Линклар

Ухлама ўзбек эли...

  • Абдулла Искандар

"Агар Ҳамзани мутаассиб муллалар тошбўрон қилдирмаганида¸ миллатпарвар бу жадид шоири ҳам Чўлпон ва Фитратлар қатори қатағон қилинган бўларди "¸ -дейди советлар Гулагидан омон қолган кекса ëзувчи Шукрулло.

"Агар Ҳамзани мутаассиб муллалар тошбўрон қилдирмаганида¸ миллатпарвар бу жадид шоири ҳам Чўлпон ва Фитратлар қатори қатағон қилинган бўларди "¸ -дейди советлар Гулагидан омон қолган кекса ëзувчи Шукрулло.

Совет даврида шўролар маддоҳи сифатида танитилган Ҳамза таваллудига 120 йил тўлди. Бугун номи Ўзбекистонда таъқиққа учраган асл Ҳамза¸ асл қўлëзмаларга кўра¸ шўролар эмас¸ миллат куйчиси бўлган...

6 март куни таниқли ўзбек шоири¸ драматург ва жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий туғилганига 120 йил тўлди.

“Майсаранинг иши”¸ “Паранжи сирлари” каби асарларни ëзиб саҳналаштирган Ҳамзанинг Ўзбекистонда миллий театрчилик тараққиëти бошида тургани айтилади.

1929 йилда Шоҳимардонда шариат тарафдорлари томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган Ҳамза ҳақида совет даврида иккита фильм суратга олинди.

Таниқли ўзбек санъаткорлари Олим Хўжаев ва Ўлмас Алихўжаев бу фильмларда ўйнаб¸ Ҳамза сиймосини кинотасмага муҳрлашди.

15 қисмли "Оловли йўллар" фильмида Ҳамза курашчи- коммунист сифатида талқин қилинди.

Мустақилликдан бери бу фильм ғоявий андишага кўра, Ўзбекистонда намойиш қилинмайди.

Совет пайтида шўро ëзувчиси деб улуғланган Ҳамза Ҳакимзода Ниëзийнинг 1989 йил Горбачев ҳуррияти даврида архивдан олиб эълон қилинган асарларига таянилса¸ у Туркистонни улуғлаган миллатпарвар¸ чўпчаклар ўрнига Қуръон ўқиш лозимлигини таъкидлаган исломий мутафаккир сифатида гавдаланади.

Ҳамза Ҳакимзоданинг 1989 йил чоп қилинган асарида “Ухлама ўзбек эли¸ асри тараққий пайтидир” деб бошланадиган ғазал бор.

Ғазал мазмуни бугун ҳам долзарбдай кўринади.

Ҳамза таваллуди бугун Ўзбекистонда нишонланаëтгани йўқ¸ дейди кекса ўзбек ëзувчиси Шукрулло.

- Ҳозир ҳеч нарса эшитаëтганим йўқ. Қанақа бўлиши мумкин у ҳақда. Номи олиб ташланган бўлса¸ қанақа қилиб у ҳақда тадбир қилинади¸ дейди Шукрулло.

Шукрулло назарида¸ ўзбек театр санъатининг булоқбошиси бўлган Ҳамзанинг номи ҳақли равишда ўзбек театрига қўйилган эди. Бу номнинг мустақиллик даврига келиб бекор бўлиши¸ ҳақсизлик¸ дейди Шукрулло.

- Ҳар йили Ҳамза театрининг (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри -таҳ.) очилиш мавсуми театр номига муносиб равишда ўшанинг асарлари билан бошланарди. Ҳозирда унга “У совет шоири. Яша шўрони ëзган шоир” деб қаралаяпти¸ дейди Шукрулло.

Совет даврида ҳаддан ошиқ улуғланган Ҳамза¸ мустақиллик даврида ҳаддан ташқари унутилди¸ дейди Шукрулло.

- Энди сиëсатни биласизку¸ сиëсатни. Бировга ëпишиб олинса¸ бўлди. Душман¸ миллатчи деб унинг кўзини очирмайди. Масалан¸ Чўлпон миллатчи дейилдими¸ тамом.

Ўша сиëсатни қўллаб унвон оламан деган ëзувчилар Чўлпонга ҳам¸ Абдулла Қодирийга ҳам ëпишиб¸ “У миллатчи. Уни чиқармаслик керак” деб¸ сиëсатга ëқиб¸ унвон оламан деган ëзувчилар бўлган. Ҳамзанинг номини сотиб яшаганлар ҳам бўлган.

Ҳамза Ҳакимзода инқилобдан олдин ўзбек адабиëтининг бошида турганлардан биттаси¸ дейди шоир Шукрулло.

Шукрулло назарида Ҳамзанинг Туркистон бирлиги ва жадидчилик руҳидаги асарлари кейинчалик ўзгартирилиб¸ совет даврига мосланган.

Шукрулло: Яша Турон деб ëзган бўлса¸ совет ҳукумати даврида Яша Шўро қилиб¸ шўро шоири қилиб олишди. Ҳамза Ҳакимзода асли жадид руҳидаги миллат учун курашган¸ миллатни куйлаган шоир.

У фақат шоир эмас¸ драматург¸ тараққийпарвар¸ маданиятли одам бўлган. Унинг пьесаларини ҳам қайтадан ишлашиб¸ шўро сиëсатига мослаштирилиб¸ шўро ҳукуматининг шоирига айлантирилган.

Озодлик: Ким Ҳамза асарларини ўзгартирган? Бирор бир кишининг номини айта оласизми?

Шукрулло: Асосан¸ асосан эмас¸ кўпроқ Яшин ака (Комил Яшин) ҳаммасини қайта ишлаган. Ҳамза асарларининг ҳаммаси¸ раҳматли Яшин ака томонидан қайта ишланган.

Ëзувчи Шукруллога кўра¸ агар Ҳамза 1929 йилда Шоҳимардонда мутаассиблар тарафидан тошбўрон қилинмаганида¸ 1937 йилда Совет ҳукумати тарафидан отилган бўлар эди.

- Илм аҳли орасида “Ҳамза ҳам халқ душмани сифатида биринчи бўлиб қамалиб кетадиганлардан эди” дейилган эди. Бу дегани у миллатни куйлаган ҳақиқий миллатпарвар деган сўз бўлади.

Чунки унинг шеърларининг ҳаммаси миллат учун¸ миллатнинг маърифати учун ëзилган. Совет даврида унинг 5 томлиги чиққан.

Ўша вақтда биринчи драматург бўлиб¸ пьеса ëзиб¸ Беҳбудийларга ўхшаб халқнинг кўзини очаман¸ халқнинг кўп қисми ўқий олмаса¸ мен буни саҳнада жонли қилиб кўрсатай деб ҳаракат қилган¸ дейди шоир Шукрулло.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG