Линклар

logo-print

"Ҳизбчи"лар исканжада

  • Шерзод

Шу кунларда Ўшдаги суд бинолари олдида Ҳизбут-Таҳрирчиларнинг қариндош-уруғларини деярли ҳар куни учратиш мумкин.

Шу кунларда Ўшдаги суд бинолари олдида Ҳизбут-Таҳрирчиларнинг қариндош-уруғларини деярли ҳар куни учратиш мумкин.

Кейинги кунларда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир гуруҳи аъзоларига қарши амалиëтлар кўламини кенгайтирмоқда.

Ўзган туманида истиқомат қилувчи Азизбек Анорбоевнинг уйида ўтказилган тинтув натижасиз тугади. Ички ишлар ходимлари Ҳизбут-таҳрирга аъзоликда гумон қиланаётган бу шахс уйидан ҳеч қандай ашёвий далиллар топа олмай, қуруқ қўл билан қайтаётган эдилар.

Шу аснода қўшни хона мўрисидан чиқаётган тутун улар эътиборини тортган. Бу хона текширилганида¸ расмийларга кўра¸ Ҳизбут –Таҳрир партиясига тегишли бўлган варақа ва адабиётларни ўчоқда ёқиб юбормоқчи бўлаëтган Азизбек Анорбаевнинг турмуш ўртоғи тўхтатиб қолинган.

- Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси 9- бўлим оператив ходимлари ҳамда Ўзган туман ички ишлар бошқармаси вакиллари туман худудида олинган оператив маълумотлар асосида диний-экстремистик оқимларга қарши махсус амалиётлар ўтказди.

Амалиётлар чоғида туманда истиқомат қилувчи уч фуқаронинг уйидан диний экстремистик оқимларга тегишли 182 дона DVD диск ва 71 дона адабиёт топилди. Айни пайтда¸ қўлга олинган шахслар устидан тергов ишлари олиб борилмоқда, деди Ўзган туман ички ишлар бўлими расмийси Курсант Асанов.

Қирғиз милицияси тарқатган маълумотга кўра, республика бўйлаб ўтказилаётган махсус амалиёт пайтида сўнгги ойда ўнга яқин ҳизбчи қўлга олинган.

Ички ишлар бошқармаси расмийлари, бу каби махсус амалиётларнинг Новқат воқеалари такрорланмаслиги олдини олиш мақсадида ўтказилаëтганини даъво қилмоқда.

2008 йилнинг 1 октябр куни Ҳайит байрамининг марказий майдонда нишонланишига рухсат берилмагач, диндорлар Новқат туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилган эдилар.

Натижада тартибсизликларда иштирок этган 31 нафар одам қўлга олиниб, улар 9 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмида уларнинг Ҳизбут-Таҳрир аъзолари экани таъкидланади.

Бироқ мазкур партия аъзолари бу тартибсизликларда уларнинг иштироки бўлмаганини айтиб келадилар. Уларга кўра, Ҳизбут – Таҳрир Қирғизистондаги нотинчликлардан манфаатдор эмас.

- Сиёсий дестаблизация Ҳизбут – Таҳрир фойдасига ишламайди. Биз нотинчликлардан ўз фойдасига фойдаланадиган даражадаги заиф ташкилот эмасмиз.

Агар биз нотинчликдан фойдаланадиган бўлсак, шу орада ўзимизни кўрсатар эдик. Ҳукумат ўйлаганидек, Ҳизбут –Таҳрир Қирғизистонга таҳдид солмайди, дейди Ҳизбут –Таҳрир фаоли Айюбхон.

Ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов эса¸ ҳуқуқ -тартибот ходимлари ва Ҳизбут –Таҳрир ўртасидаги “сичқон - мушук” ўйинидан ҳар иккала тараф ҳам манфаатдор, деб ҳисоблайди.

- Ҳуқуқ-тартибот ходимлари, мутахассислар томонидан Ҳизбут –Таҳрир тарихи ўрганилмаяпти, унинг келиб чиқиши, бизнинг жамиятимизда нима учун тарафдорларга эга бўлгани ва нима учун ҳозирда аниқ бир муваффақиятларга эришганини ўрганиш, бу партияни қандай йўл билан даф қилиш мумкин, унга қандай тўсиқлар қўйилиши мумкин, деган масалалар ҳалигача илмий асосга қўйилган эмас.

Демак кимларгадир, давлат тарафидагиларга ҳам, ҳизбчиларга хам мана шу ҳозирги жараён жуда қулай, шекилли.

Ҳизбут –Таҳрир ўз фаолияти самарали бўлаётганини кўрсатиш учун, албатта, ҳукуматнинг таъқибларидан фойдаланади, жабрдийда сифатида жамиятда ҳайрихоҳлар топади. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари эса уларни таъқиб қилиш жараёнида ўз шахсий иқтисодий манфатлари доирасида ҳаракат қиладилар, деди Ғанижон Холматов.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тарқатган расмий маълумотларда айтилишича, бугунги кунда мамлакат ҳудудида Ҳизбут –Таҳрирнинг 15 мингга яқин аъзоси бор экани аниқланган.
XS
SM
MD
LG