Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:43

Ëмонлик билан курашаëтган яманлик қиз


10 яшар Нужуд Али, Афғонистон ва Яман каби давлатларда ҳали она сути оғзидан кетмай туриб¸ пул эвазига эрга бериб юборилаëтган минглаб қизлар ичидан бу қисматга қарши бош кўтаришга жазм қилган қаҳрамон дея кўрилмоқда.
10 яшар Нужуд Али, Афғонистон ва Яман каби давлатларда ҳали она сути оғзидан кетмай туриб¸ пул эвазига эрга бериб юборилаëтган минглаб қизлар ичидан бу қисматга қарши бош кўтаришга жазм қилган қаҳрамон дея кўрилмоқда.

5 март куни Венада ўз соҳасида катта муваффақиятга эришган аёлларга “Дунё аёли” халқаро мукофотлари топширилди. Нуфузли мукофотга сазовор бўлганлар орасида яманлик 10 яшар Нужуд Али ҳам бор.

“Дунё аёли” халқаро мукофоти матбуот вакили Нина Элленднинг Озодликка айтишича¸ бу йилги мукофот 12 аёлга берилган. Улар орасида 10 яшар Нужуд Али исмли яманлик қиз ҳам бор.

Эллендга кўра, Нужуд Алини 8 ёшида 30 яшар эркакка эрга беришган. Бир йил ўтиб, 9 ёшга кирганида Нужуд Али судга мурожаат қилган ва маҳкама қарорига мувофиқ эри билан ажрашишга муваффақ бўлган. Шу боис Алига “Жасорати учун” мукофотини беришга қарор қилинган.

- У жасоратли бўлгани учун, яъни, судга мурожаат қилиб, катта ёшдаги эркак билан бирга яшашни хоҳламаслигини айтиб, маҳкамада ажрашишга журъат қилгани учун унга “Жасорати учун” мукофоти беришга қарор қилинди, дейди Нина Эллен.

Мукофот топширилиши маросимида Нужуд Алининг ўзи иштирок эта олмади.

- Мамлакатдан учиб кетиши олдидан унинг паспортини олиб қўйишган. Биз унинг Венага келиши учун ҳужжати қайтариб берилишини сўраб Яман расмийларига мурожаат қилдик. Аммо унга парпорти қайтарилмади.

Бундан ҳамма хафа бўлди. Чунки Нужуд Алининг ушбу тантанали маросимда қатнашишини ҳамма кутаётган эди. Нужуд Али номидан мукофотни Иорданиянинг бева қироличаси Малика Нур қабул қилиб олди, деди Нина Эллен.

Нужуд Али “Дунё аёли” халқаро мукофотига сазовор бўлган биринчи мусулмон аёл эмас. Бундай мукофот 2006 йилда Покистон собиқ бош вазири Беназир Бҳуттога берилган эди.

Нина Эллендга кўра, Бҳутто суиқасд қурбони бўлганидан кейин сиёсатчи аёлларга мўлжалланган мукофот бу йилдан Беназир Бҳутто номи билан атала бошланган.

- 2006 йилда Нью Йоркда бўлиб ўтган тантанали маросимда Беназир Бҳутто “Бағрикенг Дунё” мукофотига сазовор бўлган эди. Мазкур мукофот бу йилдан бошлаб “Беназир Бҳутто номидаги Бағрикенг Дунё” мукофоти деб атала бошланди, деди Нина Элленд.

5 март кунги тантанали маросимда “”Дунё аёли” мукофоти Нужуд Алидан ташқари актриса Моника Белуччи ва Клаудия Кардинале, қўшиқчи Анастасия¸ тадбиркор Мэрилин Карлсон Нелсон ва бошқаларга берилди.

“Дунё аёли” халқаро мукофоти ўзликни англаш, гендер тенглиги, озодлик учун кураш, ижтимоий ва иқтисодий камситишнинг барча кўринишлари ва бошқа соҳаларда катта муваффақиятга эришган аёлларга берилади.

“Дунё аёли” мукофоти 2004 йилда СССРнинг собиқ президенти, Нобел мукофоти соҳиби Михаил Горбачев ва мукофот ҳайъатининг ҳозирги раиси жаноб Киндлер томонидан таъсис этилган.

“Дунё аёли” мукофотини топшириш маросимлари Венадан олдин Гамбург, Лейпциг ва Нью-Йорк шаҳарларида бўлиб ўтган эди.
XS
SM
MD
LG