Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:16

Ўқилиб¸ уқилмайдиган ҳисобот


Матбуот эркинлигига жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим омили деб қарайдиган АҚШ Давлат департаменти¸ ўз йиллик ҳисоботларида бу жабҳага алоҳида эътибор қаратиб келади.
Матбуот эркинлигига жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим омили деб қарайдиган АҚШ Давлат департаменти¸ ўз йиллик ҳисоботларида бу жабҳага алоҳида эътибор қаратиб келади.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократия вазиятига оид йиллик ҳисоботида мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлигининг тобора бўғилаëтгани манзараси ўз аксини топди.

Мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини бўғаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган навбатдаги кескин танқидлар АҚШ Давлат департаментидан янгради.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига оид АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, ўтган йил давомида ҳукумат сўз эркинлигини қаттиқ чеклаб келди.

Мамлакат хавфсизлик кучлари эса журналистларни таъқиб этиш ва таҳқирлашда¸ улар фаолиятини таъқиқлашда давом этди.

Мамлакатнинг телевидениедан тортиб интернетгача бўлган оммавий ахборот воситаларининг барча турлари ҳукуматнинг кучли назоратига олинган.

Бу АҚШ Давлат департаментининг қуруқ даъволари эмас. Ҳукуматга қарата айтилган ҳар бир танқидни Давлат департаментининг таҳлилчилари конкрет фактлар билан тасдиқлайди.

Йил давомида йиғилган бу фактлар¸ ҳатто мамлакатда сўз эркинлигини мунтазам равишда кузатиб келаётган “Тўртинчи ҳокимият” дастурига ҳам номаълум бўлганини эътироф этишимиз керак.

Мисол учун ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий журналистларга хориж элчихоналар томонидан ўтказилган айрим тадбирларни ёритишни таъқиқлаган.

Ёки бўлмаса, ҳужжатдан маълум бўлишича, хориж дипломатлари билан алоқада бўлган давлат медиа вакилларига босим ўтказилган, АҚШ ва Европада малакасини ошириб келган журналистларнинг айримлари ишдан ҳайдалган.

Маҳаллий телестанциялар устидан тўлиқ назоратни ўрнатиш мақсадида ҳукумат уларни Электон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси таркибига қўшиб олди. Қўшилишни истамаган телестанцияларда эса¸ турли текширувлар ўтказилди¸ айримларининг лицензиялари тортиб олинди.

Таниқли журналист¸ собиқ дипломат Алишер Таксанов бундай танқидлар ҳукумат эътиборини четлаб ўтмаслигини айтади. Бироқ ҳукумат уларни бартараф этиш учун ижобий қадамлар қўйишга ожиз¸ дейди у.

- Биласизми¸ русларда бир ибора бор. Васька эшитади¸ лекин овқатини еяверади. Тўғри¸ Ўзбекистон жуда синчковлик билан Ғарбда ва айниқса етакчи давлатларда ўзи ҳақида айтилаётган барча баёнотларни кузатиб боради.

Лекин бу давлатларнинг Ўзбекистон ички ишларига аралашиш имконияти ва истаги йўқлигини англаган ҳолда ўз сиёсатини давом эттирмоқда. Ўз ҳудудида АҚШ ва Россияни бир-бирига қарши қўйиб келаётган Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қўшстандартли сиёсатини олиб бораверади¸ дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлигига оид баёнотлар ва ҳисоботларни кузатар экансиз, ҳукумат мустақил журналистларнинг кислородини аллақон ёпиб бўлганини ҳис этасиз. Бироқ оммавий ахборот воситаларини мутлақ бошқаришнинг чек-чегараси борми? Бошланган бу жараён ўз интиҳосига эгами?

Яна Алишер Таксанов гапиради.

- Эркинликни тўлиқ назорат остига олиш имконсиздир. Улар одамларнинг ўй-фикрлари ва сўзини назорат қилишга ҳаракат қилаверади, бироқ охир-оқибат бунинг имкони йўқ.

Расмий ва норасмий матбуот бўлмаса¸ унинг ўрнини бозор эгаллайди. Ҳукумат одамларнинг оғзига қулф қўйиш учун бозорларни ёпмайдику.

Эркин фикрни чеклаш осмондаги барча юлдузларни санашга ҳаракат қилишга ўхшайди, бунга қанчалик ҳаракат қилинмасин, қанча маблағ ажратилмасин бу уринишлар барбод бўлишга маҳкумдир¸ дейди Алишер Таксанов.
XS
SM
MD
LG