлаётган андижонлик Муҳаммаджонга, Жанубий Кореяда ишлаётган тингловчимизга Озодликка қўнғироқ қилиб, фикрлари билан ўртоқлашганлари учун миннатдорчилик билдирамиз.

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 11 000 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG