Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:16

Айбловлар тобора кескинроқ янграмоқда


Ҳафта бошида Покистонда крикет бўйича Шри-Ланка миллий терма жамоаси ўйинчиларига қуролли ҳужум уюштирилгани шундоқ ҳам таранг бўлган Покистон-Ҳиндистон муносабатларини кескинлаштирди.

Жорий йилнинг 3 март куни крикет бўйича Шри-Ланка миллий терма жамоаси ўйинчиларига қарши йигирма дақиқа давомида уюштирилган қуролли ҳужумни таҳлилчилар ва ҳатто Покистон расмийлари ўтган йил ноябрь ойида Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти ҳисобланган Мумбай шаҳрида пухта ўйлаб амалга оширилган террор ҳужумларига таққосламоқда.

Деҳли расмийлари Мумбайдаги ҳужум учун Покистонни айблаган эди. Покистондаги айрим консерватор нашрлар Лаҳордаги ҳужумга Ҳиндистон алоқадор эканини эҳтимолдан ҳоли қилмади.

Аснода Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Пранаб Мукержи 3 март кунги баёнотида:

- Покистон ҳудудидаги ёки назоратида бўлган ҳудудларда террорчилар инфратузилмаси йўқ қилинмас экан, террор ҳужуми уюштираётган жиноятчилар адолатли суд олдига олиб келинмас экан, бундай воқеалар қайтарилиши эҳтимолдан ҳоли эмас, деди.
.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирининг бу баёноти Покистон расмийлари томонидан, айниқса, Покистон парламентининг юқори палатаси Ташқи алоқалар қўмитаси томонидан кескин қабул қилинди.

- У ҳеч бўлмаса содир бўлган воқеа юзасидан афсусланиш билдириб, бу нотўғри эканини айтиши мумкин эди. У бундай қилмади. У вазиятдан фойдаланиб, Покистонга кўпроқ босим ўтказишга уринди.

Менимча, ҳамма учун умумий бўлган терроризм масаласига Ҳиндистоннинг бундай ёндошуви самимий ва жиддий эмас, деди покистонлик сенатор Мушоҳид Ҳусайн Сайид Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Покистон полицияси крикет бўйича Шри-Ланка миллий терма жамоаси ўйинчиларига қарши қуролли ҳужум уюштирганликда гумонланган тўрт шахснинг суратини намойиш қилиб, уларнинг қўлга олинишида ёрдам берганларга мукофот пули берилишини эълон қилди. Бундан ташқари, ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб шахс ушланди.

Айни пайтда, Лондондаги Чатам Хаус тадқиқот марказининг Покистон бўйича мутахассиси Фарзона Шайх Лаҳордаги ҳужум Ҳиндистон манфаатига хизмат қилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Афтидан бу минтақага салбий таъсир этади ва бу Ҳиндистоннинг Покистонга нисбатан мавқеини кучайтиради. Менимча, ҳозир Ҳиндистон хақиқатан ҳам Покистонни минтақада беқарор вазиятни вужудга келтирувчи омил сифатида кўрсатишга уринади, дейди британиялик таҳлилчи.

Фарзона Шайх Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муаммолар ва зиддиятли вазият Афғонистон ҳамда Покистон бўйича ўз сиёсатини қайта кўриб чиқаётган АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти учун камроқ танлов қолдиради, деган фикрда.

- Обама маъмурияти Покистонда бўлаётган воқеаларни хавотир билан кузатаётганига шубҳа йўқ. Боиси фақат ҳарбий стратегия бир жойда депсиниб турганида эмас, балки сиёсий режалар ҳам амалга ошмаётганида, дейди Фарзона Шайх.

Таҳлилчилар Ҳиндистон ва Покистон бир-бирини айблашни тўхтатиши минтақада экстремизмни тугатиш йўлидаги уринишларга ижобий таъсир этади, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG