Линклар

"Феодал тузумга қараб кетаяпмиз"

  • Гулнора Равшан

Тақчиллик қаршисида ноилож қолган марказий осиёликлар кўҳна замонлардан қолган омочу сув тегирмонларни ишга солиб бўлса ҳам кун ўтказишга ҳаракат қилаяптилар.

Тақчиллик қаршисида ноилож қолган марказий осиёликлар кўҳна замонлардан қолган омочу сув тегирмонларни ишга солиб бўлса ҳам кун ўтказишга ҳаракат қилаяптилар.

Тожикистондаги энергетик тақчиллик туфайли юзага келган қийинчиликлар мамлакат аҳолисини маиший муаммоларни ота-боболардан қолган эски усуллар билан ҳал қилишга ундамоқда.

Сув тегирмон Тожикистонда ҳам жуда кам учрайди. Душанбе шаҳридан анча олисда, тоғ бағридаги Фрунзе қишлоғида жойлашган бу тегирмонга 50-60 чақирим наридан одамлар буғдой орқалаб келадилар.

Шу қишлоқда яшовчи 95 ёшли Лола ота сув тегирмоннинг унидан нон ейиш учун ўтган асрнинг 90-йилларида маҳаллий ҳокимиятдан расман рухсат олганини айтади.

- Бир азоблар билан шу тегирмонни қурдим. 3 ой исполком, райисполкомларнинг кабинетига қатнадим. Мени қўллаб-қувватлаш мақсадида ёзган аризамга қишлоқдошларимдан 70 киши қўл қўйди.

Тегирмон тошини жуда қимматга бўлса ҳам олдик. Тегирмон озгина ишлаганидан кейин бизга қўшни “Рудакий тумани аҳолисига сув етишмаяпти” дейишиб, тегирмонини 6 ойга тўхтатиб қўйишди, деб эслайди Лола ота.

Аммо 1991 йили Тожикистонда бошланган фуқаролик уруши Лола ота тегирмонини яна ишга солди.

Мамлакат бозорлари ва савдо дўконларида ун ва ун маҳсулотлари тақчиллашиб қолганида Лола отанинг тош тегирмони кўпчиликни очлик даҳшатидан қутқариб қолган экан.

- Бугун мана урушдан баттар кунларда қолдик. Икки ойдан бери электр берилмаяпти. “Халққа қийин бўлмасин” деб, тегирмонни туну кун айлантираяпмиз, дейди отахон.

Лола отанинг ўртанча ўғли Раҳмон ака тегирмонда бир кунда 20 га яқин одамнинг 2-3 қоп буғдойи ун қилиб берилишини айтади. Суҳбатдошимизга кўра, бир кеча-кундузда бу тош тегирмон ўрта ҳисобда бир тоннадан ортиқ ун ишлаб чиқаради.

- Бир кунда 7-8 соат ишлаймиз. Дам олиб, яна ишлаймиз. Кўп вақтлар тунда ҳам ишлашга тўғри келади. Чунки одамлар 50-60 километр наридан умид билан шу ерга келади.

Баъзида тегирмон парраклари ишдан чиқиб, одамлар шу ерда тунаб ҳам қолишади, дейди Раҳмон ака.

Тегирмончилар узоқдан келганлар учун бир шийпон ҳам тикламоқчи бўлганлар. Лекин...

- Мижозларга шийпон қилиш учун олган шу еримни тортиб олишди ҳужжатлари расмийлаштирилганига қарамай, дейди норози оҳангда Лола ота.

Суҳбатдошларимиз тегирмончиларнинг солиқ тўлаш усули ҳам антиқа экан. Раҳмон аканинг айтишича, ҳар ой фойдаланилган сувдан солиқ олиш учун маҳаллий ҳукумат мироблари тегирмонга келиб турарканлар.

- Мироблар сув ҳақи учун ҳар ой икки қоп буғдой, баъзан ун олиб кетишади. Нақд пул олишмайди, дейди Раҳмон ака.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, солиқчилар ҳеч қачон солиқ олинганини тасдиқловчи квитанция бермаганлар.

Раҳмон акани ишдан қолдирмаслик учун унга ортиқча савол бермадик. Чунки буғдойини тезроқ ун қилиб олиш учун навбат кутиб турган кишилар анчагина эди.

Навбатда турганлардан бири Карим ота Рудакий туманидан экан. Ота бу ерга 30 чақирим йўл босиб келганини айтади.

- Ёмғир ёғаётганига қарамай, 30 километр босиб қийналиб келдим. Мажбур бўлдик - ун йўқ, свет йўқ. Магазиндан ун сотиб олиш учун пул йўқ.

Мана, республиканинг узоқ районларидан одамлар келган. Бу тегирмон бизга катта ёрдам бераяпти, дейди Карим ота.

Сув тегирмони мижозлари фрунзелик тегирмончилардан миннатдор эканларини эътироф этиш баробарида уларни узоқ йўл босиб, қийналишига сабаб бўлаётган бугунги шароитдан нолийдилар.

- Кундан-кунга қолоқлашиб кетаяпмиз. Шароитимиз қийин. Йилнинг тенг яримда светнинг йўқлиги учун буғдойни тош тегирмонда ун қиламиз. Ривожланиш ўрнига ортга - феодал тузумга қараб кетаяпмиз, дейди ўзини Аслам деб таништирган суҳбатдошимиз.

Айни пайтда сув тегирмони эгаси Лола ота тегирмонни иқтисодий ночорлик туфайли эмас, одамлар ноилож қолганидан ишлатиб турганини айтади.

- Турмуш ўз изига тушиб, бошқа тегирмонлар ишлаб кетганидан кейин бу сув тегирмони фақат оиламиз учун ишлайди, холос, дейди 95 ёшли нуроний отахон.
XS
SM
MD
LG