Линклар

Чегарада отишма бўлди


Маълумотларга кўра, 2008 йилда ўзбек-тожик чегарасида олти марта тўқнашув юз берган.

Маълумотларга кўра, 2008 йилда ўзбек-тожик чегарасида олти марта тўқнашув юз берган.

CA-NEWS ахборот агентлигининг PRESS-UZ.INFO агентлигига таянган ҳолда тарқатган хабарига кўра, 17 феврал куни тожик-ўзбек чегарасида қуролли тўқнашув рўй берган. Хабарга мувофиқ, Тожикистон чегарачилари Ўзбекистоннинг Жиззах чегара пунктидан ноқонуний ўтганлар.

Тожикистонликлар ўзбек чегарачиларига дуч келганда, уларга қарата ўт очганлар.

Қуролли тўқнашув оқибатида ўзбекистонлик чегарачи - оддий аскар Мингалиев яраланган.

17 феврал куни тожик-ўзбек чегарасида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув хақида Ўзбекистон томони Тожикистон раҳбариятига етказган. Бироқ Тожикистон томонидан ҳанузгача ҳеч қандай жавоб йўқ.

“Мазкур хабарни PRESS-UZ.INFO агентлиги нима учундир 17 кундан кундан кейин - 6 март куни чоп қилган”, дейилади CA-NEWS хабарида.

Бу маълумотга аниқлик киритиш мақсадида биз Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш Сўғд вилоят минтақавий бўлими мулозимларига қўнғироқ қилдик. Бироқ бўлим навбатчиси бундай маълумотдан бехабар эканлигини айтди.

Шундан сўнг Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси зобити, полковник Одинамамад Маликов билан боғландик, у эса бу хабарни интернетдан ўқиганини айтди.

- Хабар Интернет сайтларида чоп қилингандан сўнг бу масала бўйича текширув ишларини бошладик. Бироқ ҳозирча бу воқеа ўз тасдиғини топмади, деди Одинамамад Маликов.

Унинг сўзларига кўра, бундай хабарлар доим қўмитанинг диққат марказида бўлади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда ўзбек-тожик чегарасида бундай тўқнашувларнинг рўй бериши одат тусига кирмоқда.
Жумладан, 2007 йилнинг ноябр ойида Сурхондарёдаги чегарада тожик чегарачиси томонидан отилган ўқдан ўзбек чегарачиси ҳалок бўлганди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, вилоятнинг Зафаробод туманидаги чегара постида ўзбек чегарачиси тожикистонлик фуқарони автоматдан отиб яралади.

2008 йилда ўзбек-тожик чегарасида олти марта ана шундай тўқнашувлар юз берган.

Хўш, нега охирги пайтларда икки давлат чегарачилари ўртасидаги вазият тобора таранглашиб бормоқда?

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу, энг аввало, расмий Тошкент билан Душанбе ўртасида мавжуд совуқ муносабатларнинг ҳамон илиқлашмаётгани натижасидир.

- Дарҳақиқат, тожик-ўзбек чегарасида юзага келаётган можаролар ҳаммани ташвишга қўймоқда. Ахир бу икки республика аҳолиси бир-бирига аралашиб, қариндош-уруғ бўлиб кетган.

Лекин чегарада турганлар оддий халққа автомат ўқталганини кўриб, одам ваҳимага тушади. Мана, президентлар учрашади, вазирлар мулоқот қилади, кўплаб битимлар тузилади, лекин натижа йўқ, дейди тожикистонлик таҳлилчи Алижон Йўлдошев.

Спитамен туманида истиқомат қилувчи мустақил журналист Рашид Қўзиевнинг сўзларига кўра, чегараларда юз бераётган отишмалар илдизини раҳбарлар ўртасидаги муносабатдан қидириш керак.

- Зеро, Тожикистонда фуқаролар уруши даврида ҳам ўзбек-тожик чегараси очиқ эди. Агар раҳбарлар истаганда эди, чегаралар аллақачон олиб ташланган бўлар эди, дейди Рашид Қўзиев.

Унинг фикрича, ҳали хам кеч эмас. Тутаб турган чўғ алангага айланмасидан олдин икки давлат раҳбарлари ва ҳукуматлари музокара столи атрофига ўтириб, йиғилиб қолган барча муаммоларни яхши қўшничилик руҳида ҳал этишлари лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG