Линклар

Тошкент-Душанбе рейси очилади

  • Гулнора Равшан

Тошкент-Душанбе авиақатновини қайта тиклашга оид келишувнинг имзоланиши ҳали бу қатновнинг бошланганини англатмайди.

Тошкент-Душанбе авиақатновини қайта тиклашга оид келишувнинг имзоланиши ҳали бу қатновнинг бошланганини англатмайди.

4 март куни Тошкентда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Тожикэйр” ширкатлари ўртасида Тошкент–Душанбе авиақатновини қайта йўлга қўйиш борасида битим имзоланди.

“Тожикэйр” ширкати матбуот хизмати бўлим бошлиғи Назира Давлатованинг маълум қилишича, мазкур ширкат раиси Алимурод Маҳмадуллоев ўзбекистонлик касбдошларининг таклифи билан Тошкентга борган.

- Тошкент-Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта йўлга қўйиш борасида Тошкентда олиб борилган томонлар музокараси натижасида бу масалада умумий битимга келинди.

Яқин кунларда Тошкент–Душанбе ўртасида авиақатновлар қайта йўлга қўйилади.

Айни кунларда бу масаланинг техник жиҳатлари ўрганилиб, парвоз кунларини белгилаш устида иш олиб борилмоқда, деди Назира Давлатова.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихона расмийси Миродил Абдураззоқов ҳам ўзаро суҳбатда бу маълумотни тасдиқлади.

Ўзбек дипломатининг таъкидлашича, келгусида икки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам, жумладан, Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро ҳамда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳарларига ҳам авиарейслар очилиши томонлар музокараларида кўриб чиқилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг қўшни мамлакатга самолётда бориш имконига эга бўлмай қолган эдилар.

Хорижий паспорт, виза олганлар автомобилларда, бундай имкониятларга эга бўлмаганлар эса чап йўллар билан от-уловларда бир неча кунлик йўл босиб, қўшни мамлакатдаги яқинларининг уйига бориб келардилар.

5 март куни айрим интернет-нашрларда Тошкент-Душанбе йўналиши бўйлаб авиақатнов қайта тикланишига доир пайдо бўлган хабарларни тожикистонликларнинг аксарияти хурсандчилик билан кутиб олди.

- Энди самолёт бўлса, шароитлар қилиб берилса яхши-да. Бемалол самолётга миниб борасиз, бемалол тушасиз, кейин бемалол юрасиз йўлда азоб чеккандан кўра, дейди душанбелик Садоратхон ая қувончини яширолмай.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Манижа бундан бир неча йил олдин Тошкентга келин бўлиб тушган.

- Тожикистонда жуда кўп ўзбеклар бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам тожиклар кўпчилик. Борди-келди ҳаммага ҳам қийин. Мана, мен йўл азобидан чарчаганим сабабли уч йил деганда энди келдим бу ёққа ойимларни кўриш учун.

Лекин бу қатнов визасиз бўлса, яхши бўларди. Бемалол бориб келардик. Чунки виза билан ўтиш қийин. Чопасиз-да у ёқ-бу ёққа барибир, дейди тошкентлик келин Манижа.

Мустақил таҳлилчи Зафар Суфий Фарғоний Тошкент-Душанбе ўртасида авиақатновларнинг қайта йўлга қўйилишига доир музокаралар Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилгани олқишга сазоворлигини айтади.

- Чунки икки ўртада авиақатновларнинг қайта тикланиши фақат Ўзбекистон томонга боғлиқ эди.

Эсингизда бўлса, бу борада жуда кўп марта айтилганди. Аммо ҳеч қандай натижа бермаган эди. Чунки Ўзбекистон томони турли важдан парвозларни қайта тиклашни истамай келарди. Демак, Ўзбекистон рози бўлган бўлса, бу ёғи яхши бўлади, дейди таҳлилчи.

Ҳозирча имзоланилган келишувнинг қачон амалга кўчиши¸ Тошкент-Душанбе рейсининг қачон ҳавога кўтарилишига оид аниқ маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG