Линклар

Сирлар қамоқхонаси

  • Сарвар Усмон

Тиканли симнинг ортидаги емиш ëвғон шўрва бўладими ëхуд ëғли палов¸ қамоқ ҳаëтининг озодликдагидан фарқ қилувчи умумий қонун-қоидалари бор ва афтидан у собиқ мансабдорга ҳам¸ кўчаки безорига ҳам бирдек тааллуқли.

Тиканли симнинг ортидаги емиш ëвғон шўрва бўладими ëхуд ëғли палов¸ қамоқ ҳаëтининг озодликдагидан фарқ қилувчи умумий қонун-қоидалари бор ва афтидан у собиқ мансабдорга ҳам¸ кўчаки безорига ҳам бирдек тааллуқли.

Озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик давлат амалдорлари учун Тошкентда янги қамоқхона қурилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ даги манбага таянган ҳолда uznews.net сайти хабар тарқатди.

Айтилишича, янги қамоқхонада бир вақтнинг ўзида 150 нафаргача маҳбус сақлаш мумкин.

Махсус қамоқхона тўғрисидаги хабар юзасидан Ўзбекистон республикаси Жазони ижро этиш бош бошқармасига қўнғироқ қилдик.

Бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими бу ҳақда ҳеч нима билмаслигини айтиш билан чекланди.

Аслида www.uznews.net сайти хабари янги гап эмас.

Тошкентда янги қамоқхона қурилаётгани тўғрисида Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ўтган йили хабар қилган эди.

9 март куни жаноб Икромов биз билан суҳбатда янги қамоқхонанинг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳудудида қурилганини, уни бир йил олдин шахсан ўзи кўрганини айтиб берди.

- Мен ўша жойнинг атрофининг ҳаммасини айланиб келдим. Ўша янги қурилган пайти эди. Лекин ўша пайтда ичида одам йўқ эди¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромов бир йил аввал кўргани муассасани тасвирлар экан:

- Девори баланд. Иморатлари кўриниб турибди. Менимча ҳаммаси 3 қаватли. Иккитами учта. Катта уй деб бўлмайди¸ лекин иккитаси 3 қаватли¸ биттаси 2 қаватли уй¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромов фикрича, Юнусободда қурилган қамоқхона шу кунларда фойдаланишга топширилган ва бу ҳақдаги хабар ортида мана шу воқеа ётган бўлиши мумкин.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, озодликдан маҳрум қилинган милиция ходимлари азалдан бошқа аристонлардан айри сақланади, бироқ давлат амалдорлари учун бундай "имтиёз" қонунда белгиланмаган.

Озодлик: Озодликдан маҳрум қилинган давлат амалдорларини турмада сақлаш тартиби қонунда белгилаб қўйилганми ëки йўқми?

Руҳиддин Комилов: Йўқ¸ улар умумий асосларда сақланади.

Озодлик: Демак¸ уларни алоҳида сақлаш назарда тутилмаган.

Руҳиддин Комилов: Йўқ¸ ҳеч кимни¸ шу жумладан давлат амалдорларини ҳам алоҳида сақлаш назарда тутилмаган. Лекин ички ишлар ва муҳофаза қилиш органлари учун алоҳида зоналар мавжуд.

Адвокат Комиловнинг айтишича, Юнусободдаги иморат жазони ижро этиш муассасаси эмас, балки МХХнинг тергов ҳибсхонаси бўлиши мумкин.

Демак, ички ишларнинг собиқ ходимлари учун махсус "қизил зоналар" мавжуд, собиқ амалдорлар учун эса, бундай зоналар назарда тутилмаган.

Лекин Суръат Икромов, баъзи юқори лавозимли давлат амалдорларига узоқ муддатли қамоқ жазоси шартли берилгани¸ давлатнинг уларни оддий жиноятчилар орасига қўшиб юборишни истамаганидан бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

- Мисол учун собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовга 20 йил муддатга шартли жазо берилганлиги тўғрисида ахборот чиққан. Биз нимага бунақа катта муддатда шартли жазо берилаяпти¸ деб ўрганганмиз. Чунки қонунда бунақа катта муддатда шартли жазо бериш йўқ.

Шунда шу нарса бизларга маълум бўлдики¸ буларга муддат ажратилса¸ буларни қайсидир колонияга олиб бориши керак. Шунинг учун булар тез орада шу қамоқхонани қура бошлаган¸ дейди Суръат Икромов.

Демак, Суръат Икромовнинг фикрича, юқори лавозимли давлат амалдорлари биладиган сирларни сақлаш учун махсус қамоқхона қуриш зарурати пайдо бўлган.

Қамоқхона махсус бўладими, одатийми – барибир қамоқхона.

Бироқ маҳбусдан маҳбуснинг фарқи бор. Озодликнинг собиқ мухбири Носир Зокир 90-инчи йиллар бошларида қамалганида машҳур Мавлон Умурзоқов билан битта камерада ўтирган эди.

Носир Зокир: 1993 йил 27 ноябрда мен қамалган бўлсам¸ 1994 йил август ойида менинг судим бўлди. Сентябр ойида мени Ўзбекистон ИИВнинг подвалига олиб тушишди. Ўша ерда 17 - камерада ўтирганман.

Мен ўша пайтда Ўзбекистон республикаси давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Мавлон Умурзоқов билан бирга бир ҳафта ўтирганман. Жиноят кодексининг 17 та моддаси бўйича у кишининг устидан жиноий иш қўзғатилган экан.

Озодлик: У киши ўтирган шароит бошқа аристонларнинг шароитидан фарқ қилармиди?

Носир Зокир: Фарқ қиларди. Масалан¸ ўтирган аристонларга филтрли сигарет¸ ëғли овқатлар¸ гўштли овқатлар кириши умуман мумкин эмас. Лекин мен Мавлон Умурзоқовнинг олдига кирганимда гўштлар¸ қовурилган ëғларни кўрганман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG