Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:55

Мулоқот қўли чўзилди


Кузатувчилар фикрича, Эрон Клинтон хонимнинг Афғонистон муаммоларига бағишланган анжуманда қатнашиш бўйича таклифини рад этмайди.
Кузатувчилар фикрича, Эрон Клинтон хонимнинг Афғонистон муаммоларига бағишланган анжуманда қатнашиш бўйича таклифини рад этмайди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон БМТ ҳомийлигида Афғонистон бўйича халқаро анжуман ўтказишни таклиф қилди. Унга кўра, анжуманда Покистон ва эҳтимол, Эрон ҳам қатнашиши мумкин.

31 мартда ўтказилиши мўлжалланаётган мазкур анжуман Эрон билан расмий дипломатик алоқаларни қайта тиклаш йўлида Вашингтон томонидан олдинга ташланган қадам экани айтилмоқда.

- Агар биз шундай учрашув ташкил этиш билан олға қадам ташласак, Эрон Афғонистоннинг қўшниси сифатида таклиф қилиниши мумкин, деди Клинтон хоним.

Эронда 1979 йилда Исломий инқилоб амалга ошганидан бери Вашингтон ва Теҳрон ўртасида расмий алоқалар узилган эди.

АҚШ президенти Барак Обама АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсати қайта кўриб чиқилишини айтган эди.

Нидерландияда ўтиши кутилаётган анжуман ана шу тадбир доирасида Эрон ва АҚШ расмийлари ўртасидаги дастлабки юзма-юз учрашувлар ўтадиган жой сифатида кўрилмоқда.

Кейинроқ Оқ Уй, агар Эрон анжуманда қатнашса, “конструктив ечимлар ва фикрлар” билан келишига умид билдирди. Аммо Эрон ҳозирча анжуманда иштирок этишини билдирмади.

Эроннинг БМТдаги собиқ вакили Сайид Ражайи Хуросоний Озодлик радиосига берган интервьюсида Афғонистонга бағишланган анжуманда Эроннинг иштирок этишини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Менимча, Эрон Клинтон хонимнинг таклифини рад қилмайди. Чунки йиғилишда Афғонистон билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Биз Афғонистон билан чегарага эгамиз, деди Эроннинг БМТдаги собиқ вакили.

Собиқ АҚШ дипломатлари фикрича, 2001 йил Афғонистонда толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Бонн шаҳрида Афғонистон бўйича БМТ ҳомийлигида ўтказилган халқаро анжуманда Эрон конструктив рол ўйнаган.

Аҳмад Беҳзод Афғонистон парламентининг Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси. Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Беҳзод “ташқи аралашув”га барҳам бериш борасидаги музокараларда Афғонистонга қўшни давлатларнинг иштирок этиши ижобий қадам эканини айтди.

- Афсуски, Эроннинг Толибон каби гуруҳларни қўллаб-қувватлашига Афғонистон бўҳронига алоқаси бўлмаган масалалар, хусусан, Эроннинг ядровий дастури каби масалаларда АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишмовчилик сабаб, дейди афғонистонлик сиёсатчи.

Эрон Афғонистон ички ишларига аралашаётгани ҳақидаги айбловларни рад қилиб келмоқда. Теҳрон расмийлари Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан Эрон манфаатдор эканини қайта-қайта айтишган. Расмий Теҳрон Афғонистонда етиштирилган наркотиклардан энг кўп Эрон азият чекаётганини таъкидлаб келмоқда.

Айрим таҳлилчилар Афғонистон масаласи Вашингтон ва Теҳрон ўртасида мулоқот бошлаш учун яхши баҳона бўлиши ва бу Эроннинг ядровий дастури каби нозик масалани муҳокама қилишга имконият яратиши мумкин, деган фикрда.

Хабарларга кўра, Афғонистонга бағишланган анжуман 31 март куни Гаага шаҳрида бўлиб ўтади.

Афғонистонга бағишлаб ўтказилган аввалги анжуманда Эрон қатнашмаган эди. Франция Ташқи ишлар вазири Нидерландиядаги анжуманда Эрон вакиллари иштирок этишига умид билдирди.

Айни пайтда 6 март куни Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттини Теҳронга режаланган сафари қолдирилганини айтди.

Маълумотларга кўра, бунга Эроннинг Олий раҳбари Оятулло Али Ҳумайнийнинг Исроил ва АҚШ маъмурияти ҳақида айтган “қабул қилиб бўлмас” баёноти сабаб бўлган.

Фраттини ва Эрон Ташқи вазирлари учрашувида Афғонистон ва Покистонга алоқадор масалалар муҳокама этилиши кутилаётган эди.
XS
SM
MD
LG