Линклар

logo-print

Судан президенти ўч олди

  • Фаррух Юсуфий

Халқаро жиноят суди Умар Ал-Баширни қамоққа олиш ҳақда ордер берган куни Судан президенти ўз кучини кўрсатиш учун кўчаларга чиқарилган суданликлар олдида парад уюштирди.

Халқаро жиноят суди Умар Ал-Баширни қамоққа олиш ҳақда ордер берган куни Судан президенти ўз кучини кўрсатиш учун кўчаларга чиқарилган суданликлар олдида парад уюштирди.

Ҳаага трибунали Судан президенти Умар Ал-Баширни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин расмий Хартум 10та халқаро ташкилотни мамлакатдан ҳайдаб чиқарадиган бўлди.

Ҳаага трибуналининг Ал-Баширни ҳибсга олишга оид ордери эълон қилингач, Судан ҳукуматининг халқаро ҳамжамиятга жавоби тез ва кескин бўлди.

Судан вице-президенти Али Таҳа инсонпарварлик ёрдамини кўрсатадиган 10та халқаро ташкилотни мамлакат “қонунлари ва қоидаларини” бузганликда айблади.

Бу ташкилотлар кўрсатаётган ёрдам Судандаги барқарорликни изидан чиқариш ҳаракатларни хаспўшлаш мақсадида ишлатилмоқда, дея баён қилди вице-президент.

Таҳа тафсилотларни ошкор қилмади, лекин Судан расмийлари баъзи ташкилотларни президент Ал-Баширни жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатларида Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилганликда айбламоқда.

Ҳаага трибуналининг қарори Судан ҳукумати учун писанд эмас, деди Таҳа.

- Республика президентлиги, бугун ўтказилган мажлисдан кейин, президент Баширга насбатан Халқаро жиноят суди чиқарган қарорга мутлақ қарши эканини эълон қилади.

Бундан ташқари, ҳукумат томонидан мазкур қарорни кескин ва аниқ тарзда рад этилиши ҳамда, нима бўлганда ҳам, унга ҳеч қандай тарзда жавоб берилмаслигини яна бир бор тасдиқлаймиз, деди Судан мулозими.

Маркази Францияда жойлашган Чегара билмас шифокорлар, яъни МСФ ташкилоти Судан қароридан таассуф билдириб, сиёсий аралашувга оид айбловларни тутуруқсизлик, дея атади.

Ташкилот матбуот вакили Ҳанс ван де Веерд гапиради.

- Биз фаолият олиб борган учта ҳудуддан чиқариб юборилдик, бу у ердаги аҳолига тиббий хизмат кўрсата олмаймиз¸ деганидир. Бу аҳолига биздан ташқари бошқа ташкилотлар ҳам озиқ-овқат тарқатиб, ёрдам кўрсатиб келаётган эди.

Бу ташкилотларнинг ҳам ўз ишини давом эттира олиш имконидан айирилгани¸ у ердаги инсонпарварлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, дейди Чегара билмас шифокорлар ташкилоти вакили.

Ван де Веердга кўра, биргина МСФ ташкилоти 235 мингга яқин одамга ёрдам кўрсатиб келган.

Яна бир таниқли инсонпарварлик ташкилоти Оксфам вакили Алан МакДоналд агентлик фаолияти тўхтатилганининг кўплаб одам учун жиддий оқибатлари бўлади¸ дейди.

- Биз юз минглаб ночор одамлар, жумладан Дарфур можаросидан азият чекканларга сув, санитария ва тиббий хизматлар масаласида ёрдам кўрсатамиз. Ҳукуматнинг бизнинг лицензиямизни олиб қўйиш ҳақдаги қарори уларнинг турмушига катта зиён етказади, дейди Оксфам вакили.

Таҳлилчиларга кўра, 10та халқаро ташкилотнинг Судандан ҳайдалиши икки миллионга яқин аҳоли турмушига салбий таъсир қилиши мумкин.

МСФ билан Оксфам ташкилотлари Дарфурда сиёсий фаолият олиб борганликка оид айбловларни рад қилади.

- Биз ҳар доим ўз фаолиятимизни мустақил равишда олиб борганмиз. Биз одамларга уларнинг эҳтиёжига кўра ёрдам кўрсатамиз. Бизнинг ҳеч қандай сиёсий мақсадимиз йўқ, дейди МСФ ташкилоти вакили Ван де Веерд.

БМР бош котиби Пан Ги Мун расмий Хартум қабул қилган қарор “Дарфурдаги инсонпарварлик ёрдами ҳаракатлари учун жиддий зиён” бўлишини айтиб, Судан ҳукуматини ўз қарорини бекор қилишга чақирди.

Ҳаага трибуналининг президент Ал-Баширни ҳибсга олиш ордери иқтидордаги давлат раҳбарига нисбатан бу каби биринчи қарор бўлиб, кўплаб мунозараларни келтириб чиқарди.

Хусусан¸ Суданнинг яқин иттифоқчиси Хитой ҳибсга олиш ордерини вақтинча бекор қилишга чақирди.

Россия ҳам халқаро муносабатлардаги прецедентдан хавотир билдирди. Қитъанинг энг ривожланган давлати бўлмиш Жанубий Африка Республикаси ҳам Халқаро жиноят судининг қароридан таассуфда эканини баён қилди.

Айни пайтда, Ғарбнинг аксарият давлатлари Ҳаага трибунали ҳукмини қўллаб-қувватлади.
XS
SM
MD
LG