Линклар

Мирзакорейсбой Йўлчиси

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондан келган Йўлчивойларга Мирзакорейсбой мана шундай контейнерлардан қулай уйчалар ясаб беради.

Ўзбекистондан келган Йўлчивойларга Мирзакорейсбой мана шундай контейнерлардан қулай уйчалар ясаб беради.

Замон шамоли шу кун Йўлчисини ҳатто Сибирнинг ҳам нариёғига - Кореяга олиб бориб ташлади. Аммо бу ўлка Сибирдек юракка ваҳм солмайди. У ерда ҳам хожалар бор, фақат уларнинг исми Мирзакаримбой эмас.

Ҳар хил одам бўлади.

Зил-замбилдай оғирлигидан қўшни қишлоққа бориб келганиниям беш-ўн йил мақтангувчилар бор.

Телевизорда кўриб ёқтириб қолгани учун шиппакдаёқ Янги Зеландия қайдасан, деб йўлга чиқвороврадиганлар ҳам бор.

Оилани боқиш, жой солиш, ўғил уйлаш, қиз чиқариш мажбурияти ишсиз ўзбекнинг зил-замбилдай оғирини ҳам енгил қилиб қўйди.

Ўзбек Тонгги Шабнам Юрти – Жанубий Кореяни кашф этганига анча бўлди.

Жанубий Корея – Ернинг Чети, қуруқлик бошланадиган жой.

Хоҳласангиз, қуруқлик тугайдиган жой, деб атанг. Ундан нари – сув. Сувни сузиб ўтсангиз – Ернинг орқаси – Амриқо.

Бугунги суҳбатдошимиз икки йилдан бери Тонгги Шабнам Юртида ишлаётган ўзбекистонликлардан бири.

Исмини айтмагани учун унга Йўлчи, деб исм бердик.

Иш берувчиси эса, Мирзакорейсбой бўлсин, дедик.

Йўлчининг нолегалликка элтувчи йўли

Озодлик: Сиз қачон бориб қолдингиз Кореяга? Агар мумкин бўлса¸ гапни қандай қилиб бориб қолганингиздан бошласак.

- Менинг Кореяга келганимга 2 йил бўлди.

Озодлик: Нима иш қиласиз у ерда?

- Бизнесмен бўлиб келганман.

Озодлик: Буни қандай тушуниш керак? Сиз у ерга бориб¸ ишхонангизни очдингизми?

- Йўқ. Шунақа ҳужжат қилинади ва Кореяга кирилади.

Озодлик: Ҳа¸ бизнесмен деган ҳужжат билан киргансиз.

- Ҳа. Энди ҳаммани ҳам шартнома билан киргиза олмайди-ку.

Озодлик: Ўша бизнесмен деган ҳужжат билан қанақа виза олгансиз? Визангиз неча ойлик?

- 1 ойлик. Хоҳласангиз 3 ойлик беришади. Бу таклифномага боғлиқ.

Озодлик: Сиз неча ойлик виза билан боргансиз?

- 1 ойлик виза билан кирганман. 3 ойга беришади¸ 1 ойга босишади. Аэропортда бир ойлик виза босиб беришади.

Озодлик: Кейин уни узайтиргансиз.

- Узайтирасиз. 2-3 ойгача мумкин. Ундан кейин узайтира олмайсиз. Ундан кейин у ëғи нолегал.

Озодлик: Сиз икки йилдан бери нолегалмисиз?

- Ҳа¸ нолегалмиз.

Озодлик: Демак¸ аслида шу кунда сиз Кореяда туриш¸ ишлаш¸ яшаш ҳуқуқига эга эмассиз.

- Аслида шундай. Тўппа-тўғри.

Озодлик: Лекин шунга қарамасдан ишлаяпсиз.

- Ҳа.

Корея ярим ороли Россиянинг шарқдаги қўшниси.

Чегаранинг бу тарафи қанчалик узоқ бўлмасин, ўзбек учун тушунарли: бир асрдан кўпроқ рус империяси таркибида яшаш ўз ишини қилган, Москвада бўладими, Владивостокдами, барибир, ҳар қандай ўзбек ўзини жудаям бегона ҳис қилмайди. Чегаранинг у ёғи-чи?

Шахсан мен учун Корея дегани жуда мавҳум юрт. Уни топиб боришнинг ўзи бир юмуш. Топиб боргач, юмуш топишчи?

Йўлчилар ишни қандай топади?

- Ҳар хил жойда ишлашга тўғри келади. Ҳар хил корхоналар бор. Бу қандай келишишингизга боғлиқ. Масалан, корхонада сиз ëқмай қолсангиз ëки сизга ëқмай қолса¸ кетишингиз мумкин.

Озодлик: Иш топиш жараëни қанақа бўлади?

- Иш топиш жараëни таниш-билишлар орқали бўлади. Асосан, танишларингизга телефон қиласиз. Улардан иш сўрайсиз. Уларнинг ëрдамида ишга жойлашасиз.

Ëки бўлмаса, тилни яхши ўзлаштирсангиз¸ ўзингиз иш топишингиз мумкин. Энди ҳозир Кореяда ҳам ишлар чекланиб қолган. Илгаригидай эмас.

Камина Кореяда ўзбеклар катта-катта завод-фабрикаларда ишласа керак, деган фикрда юрардим.

Йўлчидан эшитганларимни мутлақо кутмагандим.

Йўлчи Мирзакорейсбойнинг ўрдакхонасида

Озодлик: Қаерда ишлайсиз¸ нима иш қиласиз?

- Мен ишлаëтган ишхона ҳозир¸ бу ерда ўрдак боқилади. Ўзбекчасига ўрдакхона дейилади. Ўрдак боқамиз. Бу ер ëқмаса¸ қурилишга борамиз.

Озодлик: Ўша ўрдак фабрикасида ишлаëтганингизга қанча бўлди?

- Икки ойча бўлди.

Озодлик: У ерда бир ҳафтада неча кун¸ бир кунда неча соат ишлайсиз?

- Бу ненормативний иш. Эрталаб соат еттида турасиз. Шу билан ишингиз соат 10 гача¸ хоҳласангиз 11 гача давом этади.

Озодлик: Қаранг, ўрдак фабрикасида ишлар экансиз. Бир ойда неча пул топасиз?

- Бир ойда бир миллион ойлик беради.

Озодлик: Бир миллион деганингиз долларда қанча бўлади?

- Долларда ҳозир курс ошиб кетган. 650 доллар атрофида бўлади.

Озодлик: Мана, иш жойингизни билдик¸ қанча ойлик олишингизни билдик. Қаерда яшайсиз?

- Корхонанинг эгаси ўзи жой қилиб беради. Озиқ-овқатга алоҳида пул беради. 150 минг вон¸ 100 минг вон¸ ҳар хил.

Озодлик: Бу ҳалиги 1 миллиондан ташқарими?

- Ҳа¸ ундан ташқари.

Озодлик: Ўша турадиган жойингизни тасвирлаб беринг.

- Турадиган жойнинг ҳамма шароити яхши. Иложи борича шароитни қилишади. Холодильник қўйишади¸ свет узилмайди¸ кондиционер бор¸ телевизор бор¸ иситгичлар бор¸ сув бор. Сизга ҳеч қанақа муаммо қолдирмайди. Фақат ишлашингиз керак.

Озодлик: Овқатни ўзинглар пиширасизларми?

- Ҳа¸ хоҳласангиз пиширасиз. Ишхонага тегишли ошхоналар бор. У ерда 3 маҳал¸ 4 маҳал овқатланишингиз мумкин.

Озодлик: Демак¸ сиз ўрдак фабрикаси қошидаги ëтоқхонада яшайсиз.

- Ўзларининг уйи бор. Контейнер қўйиб беришади¸ ўша ерда яшайсиз.

Озодлик: У ерда сиздан ташқари яна қанча ўзбекистонлик бор?

- Жуда кўп.

Озодлик: Қанча? 10 та¸ 100 та¸ 1000 та.

- Корея бўйичами?

Озодлик: Йўқ. Ўша ëтоқхонада? Сиз ишлаëтган ўзбек фабрикасида.

- Битта ўрдакхонада ишласангиз, бир кишини ишга олади. Бир ўзингиз яшайсиз. Бир ўзингизга шароит яратиб беради.

Озодлик: Ҳа¸ сиз бир ўзингиз яшайсизми?

- Ҳа¸ бир ўзим яшайман. Икки-уч кишилик жойлар бор. Унда 2-3 киши яшайди. Икки-уч киши ишлайдиган молхоналар бор.


Демак, Йўлчи Мирзакорейсбойнинг хонадонидаги ягона ишчи. Тонг саҳардан то қаро тунгача ишлаб, бир ойда 700 доллар атрофида пул топади.

Кореядаги Гулнорлар тақдири

- Бу ерда аëллар қийналишади. Шароит оғир бўлади. Корейс тилини билмайди. Шундай вазиятга тушадики¸ ўзимизнинг ўзбеклар бирга яшашга таклиф қилишади. Бирга яшашади¸ бирга ишлашади. Зависимий қилиб қўйишади.

Аëлларга жуда қийин. Мен аëлларнинг бу ерга келишини жуда хоҳламас эдим. Ана шунақа ҳолатга тушади. Бу ерда сизни ҳеч ким меҳмон қилмайди.

Бир кун кўчада қолдингизми - тамом. Иш топмасангиз, жуда ҳам қийин. "Капиталистик давлат" дейди бу ерни¸ дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонликларнинг қийинчилиги Кореянинг капиталистик давлат эканлигидагина эмас. Қани ким айта олади, Ўзбекистонни социалистик давлат деб?

Қийинчиликларнинг асл сабаби маданиятлар тафовутидадир.

Йўлчиларга корейсларнинг муносабати

Озодлик: Сиз яшаб турган жой шаҳарми¸ қишлоқми?

- Қишлоқ жой.

Озодлик: Иш берувчиларнинг ëки сиз яшаб турган қишлоқдаги маҳаллий корейсларнинг сизларга муносабати қанақа?

- Муносабати нима десам энди¸ ҳар хил корейс бор. Ҳар хил муносабат бор. Асосан, элликка эллик бўлса керак.

Озодлик: Демак, қаердан ҳам келдинг, деб ëмон кўрадиганлари ҳам бор.

- Албатта. Одам деб ҳисобламайдиган корейслар ҳам жуда кўп. Дейлик, ўрдакни яхши кўриб¸ сизни ëмон кўриши мумкин.

Озодлик: Муносабат шу даражада денг.

- Ҳа.

Озодлик: Лекин бу ëмон муносабат агрессияга ўтиб кетмайдими?

- Йўқ¸ буларда унақа нарса йўқ. Бу Россия эмас.

Кореянинг Россияга ўхшамаслиги муҳожирларга муносабат масаласидагина эмас.


Қийинчиликларнинг асл сабаби маданиятлар тафовутида, деб боя айтдик.

Ўзбекистонлик йўлчилар корейс жамиятини ўзлари учун кашф қилаяпти. Бу жамиятнинг яхши томонини ҳам, ўзлари қабул қилолмайдиган томонини ҳам ўрганаяпти.

Йўлчини ҳайрон қолдирган Корея

Озодлик: Кореяда яшаш¸ ишлаш ҳуқуқингиз йўқлигига қарамасдан сизни ишга олишибди. Демак, иш берувчилар қонунни бузаëтган экан-да?

- Иш берувчилар қонунни бузаяпти¸ лекин иш берувчилар сизнинг маълумотингизни ҳам¸ ҳужжатингизни ҳам суриштирмайди. Сизнинг қўлингиздан иш келса бўлди¸ ишга олади.

Озодлик: Вақти-вақти билан полиция келиб “бунинг ҳужжати борми¸ йўқми?” деб текшириб турса керак.

- Ҳа. Облава ҳар доим бўлади.

Озодлик: Шунақа облава бехосдан бўладими ëки иш берувчига қаердандир хабар келиб қоладими?

- Хабар ҳам келиши мумкин. Корейс бир-бири билан келишмаса¸ бир-бирини сотиши мумкин. Ëки бўлмаса, ҳар чоракда плановий текширув бўлади. Ўшанда текширишади. Бир одамни тутиб кетган жойига қайтиб келаверади улар.

Озодлик: Сиз ҳозир Кореядан чиқиб кетсангиз, сизни қайтиб киргазмайдими?

- Йўқ. Булар унақа нарсага жуда қаттиқ туришади. Дейлик, битта телефон олмоқчисиз. Сиз агар ноқонуний одам бўлсангиз¸ сизга телефон сотишмайди. 100 миллион таклиф қилсангиз ҳам сотмайди.

Масалан, шприцларни аптекалардан олишнинг умуман иложи йўқ. Буларнинг ҳаммаси поликлиникада¸ касалхонада берилади.

Озодлик: Бу нарсани улар қонун ва полициядан қўрққани учун қиладими ëки улар зеҳнияти бошқача халқми?

- Буларнинг қонида бор. Ўзбекларга ўхшаб ҳамма нарсани сотиб юбормайди.

Озодлик: Корейсларнинг яна нимаси ëқди?

- Ишчанлиги¸ ростгўйлиги. Ëлғонни умуман гапиришмайди. Булар бир нарсани бугун қилишим керак дедими - қилади. Ярим кечаси бўлса ҳам қилиб қўйишади. Буларда “мана шу ишни эртага қолдирай” деган нарса умуман йўқ. Бир-бирини умуман алдашмайди.

Озодлик: Уларнинг нимаси ëқмади?

- Ëқмайдиган томонлари боя айтганимдай¸ чет элликларга ишлатаëрган пайтида қулдай муомалада бўлишади. Агар ишни вақтида қилмай қўйсангиз ëки унутиб қўйсангиз¸ жуда ëмон кўриб қолишади.

Озодлик: Корейс тилида анча-мунча гапиришни бошладингизми?

- Ҳа¸ озгина-озгина ўзлаштирганмиз. Корейснинг нима деяëтганини тушунаман.

Йўлчининг ўзи йўлда – Кореяда.

Лекин кўнгли уйида, оиласида, бола-чақасида, кўнгли Ватанда.

Дилининг чигалини миллатдошлари билан гурунгларда ёзади.

Йўлчининг тўлмаган кўнгли

Озодлик: Бутун Корея бўйича қанча ўзбекистонлик ҳақида гапирмоқчи эдингиз?

- Мен шуни сўрамоқчимисиз, деб ўйлабман.

Озодлик: Агар билсангиз¸ айтаверинг.

- Йўқ¸ билмайман. Ўзбеклар кўп. Ҳар хил миллат бор. Ўзбек бор¸ қирғиз бор¸ Қозоғистондан бор¸ Россиядан бор. Ҳар жойдан бор.

Озодлик: Ватанингиз Ўзбекистонни соғингандирсиз?

- Ие¸ албатта соғинамиз.

Озодлик: Ўзбекистонликлар бир-бирларингиз билан учрашиб гап-гаштак еб¸ гурунг қилиш борми ëки ҳар ким ўзи билан ўзи машғулми?

- Йўқ¸ учрашиб турамиз. Ўртоқларимизнинг олдига борамиз¸ улар келишади. Гаплашамиз¸ ҳар хил суҳбатлар бўлади.

Озодлик: Ватанга қачон қайтмоқчисиз?

- Энди кўрамиз. Ватанда кўраяпсиз-ку энг кам ойлик 30 минг¸ ўртача ойлик 70 минг¸ 60 минг¸ 50 минг. Бу билан ҳозир қозонни қайнатиб бўлмайдику. Бола-чақа дегандай.

Мен энди сизга битта нарсани айтай. Кореядаги нарх-наво Ўзбекистондаги нарх-наво билан теппа-тенг.

Озодлик: Лекин топишда фарқ катта, шунақами?

- Ие¸ осмон билан ерча фарқ бор.

Йўлчи билан 5 март куни суҳбатлашдик.

1 март куни эса мана бу хабар пайдо бўлган эди:

Ўзбекистон ва Корея миллий авиакомпаниялари ҳар иккала давлат пойтахтларига авиақатновлар сонини кўпайтириш тўғрисида келишиб олди.

Регнум ахборот агентлиги хабарига қараганда, 1 мартдан бошлаб Тошкент – Сеул ва Сеул – Тошкент йўналишларида бир ҳафтада 5 марта авиапарвоз амалга оширилади.

1 мартгача Тошкент билан Сеул ўртасида самолёт ҳафтасига 3 марта учар эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG