Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:01

Обама таъқиқни бекор қилди


Президент Обама навбатдаги буйруққа қўл қўйиш орқали¸ Жорж Буш бошлаган яна бир жараëнни терсига айлантирди.
Президент Обама навбатдаги буйруққа қўл қўйиш орқали¸ Жорж Буш бошлаган яна бир жараëнни терсига айлантирди.

АҚШ президенти Барак Обама 9 март куни эмбрион ҳужайраларини тадқиқ қилиш ишларининг давлат томонидан молиялаштирилишига рухсат берувчи фармонни имзолади.

Обама қарори унинг ўз салафи Жорж Буш томонидан жорий қилинган таъқиқни бекор қилди.

Эмбрион ёки муртак ҳужайралари оғир касалликларга даво бўла олишига ишонган шифокор-олимлар ва беморларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Обаманинг қарорини олқиш билан кутиб олди.

АҚШ президенти ўз қарорини душанба кунги маросимда эълон қилди.

- Мен ҳозир имзолайдиганим буйруқ билан кўплаб олим ва тадқиқотчилар, шифокор ва кашфиётчилар ҳамда беморлар ва касалликлардан вафот этганлар кейинги саккиз йилдан бери умид қилиб келган ва курашиб келган ўзгаришни ясаймиз.

Биз эмбрион ҳужайраларини тадқиқ қилиш ишларининг ҳукумат томонидан молиялаштирилишини таъқиқловчи қонунни бекор қиламиз.

Бу билан бир кун келиб бу тадқиқотлар олиб келадиган кашфиётларда Америка етакчилик қилишини ўз олдимизга мақсад қиламиз, деди Обама.

Эмбрион ёки муртак ҳужайралари “асос ҳужайралар” бўлиб, одам танасидаги ҳар қандай ҳужайрага айлантирилиши мумкин. Олимлар бу ҳужайралардан ясалган тўқималарни оғир дардлар, масалан, диабет, Альцҳаймер ва Паркинсон касаллиги билан оғриган беморларни даволашда ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайди.

“Муртак ҳужайралардан олинган тўқималар билан бир кун келиб умуртқа поғонаси лат еб, шол бўлиб қолган беморларни ҳам даволш имконлари бўлиши мумкин”, дейди мутахассислар.

Буш даврида жорий қилинган таъқиқ аҳлоқий сабабларга асосланган эди. Унинг тарафдорлари олимлар лаборатория шароитида ҳомилани яратиб, ундан керакли ҳужайраларни олиб бўлгач, уч-тўрт кунлик муртакни йўқ қилиш ахлоқий жиҳатдан нотўғри, деб ҳисоблаган.

Обама бундай ёндошувни “илм-фан билан ахлоқий қадриятлар ўртасидаги сунъий танлов”, дея танқид қилди.

- Кейинги йилларда, одам ҳужайраларига оид тадқиқотлар масаласида ҳукуматимиз кашифиётларни рағбатлантириш ўрнига, менинг назаримда, илм-фан ва ахлоқий қадриятлар ўртасида сунъий танловни тарғиб қилиб келди.

Менимча, бу икки тушунча бир-бирига зид бўлмаслиги лозим. Мен имонли бир киши сифатида бир-биримиз ҳақимизда қайғуришимиз ва одамлар оғирини енгил қилишимиз керак, деб ҳисоблайман.

Мен бизда бундай тадқиқотларни ўтказиш учун имкон ва ирода борлиги ҳамда бунга масъулият билан ёндошиш учун инсонийлик ва диёнат борлигига ишонаман, деди Барак Обама.
XS
SM
MD
LG