Линклар

Диндорлик сарҳади ҳукумат қўлида

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда қабул қилинган "Дин тўғрисида"ги янги қонунга мувофиқ, бу мамлакатга чет ўлкалардан диний адабиётлар олиб кириш таъқиқланди.

Тожикистонда қабул қилинган "Дин тўғрисида"ги янги қонунга мувофиқ, бу мамлакатга чет ўлкалардан диний адабиётлар олиб кириш таъқиқланди.

Тожикистон парламенти қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунда ўрнатилган кўплаб чекловлар орасида¸ мусулмонларни бошқа динга даъват этишни таъқиқлаш ҳам бор.

Тожикистон Маданият вазири Мирзошоҳрух Асрорий янги қонун замон талабларига мос ва мукаммал эканини маълум қилди.

Унга кўра, янги қонунда диний ташкилотлар тузилиши ва улар фаолиятини назорат қилиш ҳукумат идоралари ваколатига берилган. Шу билан бирга, ҳукумат идоралари мамлакат ҳудудига диний мазмундаги адабиётлар олиб кирилишини ҳам тартибга солади.

- Қонун лойиҳаси дебоча ва 36 моддани ўз ичига олган 8 бобдан иборат. Эски қонун эса дебочасиз ва 31 модда, 6 бобдан иборат эди.
Декларация мазмунидаги дебочада янги қонун қабул қилишнинг ҳуқуқий заминалари, асосий сабаблари ёритилган бўлиб, Тожикистоннинг дунёвий ва демократик давлат экани ҳамда ҳар бир фуқаро ҳуқуқлари, диний эркинликлари қонун асосида ҳимояланиши айтилади, деди Тожикистон Маданият вазири Асрорий.

Маданият вазирига кўра, дебочада ҳанафий мазҳабига махсус эътибор қаратилган.

-Аммо бундан ҳанафий мазҳаби Тожикистондаги расмий ва ҳукмрон мазҳаб, деган хулосага келмаслик керак.

Тожикистон аҳолисининг 90 фоиздан ортиғроғи мана шу мазҳабга мансуб экани назарга олинган ҳолда, шундай модда киритилган. холос, дейди мазкур вазирликнинг дин ишлари бўйича масъули Сайидбек Маҳмадуллоев.

Айни пайтда¸ парламент вакили Жумабой Сангинов янги қонун бошқа динларга даъватни таъқиқлашини билдиради.

- МДҲ давлатларининг барчасида, жумладан, Тожикистонда 90 -йиллардан сўнг ўзга динларга даъват ёки празеретеризм кузатиларди.

Шуни назарга олган ҳолда, қонун лойиҳасининг 4 моддаси 9 қисмида, фуқаролар ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш мақсадида, ўзга динга даъват ман қилинади. Бундай модда МДҲнинг бошқа давлатлари қонунчилигида ҳам кузатилади, дейди Сангинов.

Тожикистон мустақиллигининг 18 йили давомида 3 мингдан ортиқ фуқаро ўзга динларни қабул қилганини таъкидлайди¸ парламент вакили.

Янги қонунга кўра, бундан сўнг Тожикистонда балоғат ёшига етмаган болалар ва ўсмирларга диний таълим бериш лицензия асосида амалга оширилади.

- Бундан сўнг фақат марказий масжидда ташкил этилган ўқув гуруҳларигагина диний таълим олиш имкони берилади. Аммо бу таълим лицензия асосида амалга оширилиш шарт.

Шунинг билан бирга, талабаларга Тожикистон Таълим вазирлиги белгилаган шароит яратиб берилиши зарур.

Яъни талабалар гиламлар устида эмас, балки парталарда ўтириб дарс олишлари шарт, дейди Маданият вазирлигининг дин ишлари бўйича масъули Сайидбек Маҳмадуллоев.

Тожикистонлик айрим кузатувчилар дин тўғрисидаги янги қонун диндорлар ҳуқуқларини чегаралаб қўйганини айтадилар.

- Ҳукумат томонидан таклиф этилиб, роса икки йил мобайнида турли мунозараларга сабаб бўлган бу янги қонун тожикистонлик мусулмонлар диний эркинликларини кўп жиҳатлари билан чеклаб қўяди, деган ишончда таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

Бундан бир йил аввал Тожикистон Ислом уйғониш партияси ҳам парламентга “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун”нинг муқобил лойиҳасини таклиф этган эди.

Аммо парламент депутатлари Тожикистон президенти ижроия девони бу муқобил лойИҳа ҳақида салбий хулоса бергани ва шунинг учун ҳам уни тасдиқлай олмасликларини билдирган эдилар.
XS
SM
MD
LG