Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

АҚШ базаси қолиши мумкин


АҚШ учун ой сайин Афғонистонга 15 минг ҳарбий олиб ўтилучи Манас ҳарбий базасини сақлаб қолиш жуда муҳим.
АҚШ учун ой сайин Афғонистонга 15 минг ҳарбий олиб ўтилучи Манас ҳарбий базасини сақлаб қолиш жуда муҳим.

АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистонда сақлаб қолиш имконияти бор ва бу масаланинг ҳал этилиши Вашингтон расмий Бишкек талабларига қандай жавоб беришига боғлиқдир.Бу ҳақда ўтган ҳафтада Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев маълум қилди.

Президент Бакиевнинг айтишича, агар Вашингтон базани сақлаб қолиш борасида ўз таклифларини расман билдирса, Бишкек музокаралардан бош тортмайди.

-Ҳозир бу борада музокаралар олиб борилмаяпти. Бироқ эшик очиқ эканини, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида АҚШ таклиф этаётган таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканимизни айтмоқчиман. Бизнинг ҳамкорлигимиз қандай форматда ва шаклда бўлши музокаралар давомида аниқланади, -деди Қурмонбек Бакиев.

Унинг айтишича, АҚШ базасини Қирғизистондан чиқариш тўғрисида парламент томонидан қабул қилинган қонун қайта кўриб чиқилмайди. Агар база масаласида музокаралар бошланадиган бўлса, у янги шартлар ва талаблар доирасида ўтказилади.
Шунингдек, президент Бакиев АҚШ базасини чиқариш тўғрисидаги қарор Россия босими билан қабул қилинди, деб билдирилаётган фикрлар хато эканини айтди:
-Қарорни биз ўзимиз қабул қилганмиз ва уни Россия билан боғлаш нотўғри. Шароит мана шуни тақозо қилиб қолди.
Москвага борганимда матбуот анжумани пайти бир журналист АҚШ базаси тақдири ҳақида савол бериб қолди. Мен бу саволга жавоб бердим. Агар бу савол берилмаганида эди, мен Москвада АҚШ базаси ҳақида мутлақо гапирмаган бўлардим,-деди Бакиев.

Қирғизистон президенти АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилиши ҳақида 3 феврал куни Москвага қилган сафари чоғида билдирган эди. Ўша куни Россия ҳукумати Қирғизистонга 2 миллиард 150 миллион доллар миқдорида моддий кўмак берилиши ҳақида қарор қабул қилган. Бу маблағнинг 1 миллиард 700 миллион доллари Қамбарота ГЭСи қурилиши учун ажартилган.
Маҳаллий ва халқаро кузатувчилар шундан келиб чиққан ҳолда АҚШ базасини Қирғизистондан чиқариш масаласи Россия босими остида қабул қилинган, деб фикр билдирган эдилар.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов фикрича, мамлакатдан АҚШ базасини чиқариш қарори қабул қилинганидан сўнг бу базани сақлаб қолиш мумкинлиги тўғрисидаги баёнотлар расмий Бишкекнинг иккиюзлама сиёсат олиб бораётгани далилидир.
-Қирғизистонда ички сиёсат ҳам, ташқи сиёсат ҳам барқарор эмас. Буни мақсадсиз сиёсат сифатида қабул қилиш керак. Шунинг учун ҳам Қирғизистон бир неча ой ичида халқаро майдондаги обрўсини тушириб юборди,-деди Мирослав Ниёзов.

Бироқ парламент депутати Рашид Тоғаев бундай фикрга қўшилмайди:

- Буни ҳаёт дейдилар. Унинг паст ва баланди, ўнг ва чап томонга кетган йўллари бор. Катта сиёсат ҳаётга мослашган тарзда ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам президент Бакиев сўзларини иккиюзламачилик эмас, реал сиёсат сифатида баҳолашимиз керак,-деди Рашид Тоғаев.

Халқаро матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, АҚШ ҳарбий базасни Бишкекда қолдириш юзасидан чора-тадбирлар кўра бошлаган.

Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси орқали ҳар ойда аксилтеррор кучларнинг 15 минг нафар ҳарбийси Афғонистонга олиб ўтилар эди.
XS
SM
MD
LG