Линклар

logo-print

АҚШ Россия билан ҳамкорлик истамоқда


Обама маъмуриятининг орадаги кескинликни юмшатиш ниятига қарамай¸ Лавров ва Клинтон сўзлашувларининг осон кечмаслиги тахмин қилинмоқда.

Обама маъмуриятининг орадаги кескинликни юмшатиш ниятига қарамай¸ Лавров ва Клинтон сўзлашувларининг осон кечмаслиги тахмин қилинмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 6 март куни Женевада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан¸ рақобатни шерикчиликка айлантириш ниятида¸ сўзлашув ўтказади.

Барак Обама январ ойида АҚШ президенти сифатида қасамёдга келтирилгандан буён, Россия ва АҚШ юқори мартабали расмийлари илк бор Женевада сўзлашувлар ўтказади.

АҚШ президенти Барак Обама ва унинг юқори мартабали вакиллари икки қудратли давлат ўртасидаги алоқалар қайта тикланиши лозимлигини таъкидлаш баробарида, АҚШ-Россия муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни ҳам бошлаб юбордилар.

Айнан АҚШ маъмурияти ташаббуси билан 5 март куни Брюсселда учрашган НАТО Ташқи ишлар вазирлари Россия билан олий даражадаги сўзлашувларни қайта бошлашга келишиб олдилар.

Россия-НАТО алоқалари ўтган йил август ойида Россия билан Грузия ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг тўхтатиб қўйилган эди.

Шу куни Брюсселда гапирган Россиянинг НАТОдаги элчиси Дмитрий Рогозин мазкур қарорни олқишлади.

- НАТО қарорини ижобий деб баҳолаймиз. Ўтган йил август ойида тутган позициясини ўзгартириш учун НАТО қийин йўлни босиб ўтганини тан олишимиз лозим. Ўшанда НАТО ўзига “алоқалар аввалгидай бўлмайди” деган сўзларни шиор қилиб олган эди. Мана энди бу шиорни ахлат қутисига ташлаб юборадиган фурсат келди, деди Дмитрий Рогозин.

Расмий Вашингтон Россия билан яхшиланган алоқалар АҚШ ташқи сиёсатда кўзлаëтган режаларни амалга оширишга ёрдам беришига умид билдирмоқда.

Москванинг бир қатор муҳим масалалардаги ҳамкорлиги, жумладан, Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечтириш уринишларидаги фаол иштироки юқори баҳоланмоқда.

Ҳиллари Клинтон ҳам Россия билан айрим масалаларда келишмовчилар юзага чиқиши, бироқ умумий манфаатлар йўлида Россия билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади:

- Халқаро альянс Россия билан билан боғлиқ айрим масалаларда муросага бормаслиги мумкин, шундай қилишга ҳаққи бор.Бироқ умумий манфаатлар йўлида биз Россия билан конструктив ҳамкорликни бошлаш имкониятларини кўриб чиқишимиз даркор. Бундан ташқари¸ биз Россия билан мавжуд келишмовчиликларни бартараф этишга рози бўлган ҳолда¸ ўз манфаатларимиз ва тамойилларимизда ҳам мустаҳкам туришимиз лозим, деди Ҳиллари Клинтон учрашув арафасида.

Афғонистон масаласининг ҳам Женевадаги учрашувда муҳокама этилиши кутилмоқда.

Россия НАТОнинг Афғонистондаги халқаро кучлари билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, АҚШ ноҳарбий ва расман тасдиқланмаган айрим маълумотларга кўра¸ эндиликда ҳарбий юкларини ҳам ўз ҳудуди орқали Афғонистонга транзит қилишга розилик берди.

Расмий Вашингтон Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни ҳал этишга қаратилган уринишларга Россияни ҳам жалб қилиш ниятида.

Эрон билан ядровий технологиялар соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган Россия халқаро ҳамжимиятнинг Эрон ядровий дастурини тўхтатиш уринишларида яхши ҳамкор бўлиши мумкин.

Афғонистон ва Эрон масалаларидан ташқари Клинтон ва Лавровнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементлари жойлаштиришга оид расмий Вашингтон режасини ҳам муҳокама этиши кутилмоқда.

5 март куни Брюсселда гапирган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтон Европага ўрнатилажак мудофаа тизимига содиқ қолишини таъкидлаб, бу лойиҳани амалга ошишида Россиянинг ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

Куни кеча АҚШ матбуоти президент Барак Обама феврал ойида Россия раҳбарига мактуб йўллагани, бу мактубда Обама¸ агар Россия Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришга кўмаклашса, расмий Вашингтон ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими элементларини Европага ўрнатиш режасидан воз кечиши мумкинлигини билдиргани тўғрисида хабар тарқатди.
XS
SM
MD
LG