Линклар

Ғарб сўфийлардан умид қилмоқда

  • Ҳасанжон

Айрим сиёсатшунослар фикрича, Толибонни музокаралар доирасига олиб киришда сўфийларнинг ёрдамидан фойдаланиш керак.

Айрим сиёсатшунослар фикрича, Толибонни музокаралар доирасига олиб киришда сўфийларнинг ёрдамидан фойдаланиш керак.

Айрим мутахассислар Афғонистон жамиятида катта тaъсирга эга бўлган сўфий уламолар мамлакатда тинчлик ўрнатилиши учун салмоқли ҳисса қўша олади, деган фикрни билдирмоқдалар..

Сўфий уламоларга кўра, Афғонистон аҳолисининг 60 фоизи сўфийлик оқимига мансуб ёки сўфийлик қадриятларини ҳурмат қилади. Афғонистонда таниқли сўфий уламолар дафн қилинган жойлар аҳоли учун аллақачон муқаддас зиёратгоҳларга айланган. Сўфий уламолар эса одамлар орасида ҳурмат ва таъсирига эга.

Шу боис айрим мутахассислар уруш вайронага айлантирган Афғонистонда сўфийлар тинчлик ўрнатилишига катта хисса қўшиши мумкин, деган фикр билдирмоқда.

Ўзи сўфий бўлган таниқли афғон сиёсатчиси Саид Исҳоқ Ғийлоний Озодлик мухбири билан суҳбатда қуролли кучлар Толиблар жангариларини ҳозирга қадар енга олмаганини, исёнларга барҳам бериш учун бошқа усулларни қўллаш вақти етиб келганини айтди.

- Агар сўфийликка эътиқод қилувчилар қўллаб-қувватланса, Ислом дини номидан турли гуруҳлар содир этаётган зўравонликларнинг олдини олишда уларнинг 99,9 фоиз ёрдам бериш имконияти бор. Сўфийлар Афғонистонда тинчлик қарор топтиришни жуда хоҳлайди. Шуни таъкидламоқчиманки, Толибларнинг аксари сўфийлик ҳаракатига, айниқса, Қодирия ва Нақшбандия ҳаракатларига мансуб, -дейди Ғилоний.

Унга кўра, аслида Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ҳам ваҳобийлик оқимини қабул қилишдан олдин сўфий бўлган. Бироқ айрим мутахассислар бу иддаога қўшилмайди.

Тасаввуфчилар тинчлик тарафдори деган тушунча мавжудлигига қарамай, Афғонистондаги сўфийлар сиёсат ва ҳарбий можароларда фаол иштирок этиб келган. Афғонистоннинг яқин тарихида сўфийлар қурол олиб Совет қўшинларига қарши жиҳодда қатнашган. Айни пайтда улар Афғонистонда Ғарбдаги каби дунёвий ҳукумат бўлишига қарши.

Маъсуд Нақшбанд сўфий уламо ва совет қўшинларига қарши курашган собиқ мужоҳидлардан бири.

- Толиблар Ислом қонунларни бўрттириб талқин қилади ва бу қабул қилиб бўлмас ҳол. Улар биз айтаётганимиздан бошқача талқин қилади,- дейди Нақшбанд.

Сўнгги ойларда айрим ғарблик мутахассислар,жумладан, АҚШдаги Ran Corporation тадқиқот маркази радикал ва экстремистик гуруҳлардан ҳимоя сифатида сўфийлар қўллаб-қувватланиши кераклигини таклиф қилмоқда.

Ғийлонийнинг айтишича, Афғонистон ва Покистондаги ваҳобийларни араб давлатлари қўллаб-қувватлаётган ва молия билан таъминлаётган бир пайтда ташқи дунё сўфийларга ёрдам кўрсатаётгани йўқ.

Ғийлоний Ғарб давлатлари томонидан сўфийларга очиқдан-очиқ ёрдам кўрсатилса, Афғонистонда ҳамма уларга шубҳа билан қараш пайдо бўлади, деган ишончда.

Шу ўринда “Сўфийлар Толибларни ўз қуролларини ташлашга кўндиришга уринса, улар рози бўлиши мумкинми”, деган савол туғилади.

Толибларнинг таниқли арбоби, Нью-Йоркдаги собиқ Толиблар вакили Абдул Ҳаким Мужоҳид бу уриниб кўришга арзигулик иш эканини айтади.

- Толибон исломий ҳаракати келиб чиқиши турлича бўлган одамлардан иборат. Толиблар орасида сўфийликнинг барча оқимига қарши бўлганлар ҳам бор. Шунингдек, Толибларнинг кўпи Нақшбандий ва сўфийлининг бошқа оқимларига мансуб бўлиб, улар бу оқимларини жуда ҳурмат қилади.

Агар таъсирга эга бўлган ва билимдон одамларга имконият берилса, улар Афғонистондаги тинчлик жараёнига ёрдам беришлари мумкин,- дейди Нью-Йоркдаги собиқ толиблар вакили Абдул Ҳаким Мужоҳид.

Нақшбандий оқимига мансуб афғонистонликлар фикрича, можаронинг сиёсий ечими топилмагунча, сўфийларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш роли чекланган бўлиб қолаверади. Муаммога сиёсий ечим топиш учун сиёсий ирода керак бўлади. Бироқ Толиблар бунга хоҳиш билдираётгани йўқ.

Агар муаммонинг сиёсий ечимини топишда сўфийлар Толибларни сулҳ музокаралари столи олдига олиб келишга ёрдам берса, уларнинг таъсири анча ортиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG