Линклар

Яхшисини ошириб яшаëтган ўзбек аëли

  • Озодлик

"Мен ўзбек аëлини кулиб турган меҳмондўст аëл сифатида тасвирлаган бўлар эдим. Боз устига¸ мен либослар рассоми бўлганим боис¸ ўзбек аëлини миллий кийимлар кийган ҳолда тасвирлар эдим" - дейди рассом Лола Сайфий.

"Мен ўзбек аëлини кулиб турган меҳмондўст аëл сифатида тасвирлаган бўлар эдим. Боз устига¸ мен либослар рассоми бўлганим боис¸ ўзбек аëлини миллий кийимлар кийган ҳолда тасвирлар эдим" - дейди рассом Лола Сайфий.

Давр эврилишлари чорраҳасида қолган ўзбек аëлининг бугунги ҳаëти¸ унинг бугунги қиëфаси на оқ ва на қора - у ҳаëтнинг ўзи каби рангиндир. Ўзгаришлар даври қисматини белгилаган айрим аëллар мисолида ана шу рангинликка бир назар ташлайлик.

Давр менинг тақдиримда эшиттиришининг бугунги сони 8 март хотин қизлар байрами кунида эфирга узатилмоқда.

1857 йилнинг 8 мартида Ню Йорк тикувчилик ва оëқ кийим фабрикаларида ишлайдиган аëллар ойликларини оширишни талаб қилиб¸ намойишга чиқишган эди.

1889 йилда Германиядаги инқилобчи аëл Клара Цеткин 8 мартни байрам қилиш ташаббуси билан чиқди. Цеткинга кўра, бу байрам пролетар аëлнинг туғилган куни деб номланиши керак эди.

Совет даврининг илк кунларидан бошлаб 8 март давлат байрами сифатида нишонланди.

1965 йилдан бошлаб СССР да 8 март дам олиш куни деб эълон қилинди.

Совет Иттифоқи тарқаганидан кейин бу байрам Россия¸ Белорусия, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва Украинада сақлаб қолинди.

Ўзбекистонда ҳам 8 март хотин қизлар байрами сифатида нишонланади.

Келди очилур чоғинг ўзлигинг намоëн қил¸
Парчалаб кишанларни ҳар томон паришон қил¸
Мактаб анжуман борғил¸ унда фикр очиб гоҳи¸
Илм фан тиғи бирлан зулм бағрини қон қил.


Бундан 90 йил муқаддам ўзбек шоири Ҳамзанинг ўзбек аëлларига хитобан айтган бу мисралари бугун ҳам долзарбдай туюлади.

Халқаро хотин-қизлар байрами кунида бугунги ўзбек аëллари турмушининг жамият ичидаги манзарасига назар ташласак¸ ўзбек аëлининг бугунги қиëфаси турли шамойилларда намоëн бўлаëтганини кўрамиз.

Ўзбек аëли – оила боқувчи тадбиркор. Ўзбек аëли – оиланинг ўтидан кириб¸ кулидан чиқадиган темир хотин.

Ўзбек аëли – дунë илм марказларида кашфиëт қилаëтган олима¸ расмлар чизиб машҳур Париж музейларида кўргазмалар қилаëтган рассом¸ Лондон театр саҳналарида жавлон ураëтган санъаткор¸ халқаро аҳамиятга молик мукофотлар соҳиби бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли.

Ўзбек аëли – Ўзбекистон қамоқхоналарида ватан хоини дея аталиб¸ қамоққа ташланган сиëсий маҳбус. Ўзбек аëли – сиëсий таъқиблардан қочиб¸ чет элдан бошпана олган сиëсий қочқин.

Ўзбек аëли – Дубай¸ Истанбул исловатхоналарини обод қилаëтган фоҳиша. Ўзбек аëли – ўз фарзандини пул эвазига сотаëтган болафуруш.

Ўзбек аëли – иложсизликдан билагига игна тиққан наркоман. Ўзбек аëли – Москва кўчаларини супураëтган мардикор фаррош.

Ўзбек аëли – ўзи емасдан болаларини едирган она¸ акаси ҳақида қайғурган сингил¸ укаларини етаклаган опа¸ олисдаги набираларига телефонда эртак айтаëтган буви.

Ғафур Ғулом айтганидек¸ ўзбек хотинлари мужассам иффат¸ мужассам нафосат¸ мужассами ор.

Ҳозирга қадар¸ бугунги ўзбек аëлининг машаққат ва уқубатлар тўла ҳаëти ҳақида кўп гапирдик.

Байрам арафасида энди¸ ўзбек аëлининг бугунги машаққатларидан қутулиш эшиги қаерда эканидан гаплашсак.

Москвада ижод қилаëтган ўзбек расоми Лола Сайфийга бугунги ўзбек аëли суратини қандай чизган бўлардингиз¸ деб савол бердик.

Лола Сайфий: Мен ўзбек аëлини кулиб турган меҳмондўст аëл сифатида тасвирлаган бўлар эдим. Боз устига¸ мен либослар рассоми бўлганим боис¸ ўзбек аëлини миллий кийимлар кийган ҳолда тасвирлар эдим.

Озодлик: Аслида қандай кўринади ўзбек аëли?

Лола Сайфий: Аслида ҳам шундай. Ўзбек аëли машаққатларга қарамасдан кайфиятини баланд тутишга ҳаракат қилади. Агар ўзбек аëли ҳафсала қилса¸ яхшигина дид билан кийинади. Ўзбек аëлларини мен гўзал аëл тарзида тасвирлагим келади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова ҳам рассом Лола Сайфий фикрларига қўшилади.

- Энди ўзбек аëлининг ташқи кўриниши ўзига хос. Кўпинча чет элда ўзбек аëлларини кўрсам¸ уларни дарров таниб оламан. Ўзбек аëллари ҳаëтида қандай қийинчилик бўлса ҳам¸ ҳаëтини яхши деб гапиради.

Иши бўлмаса, ким карьера қила олмаган бўлса¸ ҳеч бўлмаса¸ оилам бор¸ уйим бор дейди. Агар уйи бўлмаса¸ ҳеч бўлмаса мана ўғлим бор¸ деб айтади¸ дейди Умида Ниëзова.

Садриддин: Ўзбекистон мустақил бўлган ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида социалистик мулк шакли деб номланган кишанлар парчалангач¸ ўзбек аëли тадбиркор аëл қиëфасида ўртага чиқди.

Абдулла Искандар: Дунëни ўзгартирган 100 аëл рўйхатига киритилган Ўзбекистон тадбиркор аëллари уюшмаси раҳбари Дилдора Алимбекова гапиради.

- Шуниси қизиқарлики¸ қайта аëллар мана шу ўтиш жараëнида ўзининг бола-чақасини ўйлаган ҳолда¸ бола-чақасининг келажагини ўйлаган ҳолда кўпроқ ўзини тадбиркорликка урди. Тарози палласи ўзгариб қолган. Қайси маънода?

Чунки ҳозир оиласини боқувчи¸ оиласини тебратувчи аëллар кўпайиб қолди. Мен биз шу нарсага интиламиз¸ шу нарса бизга ëқади деб айтмайман. Ҳаëт шунақа бўлиб қолди.

Билмадим ўтиш жараëнида эркакларимизнинг йўлини топиши қийинроқ бўлдими. Улар аëлларга ўхшаб кичик бизнес билан шуғулланишга ҳижолат бўлдими ë ўзига эп кўрмадими¸ қанақадир ўзларини топа олмай қолди¸ дейди Дилдора Алимбекова.

Садриддин: Ўзбек аëли ўзи ишлаб пул топиш баробарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди¸ дейди Дилдора Алимбекова

- Қаранг ўзбекистонлик битта аëлнинг шунчалик мукофот олиши¸ ҳаëтимнинг умуман ўзгариши бу ҳаммаси ўша ҳақда далолат берадику¸ дейди Дилдора Алимбекова.

Абдулла Искандар: Дилдора Алимбекова тадбиркорлик боис ҳурмат ва эътиборга эга бўлди¸ аммо тадбиркорлик билан шуғулланган минглаб ўзбек аëллари ҳасратидан тутун чиқади.

Садриддин: Ана шундайлардан бири Ўзбек Миллий хавфсизлкик хизмати зобитлари тарафидан аëвсиз калтакланган андижонлик тадбиркор аëл Муножотхон.

- Машинадан тушибоқ бизни уччаласи ура бошлади. Турмуш ўртоғимнинг бошига мушт билан уриб йиқитиб¸ кейин оëқлари билан тепа бошлади.

Менинг ўнг қулоғимга мушт билан урди. Қулоғим йиртилиб қон оқди. Сирғам қулоғимни йиртиб учиб кетди ҳаттоки. Сочимни ушлаб деворга юзим билан бир неча бор урди.

Оëғимдан ушлаб тепди ва ҳозир-ҳозир шу ерда ишонасизми¸ ҳозир айтиш жоизми¸ ножоизми. Мени эшитиб турган ҳар бир аëл киши эшитсинда.

Шунча эркакнинг олдида биласизми мени нима деб ҳақорат қилишди: ҳозир шу ерда номусингга тегаман деб ҳақорат қилди¸ дейди Муножотхон.

Абдулла Искандар: Балким ўзбек аëлини фароғатга элтувчи йўл тадбиркорлик¸ тужжорлик эмас¸ илму ирфондир.

Ҳамза айтганидек “Илм фан тиғи бирлан зулм бағрини қон қилмоқ лозимдир”.

Садриддин: Нодира Йўлдошева - Ўзбекистон Фанлар Академияси Иммунология институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди.

- Агар ўзингиз бардам бўлиб иш қилмасангиз ҳеч ким ҳеч қачон сизга ëрдам бермайди¸ дейди Нодира Йўлдошева.

Абдулла Искандар: Ҳозирда Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Британия Қироллиги Фанлар Жамияти келишуви асосида Британиянинг Лидс Университетида тадқиқот билан шуғулланаётган Нодира Йўлдошева генетика мавзусида бир қатор илмий ишлар олиб бормоқда.

Садриддин: Нодира Йўлдошева назарида ҳамма нарса аëлнинг ўзига боғлиқ.

Нодира Йўлдошева: Ҳамма келажакни ўйлайди. Агар мен бугун шу нарсани қилсам¸ эртага яхши бўлади деб ўйлайди. Ҳеч ким ишончсиз яшамайди. Ишонч билан яшаган аëллар оëққа туриб бир нарсага эришади. Оилам ҳам мени шу муносабат билан...

Озодлик: Эрингиз билан ажрашганмисиз?

Нодира Йўлдошева: Ҳа. Менинг эрим одамлар билан ишлаб диссертация қилишимни ҳоҳламаган эди. У бардош бера олмади.

Мен унга “Агар ҳаëтимиз яхши бўлишини хоҳласанг¸ ҳозир биз сал-пал қийинчиликда яшашимиз керак. Бу нарса келажакда бизга яхши бўлади” дедим.

Аммо у хоҳламади. Менга “Ана ҳамма одамлар бозорга чиқаяпти. Сен нимага чиқмаяпсан?” деди.

Садриддин: Нодира Йўлдошева Британиядги дорилфунунда илм ирфон билан машғул¸ аммо хорижга ишлаш учун кетган минглаб ўзбек аëллари бошқалар ўзига эп кўрмаган қора ишлар билан машғул.

Абдулла Искандар: Россиянинг Мурманск вилоятидаги Нилуфар тасвирлайди ўзбек аëлининг бугунги қиëфасини.

- Ростини айтсам биринчи навбатда раҳмим келади. Иккинчи навбатда ўйлаб қарасам¸ улар ўзлари учун шу ҳаëтни танлаган.

Бугун мен ўзимнинг ишим бўйича магазинга кирдим. Магазинга кириб¸ мудирни кутиб турганимда¸ барибир танийсизда¸ магазинга ўзбек аëли кирди.

У мени кўрди. Кўзимиз кўзимизга тушганида¸ у кўзини мендан олиб қочди. Мен “Қани нима қилар экан?” деб кузатиб турдим. У аëл ўзини эркин ҳис қилмади. Магазиннинг у томонига бориб турди¸бу томонига бориб турди. Менга бир қараб қўяди.

Охири битта сотувчининг ëнига бориб истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган қатиқнинг нархини сўради. Истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган нарсалар ўз нархидан 50 фоиз арзон нархда сотилади. У аëл шу қатиқни олиб магазиндан чиқиб кетди.

Биринчидан¸ бу аëлнинг сарсон бўлиб яшаëтганига раҳмим келди.

Иккинчидан¸ шунақа ҳаëт билан шу ерда яшаб нима қилади¸ Ўзбекистонда шу аëлнинг ота-онаси¸ ака-опалари бордир¸ деб ўйладим. Шунақа ўзбекларга жуда ҳам раҳмим келади¸ дейди Нилуфархон.

Садриддин: Ўзбек аëллари ҳақидаги китоб муаллифи Марфуа Тўхтахўжаева назарида ўзбек аëлининг оиласидан айро тушиб чет элларда мардикор бўлиши жамиятнинг улкан муаммосидир.

- Бу нафақат оила бузилиши, бу жамият бузилишидир. Чунки аёлларнинг ўз ватанида қийинчиликка дуч келиб, бошқа мамлакатларга бориб пул топишга ҳаракат қилиши нафақат оила учун ëмон, аввало, жамият учун ëмон.

Кўп аëллар яхши муаллим, яхши врач бўлиш ўрнига чет элда тижорат билан шуғулланиши нормал ҳолат эмас¸ дейди Марфуа Тўхтахўжаева.

Абдулла Искандар: Ўзбекистонда диний оқимларга аъзоликда айбланиб қамалганларнинг муштипар оналари¸ рафиқаларининг жавдираган кўзлари ҳам бугунги ўзбек аëли галереясидаги бир тасвирдир.

Садриддин: Тошкентлик Фотима опа Муқадирова диний этиқоди бўйича қамоққа олиниб¸ кейин жасади қайтарилган ўғилнинг онасидир.

- Биттасини диний эътиқоди учун ўлдириб юборишди. Бешта боласи қолиб кетди. Жаслиқ қамоқхонасида ўлдиришди. Ўшанинг орқасидан қанд касалига йўлиқдим. Икки марта инфаркт бўлдим.

Ҳозирги кунда ҳам роса қийналаяпман. Болам ўлганидан бир ҳафта ўтиб¸ боламнинг бешинчи боласи туғилди¸ дейди Фотима опа Муқадирова.

Садриддин: Байрам кунида ўзбек аëллари ўзлари ҳақида гапирмоқдалар. Бу ҳикояларда балки андуҳ¸ балки армон ҳукмрон.

Абдулла Искандар: Суҳбатдошимиз шоира Қутлибека назарида ҳаëтнинг ўзи шундай. Ҳаëтнинг ўн беши қоронғу ўн беши ëруғ.

- Ўзликни англаш йиллар давомида амалга ошадиган нарса. Дарров халққа уни ур, уни тош билан ур, бунга қарши исëн қил, деб бўлмайди. Бу секинлик билан амалга ошадиган жараëн. Шунинг учун мен халқнинг яхшисини кўпайтириб, ëмонидан қутилишга ҳаракат қиламан.

Гапни қанчалик ковласанг, таги шунчалик очилиб кетаверади. Оила сирини айтаверсанг, гап кўпайиб кетаверади. Орқангни очма, ўз айбингни ўзинг тузат, дейишади-ку. Мен шу принципга амал қиламан.

Шахсан ўзим бировнинг айбини топиш, бировнинг орқасини ковлаб юриш каби ëмон одатлардан йироқман. Тўғри, ҳар бир миллатнинг ўзига яраша ëмон томонлари бор. Мен ҳамма нарсага очиқ кўз билан қарайман.

Миллатдаги бунақа ëмон урф-одатларни кескинлик билан, инқилоб билан ўзгартириб бўлмайди. Бу нарсани ëш авлодга тўғри тарбия бериш, маърифатга етаклаш орқали ўзгартириш мумкин, дейди Қутлибека.

Садриддин: Қутлибека бундан 90 йил олдин айтилган Ҳамза гапларини мазмунан такрорлади. Илм ирфон лозим ўзбек аëлига. Айни пайтда ўзбек жамиятида илм ирфон деганда исломий манавиятни тушунадиганлар ҳам кўп дейди Умида Ниëзова.

- Водийдаги исломий аëл¸ ҳижоб ўрайдиган¸ намоз ўқийдиган аëл балки исломий ¸ шаръий давлатни хоҳлар. Лекин бу ҳақда кўп ҳам гаплашмайди¸ дейди Умида Ниëзова.

Абдулла Искандар: Агар ҳайкалтарош бўлсангиз ўзбек аëлини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Қўлида сумка кўтарган ҳолдами¸ юзига ҳижоб кийган ҳолдами¸ ëки ўзга юртларда супурги кўтарган фаррош қиëфасидами?

Садриддин: Бу саволимизга жавоб берган Марфуа Тўхтахўжаева ўзбек аëлини китоб ўқиëтган замонавий аëл сифатида тасвирлаган бўлардим деб таъкидлади.

Абдулла Искандар: Уларга на капитализм¸ на коммунизм ва на шариат ëрдамчи бўла олади. Ўзбек аëлига фақат демократия кўмакчи бўлиши мумкин¸ дейди Марфуа опа.

Садриддин: Умида Ниëзова назарида ҳар бир аëл ўз йўлини ўзи танлагани маъқул.

- Нима яхшилигини ҳар битта аëл¸ ҳар битта инсон ўзи ҳал қилади¸ дейди Умида Ниëзова.

Умида Ниëзова ўзбек аëларини байрам билан қутлади.

- Албатта мен ўзбекистонлик аëлларни оддий аëл сифатида¸ инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида байрам билан табриклайман. Ўзбекистонлик аëлларнинг озод бўлишини тилайман.

Ўзбекистонда аëллар эркакларга нисбатан кўп. Лекин сиëсатда¸ ҳокимиятда аëллар деярли йўқ ва аëлларнинг роли жуда паст.

Мен ўзбекистонлик аëлларнинг овозлари баланд даражада кўпроқ эшитилишини хоҳлайман¸ дея ўз тилакларини изҳор қилди Умида Ниëзова.
XS
SM
MD
LG